18:41 / 28.04.2019
8246

«Астон Вилла» «Лидс»нинг оёғидан чалди ва бошқа клубни АПЛга қайтарди

«Шеффилд Юнайтед» чемпионшип якунларига кўра Англия премьер-лигасига қайтадиган бўлди.

Крис Уайлдер шогирдлари муддатидан аввал юқори дивизион йўлланмасини қўлга киритишди, чунки 45-турда «Лидс» «Астон Вилла» билан дуранг ўйнаб қўйди (1:1) ва охирги турдаги натижалар қандай бўлишидан қатъи назар турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиш имкониятидан маҳрум бўлди.

46-тур олдидан чемпионшип турнир жадвалида 91 очко билан «Норвич» биринчи (бу жамоа ҳам муддатидан аввал АПЛга чиқиб бўлган), 88 очко билан «Шеффилд Юнайтед» иккинчи ўринда жойлашган. Чемпионшипнинг 3-6 ўринларида «Лидс» (83), «Вест Бромвич» (80), «Астон Вилла» (76) ва «Дерби Каунти» (70) жойлашган. Бу жамоалар плей-офф ўйинлари орқали АПЛнинг учинчи йўлланмаси учун кураш олиб боришади.

«Шеффилд Юнайтед» премьер-лигада охирги марта 12 йил муқаддам иштирок этганди. Ўтган вақт давомида бу жамоа 6 мавсумни Англия чемпионатининг учинчи дивизионида ҳам ўтказди.

АПЛни эса «Ҳаддерсфилд» ва «Фулҳем» тарк этиши аниқ бўлган. Учинчи номзод эса «Кардифф» бўлиб турибди. Айни вақтда, мавсум якунига 2 тур қолганида «Брайтон»да 34, уэльсликларда эса 31 очко бор.

Top