Ўзбекистон | 08:32 / 25.02.2019
8915
2 дақиқада ўқилади

Полковник Акромхон Бобохонов «Будапешт жараёни»нинг вазирлар конференциясида иштирок этди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Акромхон Бобохонов бошчилигидаги делегация шу йилнинг 19-21 февраль кунлари Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Будапешт жараёни”нинг 6-чи вазирлар конференциясида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, конференцияда миграция соҳасида фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар ҳамда Осиё, Европа ва Африка қитъаларидан 49 та давлатнинг тегишли вазирлик раҳбарлари ва вакиллари қатнашган.

Будапешт жараёни бу – миграцияни тартибга солувчи комплекс ва барқарор тизимларни ривожлантиришга қаратилган элликдан зиёд давлат ва ўндан ортиқ халқаро ташкилотлардан ташкил топган маслаҳат форумидир. Мазкур форум миграция, қочқинлар, визалар, одам савдоси ва қочоқларни қайтариш масалалари бўйича энг яхши ҳаракатлар ва кўникмаларни тарқатиш учун ташкил этилган.

Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ички ишлар вазирининг ўринбосари А.Бобохонов иштирокчиларни Ўзбекистонда миграция соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шунингдек, А.Бобохонов бугунги кунда мамлакатда миграция жараёнларини тартибга солиш ва қоидаларни соддалаштириш, хорижий фуқароларни қабул қилиш бўйича сезиларли саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси президентининг миграция ва у билан боғлиқ бўлган соҳаларга тааллуқли 10 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинганлиги, президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда кўп йиллар давомида тўпланган, кўплаб ҳал этилмаган муаммоларни ечишга қаратилган фаол минтақавий сиёсати, шубҳасиз, Марказий Осиёда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам беришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбир якунида иштирокчилар, конференция томонларнинг манфаатли музокаралари муҳитида ўтказилганлигини ва улар келгусида самарали ҳамкорликка пухта замин яратишини таъкидладилар, дейилади хабарда.

Мавзуга оид