20:42 / 04.04.2019
7337

Жанубий Корея дунёда биринчи бўлиб 5G тармоғига ўтмоқда  

Фото: Kim Hong-Ji / Reuters

Жанубий Корея миллий даражада янги авлоддаги мобил алоқа тармоғи 5G ишга тушадиган дунёдаги биринчи давлатга айланади. Бу тармоқ 5 апрелда ишга туширилади ва ундан Samsung Galaxy S10 смартфонлари эгалари фойдалана оладилар.

Жанубий Кореянинг SK Telecom телекоммуникация оператори 5 апрелдан ўз мижозларига 5G стандартидаги мобил алоқа хизматини тақдим қила бошлайди. Шу тариқа, Жанубий Корея АҚШ, Хитой ва Японияни ортда қолдириб, 5G’га ўтган дунёдаги биринчи давлат бўлади. 

Швецияда аввалроқ 5G тармоғи синов режимида ишга туширилган, бироқ 5-авлоддаги мобил алоқа тижорий тармоғи скандинав давлатида 2021 йилдан кейингина ишлай бошлаши кутилмоқда.

SK Telecom Жанубий Кореянинг энг йирик мобил оператори бўлиб, унинг мижозлари базаси 27 млн фойдаланувчидан иборат. Компанияда йил охиригача 5G тармоққа 1 млн фойдаланувчи ўтишига умид қилинмоқда. Ҳозирдаёқ мобил операторда 5G’ни қўллаб-қувватловчи 34 мингта алоқа станцияси бор бўлиб, улар мамлакатнинг 85 та шаҳридаги аҳоли гавжум ҳудудларни қамраб олади. 

Янги авлоддаги тармоқ қурилмалар ўртасида маълумотларни LTE (4G) тармоғидан ўнлаб маротаба тезроқ узатишга имкон беради. Бундай тармоқларда маълумотларни узатиш тезлиги 1 Гбит/сониядан ошиши мумкин. Ахборотнинг бундай тез узатилиши нафақат оддий фойдаланувчиларга, балки саноатга ҳам янги имкониятлар беради.

Аввалроқ Хитойнинг Huawei компанияси 5G технологиясини тижоратлаштириш учун бутун дунё алоқа операторлари билан 22 та шартнома имзолаган.

Top