16:17 / 22.03.2019
11889

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар АҚШ Марказий қўмондонлигида Наврўзни нишонлашди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Кеча, 21 март куни Наврўз айёми муносабати билан АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигида (Тампа шаҳри, Флорида штати) расмий вакил сифатида фаолият юритаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан хорижий ҳамкасбларига байрам тадбири ташкил этилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу тадбирда АҚШ Қуролли кучлари CENTCOM раҳбарияти ҳамда у ерда ҳамкорлик фаолиятини юритаётган 50 дан ортиқ давлат вакили қатнашди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари томонидан баҳорий таомлардан иборат ўзбекона байрам дастурхони ёзилиб тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Кўк сомсаю-чучваралар ҳамда ошни татиб кўрган меҳмонлар ўзбекона меҳмондорчилигу, миллий таомларга юқори баҳо беришди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, тадбир давомида “Янги Ўзбекистон” номли тарғибот тақдимоти ҳам намойиш этилди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тақдимотда ўзбек халқининг буюк мероси, тарихи, маданияти, урф-одатлари, тарихий обидалари, иқтисодиёти ва сиёсати, миллий армияси, Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод этган буюк сиймолари ва уларнинг дунё цивилизациасининг ривожига қўшган ҳиссаси, бугунги кундаги янги Ўзбекистоннинг барча соҳаларда эришаётган улкан ютуқлари ва бошқа жиҳатлари намойиш этилди. 

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” мавзусида намойиш этилган қисқа метражли ҳужжатли фильм барчада катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг ушбу тадбирга тайёргарлиги ва иштирокига АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан юқори баҳо берилди ва ташаккур изҳор этилди. 

Top