«Навбаҳор» - «Қўқон-1912» ўйини нега айнан Тошкентга кўчирилганди?
10 март куни Ўзбекистон Суперлигаси 1-туридан ўрин олган «Навбаҳор» ҳамда «Қўқон-1912» ўйини Тошкентда ўтказилди. Чунки Намангандаги стадион мавсумга тайёр эмасди. Аввалига водийнинг икки жамоаси учрашуви Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтказилиши айтилганди.
Тошкентдан Наманганга қайтишда, 11 мартга ўтар кечаси «Навбаҳор» мухлислари бўлган «Нексия» автомашинаси ҳалокатга учради. Оқибатда икки мухлис воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 3 мухлис оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Айни вақтда уларнинг бири ўзига келгани ҳақида маълумот бор. Бундан ташқари, «Нексия»га қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган ва тўқнашувнинг иккинчи иштирокчиси бўлган «Дамас» автоуловида ҳам йўловчилар бўлган ва улар орасида ҳам қурбонлар борлиги айтилмоқда. Лекин бу борада ҳозирча расмий маълумот йўқ.
Шу ўринда «Ўйин нега айнан Тошкентга кўчирилди?» деган савол мухлисларни қизиқтиради. Асосий сабаб тушунарли, ҳали Намангандаги стадион мавсумга тайёр эмас. Ўйинни Қўқонга ҳам кўчириб бўлмасди, чунки «Қўқон-1912» ҳам ҳали стадионни тайёр ҳолатга келтирмаган. Шу сабабли, жамоалар нейтрал майдонда ўйнашга мажбур бўлишди ва бундай майдон сифатида Тошкент темирйўл муҳандислари институти стадиони танланди.
Tribuna.uz мухбири бу борадаги саволларга жавоб олиш учун ПФЛ, «Навбаҳор» ва «Қўқон-1912» вакиллари билан алоқага чиқди.
ПФЛ директори Омон Ғофуровнинг айтишича, ташкилот дастлаб ўйинни Фарғонада ўтказишни, бу ҳар икки томон учун қулай бўлишини маълум қилган. «Навбаҳор» эса «Истиқлол» стадиони билан бир тўхтамга кела олмагани сабабли ўйинни Тошкентда ўтказишни сўраган. ПФЛ ТТМИ стадионини қисқа муддатда ўйинга тайёрлаш учун жонбозлик кўрсатган. Бу маълумотни «Навбаҳор» клубидагилар ҳам тасдиқлашди.
«Навбаҳор» раҳбарияти ўйинни Тошкентда ўтказиш ташаббуси ўзларидан чиққанини, ПФЛ стадионни ўйинга тайёрлаш, хавфсизликни таъминлашда ёрдам берганини таъкидлади. «Қўқон-1912» вакиллари билан боғланганимизда шундай жавоб олдик: «Биз меҳмон жамоамиз, шу сабабли қайси стадионда ўйнашни танлай олмасдик. «Навбаҳор» Қаршига ёки Самарқандга деса ҳам бораверардик».
Бу ҳолатдан шундай хулоса қилиш мумкинки, клублар бироз масъулиятли бўлиб, барча тайёргарликларни ўз вақтида қилишганида, ортиқча муаммолар пайдо бўлмасди...
Эслатиб ўтамиз, «Навбаҳор» ҳамда «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланганди. Ўйиндан кейин «Навбаҳор» мухлислари «Қўқон-1912» футболчиларига қарата турли хил буюмлар улоқтиргани ҳақида хабар бергандик.
Мавзуга оид
19:05 / 26.11.2024
Наманганда флюорит тошини қайта ишлаш йўлга қўйилиши мумкин
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024