16:09 / 18.05.2019
6004

Марказий Осиё медиаолами: Телевидение ва интернет сайтларидаги тенденциялар

16-17 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида «Internews in Kazakhstan» томонидан, АҚШнинг USAID ташкилоти кўмагида ташкиллаштирилган  Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари медиаменежерларининг «MediaWay 2019» анжумани бўлиб ўтди ва бу тадбирда Kun.uz вакиллари ҳам иштирок этди.

Фото: Facebook/Internews in Kazakhstan

Қардош мамлакатларда журналистиканинг турли соҳаларида фаолият юритаётган тадбир иштирокчилари тадбирнинг иккинчи кунида асосан ОАВнинг давлат билан муносабатлари, хусусан сайтларнинг блокланиши бўйича муаммоларни муҳокама қилишди.

Шунингдек, телевидение фаолиятига алоҳида тўхталинди. Қайд этилдики, телевидение ривожи ва даромади бўйича Марказий Осиёда узоқ йиллар етакчилик қилган Қозоғистонда сўнгги пайт бу борада турғунлик кузатилмоқда, Ўзбекистонда эса аксинча, соҳада кескин ўсиш қайд этилган. Тенденциянинг шу шаклда давом этиши натижасида яқин йиллар ичида Ўзбекистон етакчига айланиши аниқлигини қозоғистонлик мутахассислар эътироф этишди.

Фото: Facebook/Internews in Kazakhstan

Бунинг сабаби сифатида Қозоғистонда хорижий каналлар ўрни ҳануз баландлиги, хусусан ҳамон «Мўъжизалар майдони» («Поле чудес») капиталшоуси Қозоғистонда энг юқори рейтингни эгаллаб қолаётгани, маҳаллий телеканаллар ҳам уларга хос концепцияни илгари сураётгани маълум қилинди.

Фото: Facebook/Internews in Kazakhstan

Ўз маърузасида мавзуга ойдинлик киритаркан ЎЗЭОАВМА (НАЭСМИ) раиси Фирдавс Абдухолиқов ўзбекистонлик ҳамкасблари бу ютуққа сўнгги йилларда кузатилаётган ОАВдаги жонланиш, миллийликка хос дастурлар, янгиликлар ва кўнгилочар кўрсатувлар, маҳаллий ва хорижий сериаллар орқали эришаётганини билдирди.

Фото: Facebook/Internews in Kazakhstan

Анжуманда сайтларнинг блокланиши ҳам алоҳида муҳокама қилинди ва маълум бўлдики, бу борадаги муаммо ҳам кўпчиликда ўхшаш. Тожикистон ва Қозоғистонда сайтларни огоҳлантиришсиз ва сабаби кўрсатмасдан блокланиш амалиёти қўлланилади ҳамда бирор вазирлик ташкилот бу борада жавобгарликни зиммасига олмайди. Нафақат зиммасига олмайди, балки муаммони ўзларидан соқит қилиб бир-бирларига оширади.

Top