16:30 / 25.03.2019
6596

Анзур Исмоилов Ўзбекистон миллий жамоасида юзта ўйин ўтказган тўртинчи футболчи бўлди

«Локомотив» ҳимоячиси Анзур Исмоилов бугун миллий жамоадаги 100-ўйинини ўтказди. У «China Cup» мусобақаси доирасидаги Хитойга қарши учрашувда (1:0) асосий таркибда майдонга тушиб, учрашувда тўлиқ вақт давомида ҳаракат қилди.

ЎФА матбуот хизматининг маълум қилишича, Исмоиловнинг юбилейи муносабати билан ўйиндан кейин унга «100» рақами туширилган махсус футболка совға қилинган. Қайд этиш керак, Анзур бугун жамоа сардори Одил Аҳмедов бошланғич таркибга киритилмагани боис сардорлик боғичи билан ўйинни бошлади.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси гвардиячилари сафида юзта ва ундан кўпроқ ўйинда қатнашган футболчилар сони тўрт нафарга етди. Бундан аввалроқ Игнатий Нестеров, Тимур Кападзе ва Сервер Жепаров ушбу маррани забт этишганди. 

33 ёшли Исмоилов термада 2007 йили дебют қилган. Фаолияти давомида Самарқанднинг «Динамо», Тошкентнинг «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» клублари шарафини ҳимоя қилган, 2011-2018 йилларда Хитойнинг «Чанчунь Ятай» клубида ўйнаган. У 2018 йил ёзидан буён «Локомотив»да тўп тепиб келмоқда.

Top