21:30 / 18.03.2019
12615

Янгиободлик ўқитувчиларнинг «Сўғдиёна» футбол клубига ноқонуний ўтказилган пуллари қайтарилди

Ўтган йилнинг кузида Жиззах вилоятида ўқитувчилардан маҳаллий «Сўғдиёна» футбол клубининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 272,15 млн. сўм миқдорида маблағ йиғилгани аниқланганди. Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашуви билан ўқитувчилар томонидан «Сўғдиёна» клубига «хайрия» қилинган маблағлар қайтарилаётгани маълум қилинди.

Аммо март ойи бошида Жиззах вилоятининг Янгиобод туманидаги бир гуруҳ ўқитувчилар 5 ой вақт ўтган бўлса-да, «Сўғдиёна» клубига ўтказилган пуллар ҳалиям қайтарилмаганини ва бу ҳақда улар бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишгани бефойда бўлганини айтишди.

Шундан сўнг, Kun.uz сайтида «Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп» ёки жиззахлик ўқитувчиларнинг «Сўғдиёна»га ўтказилган пуллари қаерга йўқолди?» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Воқеа тарихи — 2018 йилнинг 2 ноябрида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф сонли фармойиши билан боғлиқ. Унга кўра, 3–4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, ҳашар доирасида турли ташкилотлар ходимлари, жумладан, мактаб ўқитувчиларининг ҳам бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари «Сўғдиёна» клуби ҳисоб рақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгиланганди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига зид равишда қабул қилинган мазкур фармойиш орадан кўп ўтмай, Жиззах вилоят ҳокимнинг 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиши билан бекор қилинган.

Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлиги «Сўғдиёна» футбол клуби ҳисоб рақамига ноқонуний ўтказилган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилгани, барча ўқитувчиларга ойлик маошидан ушлаб қолинган бир кунлик иш ҳақлари қайтарилаётгани ҳақида маълум қилади.

Янгиободлик ўқитувчиларнинг ноқонуний ушлаб қолинган жами 21 миллион 600 минг сўмдан зиёдроқ ойлик маошлари ҳанузгача қайтарилмаётгани маълум бўлгач, таҳририят журналистик текширув ўтказган эди. 

Kun.uz’нинг Жиззах вилоятидаги мухбири хабар қилишича, юқорида таъкидлаб ўтилган мақола сайтда эълон қилингач, орадан уч кун ўтиб, янгиободлик ўқитувчиларнинг муаммоси ижобий ҳал бўлган.

Жумладан, Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Б.Тўхтамишевнинг Kun.uz сайтига йўллаган хатида мазкур масала юзасидан ишчи гуруҳи тузилиб, пуллар Янгиобод туман халқ таълими бўлимига тўлиқ қайтарилгани маълум қилинган.

Илова сифатида «Сўғдиёна» футбол клубининг ҳамда Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасининг мазкур масалани ҳал қилиш юзасидан вилоят ҳокимлигига йўллаган хатлари келтирилган

«Янгиобод тумани халқ таълими бўлимига қарашли 10та умумий ўрта таълим мактабидан Жиззах вилояти ҳокимининг 2018 йил 2 ноябрдаги 360-Ф сонли фармойишига асосан жами 21 млн 600 минг сўм пул маблағи «Сўғдиёна» футбол жамоаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилган эди. Лекин вилоят ҳокимининг ўша фармойиши маълум бир мудат ўтгач, бекор қилинишига қарамай, «Сўғдиёна» футбол клуб раҳбариятига бир неча бор мурожаат қилишимизга қарамай, мазкур маблағ эгаларига қайтарилмади.

Мақола эълон қилингандан сўнг мазкур маблағ икки кун ичида туман халқ бўлимига қарашли 10та умумий ўрта таълим мактабларининг ҳисоб рақамларига қайтарилган. Пуллар банкдан нақд пул шаклида олиниб, бир кунлик иш ҳақларини ўтказган барча ишчи-ходимларга тарқатиб берилган. Тўлов қайдномаларини шакллантириб, уни ўқитувчиларнинг имзолари билан тасдиқлатиб олдик. Ўқитувчи-педагогларнинг тақдирига бефарқ бўлмай, пул маблағлари қайтарилишида ўз ҳиссасини қўшган барча масъулларга ва Kun.uz сайтига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», деган Янгиобод туман халқ таълими бўлими мудири Ибодулла Раҳимов.

Kun.uz’га Янгиобод туманидаги мактабларнинг барчасида иш ҳақи футбол клубига ўтказилган ўқитувчиларга пуллар қайтариб берилгани ҳақидаги ведомостлар ҳам тақдим қилинган.

«Тўғриси, маблағларимиз қайтарилишига умид ҳам қилмай қўйган эдик. Биз ўқитувчиларнинг талаби қондирилганидан хурсанд бўлдик», — дейди мурожаатчилардан бири.

Ҳа, кўпчиликни қийнаб келаётган масала ижобий ҳал бўлди. Асаббузарликлар ва оворагарчиликларга чек қўйилди. Лекин, бу муаммо мақола эълон қилингунча ҳам ҳал қилиниши мумкин эди...

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top