20:23 / 30.05.2019
15648

Саноат, қишлоқ хўжалиги, миграция ва АЭС - Россия ва Ўзбекистон қайси йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириши маълум қилинди

Фото: Александр Астафьев/пресс-служба правительства РФ/ТАСС

Россия ва Ўзбекистон миллий лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик қилади, деди Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида.

"Ўзбекистон миллий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биз ҳамкорлик қилаётган етакчи мамлакат. Бугун мен имзолайдиган ҳужжатлардан бири “меҳнат самарадорлиги” миллий йўналиши бўйича ҳамкорлик дастури бўлади", - деди вазир.

Орешкин йил охирига қадар қолган миллий лойиҳалар бўйича ҳам ҳамкорлик фаоллашишига умид билдирди.

"Биз мазкур ишнинг барча босқичлари – мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқишдан бошлаб бошқарув тизимини йўлга қўйиш, бу лойиҳаларни Россия ҳамда Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш бўйича ҳамкорларимиз билан бўлишишга тайёрмиз. Биз комплекс лойиҳани ишга туширмоқдамиз. Йил охиригача Ўзбекистон билан барча миллий лойиҳалар бўйича силжиш бўлади", - деди у.

Товар айирбошлаш
Орешкин Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2019 йилда 5,5 млрд долларга етишини кутаётганлигини айтди. 

"Биз бир тарафдан, икки томонлама савдо, Ўзбекистондан импорт қилишни оширишга интиляпмиз. Бошқа тарафдан, Ўзбекистонга Россия ускуналарини етказиб бериш бўйича лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Чунки бу ерда гидроэлектростанциялар, иссиқлик станциялари ва мелиорация тизимини модернизация қилишга эҳтиёж бор – Ўзбекистонда кейинги ўн йиллар давомида амалга оширилмаган ишлар натижасида кўп нарсалар қониқарсиз ҳолатга келиб қолган", - деди Орешкин.

Унинг фикрича, эскирган тизимларни Россияда ишлаб чиқарилган замонавий жиҳозлар билан алмаштириш Ўзбекистон иқтисодиётига ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини беради.

Орешкин Россия билан бош вазирлар даражасидаги қўшма комиссиялар мавжуд давлатлар атиги бир нечта эканлигини таъкидлади. Бундай комиссиялар фақат Франция, Хитой ва Ўзбекистон билангина ташкил этилган.

"Ўзбекистон тез кўпаяётган аҳолига эга бўлган тез ўсиб бораётган иқтисодиётдир. Ҳисоб-китобларимизга кўра, маълум вақтдан сўнг Ўзбекистон постсовет мамлакатлари орасида иқтисодиёти жиҳатидан Россиядан кейинги иккинчи давлатга айланиши лозим. Шу боис бу ерда улкан салоҳият, катта ҳажмдаги лойиҳаларни кўрмоқдамиз. Кўрган бўлсангиз, биз шунчаки у ёки бу маҳсулотни сотиш ҳақида эмас, ҳар бир йўналиш: саноат, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим, маданият – яъни барча йўналишлар бўйича чуқур ҳамкорлик тўғрисида гапирмоқдамиз", - деди россиялик вазир.

Миграция 
Москва ва Тошкент Ўзбекистон ҳудудида Россия миграцион органлари ваколатхоналарини очиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

"Ҳозирда асосий вазифа бу жараённи [Ўзбекистон фуқароларининг Россияга меҳнат миграцияси] иложи борича оғриқсиз қилиш. Биз одамлар у ёки бу сабаб билан рухсатнома ололмаганликлари сабабини вақт ва пул сарфлаб Россияга келиб юрмасдан Ўзбекистоннинг ўзида билишлари учун Ўзбекистон ҳудудида Россия миграцион органлари ваколатхоналарини очиш имкониятини муҳокама қилмоқдамиз", - деди Орешкин.

У бу масалада маслаҳатлашувлар давом этаётганини, "ҳозирча келишувга эришилмаганини" маълум қилди. 

"Таълим йўналишидаги лойиҳалар муҳим ишлардан бири, чунки у Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиши нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари, у мамлакатларимиз ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштиришга ёрдам беради", - деди Россия вазири.

Қишлоқ хўжалиги
Ўзбек маҳсулотлари сифат борасида Туркия маҳсулотлари билан бемалол рақобатлашиши ва ҳатто уларни Россия пештахталаридан сиқиб чиқариши мумкин, деб ҳисоблайди Орешкин.

"Ўзбекистон бу ерда муваффақиятли рақобат қила олади ва менинг шахсий фикримга кўра, сифати пастроқ бўлган турк маҳсулотларини сиқиб чиқаради деб ўйлайман. Шахсан ўзим Туркияникидан кўра Ўзбекистон помидорини афзал кўраман", - деди у.

Вазирнинг фикрича, россиялик истеъмолчи ўзбек маҳсулотларини севади, шунинг учун ишлаб чиқарувчилар харажатларини пасайтирадиган ва натижада Россия бозорида нархларни пасайтириб, бошқа мамлакатлардан, масалан Туркиядан келадиган маҳсулотларни сиқиб чиқариш имконини берувчи етказиб бериш механизмини ташкил этиш лозим. 

Вазирнинг қўшимча, қилишича, Россия бозорига Ўзбекистон текстиль маҳсулотларини етказиб бериш борасидаги муаммо ҳал қилинган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари борасида эса етказиб беришнинг "уруғдан пештахтагача" занжирини яратиш даркор, деди Орешкин.

"Бу лойиҳа ичига бир занжирга бирлашувчи уруғчилик билан боғлиқ бўлган фан, ўғит билан боғлиқ саноат, машинасозлик маҳсулотлари, логистика, тарқатиш марказлари киради. Бу савдо ҳам: Россия тармоқлари бунда фаол роль ўйнайди", - деди у.

Россия вазири икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги бўйича имзоланиши режалаштирилган келишув ушбу соҳадаги ҳамкорлик йўл харитасининг унсурларидан бири бўлади. 

"Кейинчалик барча соҳаларни ўзида жамлайдиган ягона комплекс ҳужжат даражасига етиб келамиз", - деди у.

АЭС қурилиши
Ўзбекистонда Росатом лойиҳаси бўйича қуриладиган биринчи атом электр станцияси учун қурилиш майдони танланди. Айни пайтда станция қурилиши тўғрисидаги шартномани якунига етказиш ишлари ниҳояланмоқда, деб маълум қилди Орешкин.

Россия иқтисодий ривожланиш вазирининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси икки мамлакат ҳамкорлигининг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. 
2018 йил сентябрда Россия бош вазири Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов республика ҳудудида АЭС қурилишида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ҳужжатга кўра, Росатом ВВЭР-1200 туридаги реакторларга эга "3+" авлодидаги иккита энергоблок қуришни режалаштирган.

АЭС қурилиши 2022 йилда Россия кредитини жалб этиш орқали бошланиши режалаштирилган.

Top