20:32 / 06.03.2019
79668

Олимлар одамлар ўлим олдидан қандай тушлар кўришларини аниқлашди

АҚШнинг Буффало шаҳридаги ҳоспис ва паллатив ёрдам маркази тиббиётчилари ўн йиллик тадқиқотни якунлаб, сирли янгиликни очишга муваффақ бўлишди, деб ёзмоқда «Популярная механика».

Клиник ўлимни, яъни ҳаёт ва биологик ўлим орасидаги ортга қайтарса бўладиган ўтиш босқичини бошидан кечирган одамлар ғалати кечинмалар ҳақида ҳикоя қилишади. Кўпинча уларнинг кўз ўнгидан бутун ҳаётлари ўтиб кетади, шундан сўнг улар тим қоронғи туннелда пайдо бўлишади ва у ёрқин ёғду билан тугайди, айримлар эса аллақачон ўлиб кетган яқинларини учратишади.

Кристофер Керр бошчилигида олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, ўлимидан уч ҳафта аввал одамлар мазмунан бир хил ғалати тушлар кўра бошлашади. Кейинчалик вафот этган 13 мингдан зиёд беморларни кузатган мутахассислар 88 фоиз кишилар ўлими олдидан ўта ёрқин тушлар кўришини аниқлашган.

Вафот этган беморларнинг ўлими олдидан тасвирлаб беришларича, 72 фоиз ҳолатда улар аллақачон ўлиб кетган қариндошлари ва дўстлари билан гаплашишган ва жуда илиқ таассуротларга эга бўлишган. Беморларнинг 59 фоизи ўзларининг сўнгги тушларида жомадонларини йиғиштириб, чипта харид қилишган — хуллас, қаёққадир сўнгги йўлга отланишган. Айримлар поездга чиқишган ёки самолётда учишган, уларга аллақачонлар ўлиб кетган яқинлари ҳамроҳлик қилишган ва улар хурсандчилик билан мулоқотда бўлишган.

Беморларнинг 29 фоизи эса тушларида фақат тирик қариндошлари ва дўстларини кўришган. 28 фоиз кишилар ўлимолди тушларида ҳаётидаги ёрқин из қолдирган у ёки бу воқеаларни қайтадан гавдалантиришган. Фақат ўлим билан олишаётган болаларда истисно рўй берган: уларга кўпинча ўзларининг ўлиб кетган уй ҳайвонлари кўринган. Шунингдек, ёши катта инсонлар ҳам тушга кирган, лекин ёш болалар уларни яхши эслаб қолишолмаган.

Сирли тушлар ўлимдан 10-11 ҳафта илгари кўрила бошланади, 3 ҳафта илгари уларнинг сони кўпаяди, тушлар ёрқинлаша боради. Афсуски, бу феноменни Кристофер Керр ва унинг жамоаси тушунтириб бера олмаган. Балким ўлим олдидан бош мияда қандайдир ўзгаришлар рўй бера бошлар ва бундай тушларга шароит яратар. Шуниси аниқки, бундай тушлар инсонни тинчлантиради ва жуда яқин қолган ўлим олдидан уларнинг қўрқувини пасайтиради.

Top