17:46 / 25.05.2019
11758

МИБ ходимига белкурак билан тан жароҳати етказган фуқаро жавобгарликка тортилди

Иллюстратив фото

2018 йилнинг 16 сентябрь куни МИБнинг Қашқадарё вилояти Ғузор туман бўлими давлат инспекторлари тумандаги "Дўлтали" МФЙ, Дўлтали қишлоғида хизмат вазифасини бажариш вақтида шу қишлоқда яшовчи фуқаро Ч.Э. яшаш хонадонида электр энергияси тармоғига тўғридан-тўғри уланган ҳолда фойдаланаётганлигини аниқлаб, бу ҳақида қоидабузарлик далолатномаси расмийлаштиради. 

Мазкур қоидабузарлик натижасида фуқаро Ч.Э. таъминотчи корхона манфаатларига 1.780.702 сўм миқдорида зарар етказди ҳамда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида, яъни 921.500 сўм миқдорида жаримага тортилди.

Бироқ, фуқаро Ч.Э. етказилган зарар ва жаримани тўлаб, тегишли хулоса чиқариш ўрнига ўз қоидабузарлик ҳаракатларини давом эттирган. 

Хусусан, 2018 йил 17 декабрь куни унинг яшаш хонадонида қайта электр энергиясидан ноқонуний равишда тўғридан-тўғри фойдаланаётганлиги ҳолати давлат инспектори Ж.Ч. томонидан аниқланди ва ушбу ҳолатни давлат инспектори расмийлаштираётган вақтда Ч.Э. ўз айбини тан олиш ўрнига давлат инспекторига кескин қаршилик кўрсатган ва уни белкурак билан уриб, соғлиғига оғир шикаст етказган.

Натижада, 2019 йил 16 май куни Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди томонидан судланувчи Ч.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми ва 185-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди. 

Top