19:07 / 02.05.2019
6279

Лавров Комилов билан Тошкентда Россия олий ўқув юртлари филиалларини очиш масаласини муҳокама қилди

Фото: Анвар Илёсов / mfa.uz

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан Тошкентда Россия олий ўқув юртлари филиалларини очиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, ТИВдаги учрашувда Россиянинг тўртта етакчи олий ўқув юртлари – МИФИ, ВГИК, Москва энергетика институти ва Россия кимё технологиялари университети филиалларини Ўзбекистонда очиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, шунингдек, икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди, долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

“Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва Россиянинг Афғонистон бўйича ҳамкорлиги, жумладан, Афғонистонда тинчлик музокараларини бошлаш, мамлакатни иқтисодий-ижтимоий тиклаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, вазирлар минтақада хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар”, дейилади хабарда.

Сергей Лавров икки томонлама музокаралар олиб бориш ва Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув Меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-учрашувида қатнашиш учун Тошкент шаҳрига келган.

Top