09:40 / 11.06.2019
124433

Юрак хасталигига ишора қилувчи 12 ноодатий белги — уларни оддий кўз билан ҳам пайқаш мумкин  

Кардиологлар орасида шундай ҳазил бор: «Инфарктнинг биринчи белгиси кўп ҳолларда инфарктнинг ўзидир». Лекин бахтимизга бу мутлақо нотўғри. Аслида организм бизга катта муаммоларни олдини олиш учун кичик кўрсатмалар беради. Муҳими уларни пайқай олишдир. Қулоқдаги майда ажин, зўрға сезилувчи оқ нуқталар ёки кераксиз эсноқ ноодатий бўлиши ва бир қарашда хавфсиз туюлиши мумкин. Аммо айнан улар касалликни илк босқичларда аниқлаш ва даволашга ўз ҳиссасини қўшади.

1. Тери ўзгаришлари

Қовоқ, ёнбош, тирсак ёки тизза соҳаларидаги майда ёғли доғлар ксантомалар деб аталади ва хавфсиз ҳисобланади. Агар уларнинг миқдори ошиб кетса, танадаги холестерин миқдори ҳам ҳаддан ошгани, қон томирлари уларни ўзида ушлаб сиғдира ололмай, ортиқчалик қилганларини тери остига чиқаришни бошлаганидан дарак беради. Бундан келиб чиқадики, томирларнинг ўзи зудлик билан ёрдамга муҳтож: катта эҳтимол билан улар аллақачон юрак билан боғлиқ катта муаммолар келтириб чиқарувчи атеросклероз билан касалланган бўлиши мумкин.

2. Фаол жисмоний машқ пайтида эснаш

Танамиз терлаганда унинг ҳарорати тери устки қаватидаги намликнинг буғланиши ҳисобига совийди. Шунингдек, совишнинг бошқа йўллари ҳам мавжуд: эсноқ, унинг давомийлигида тана кислородга тўйинади ва бошдаги ҳарорат тушади. Терморегуляциянинг табиий механизмлари ўз вазифасини бажаришда нуқсонларга дуч келса, биз спорт билан шуғулланиш пайтида ҳам эснашимиз мумкин. Нуқсонларнинг сабаблари турлича ва улардан бири яширин юрак касалланишидир.

3. Оғиз бўшлиғининг нохуш ҳиди

Милк яллиғланиши ёки пародонтоз оғиздан нохуш ҳид келишига ва ҳаттоки тиш тўкилишига олиб келиши мумкин. Америкалик олимларнинг янги тадқиқотлари милк ва юрак касалликлари ўртасида ўзаро боғлиқлик борлигини таъкидламоқда. Муаммо шундаки, милкларни яллиғлантирган бактериялар юрак-қон томир тизимига тушиши ва у ерда ҳам яллиғланишни кенг ёйиши мумкин. Пародонтоз билан оғриган беморларда юрак касаллигига учраш хавфи 20 фоизга юқори. Шу сабабли стоматологдан қанчалик қўрқманг, унинг қабулига бориш муддатингизни ўтказиб юбормаслигингиз керак.

4. Ўсмирлик даврида тошмалар бўлмаслиги

Тадқиқот фақат эркакларга тааллуқли бўлса ҳам, натижалар ажабтовур. Ўсмирлик даврида акне тошмалардан азият чекканлар бошқаларга нисбатан юрак-ишемик касалликларига 33 фоиз камроқ чалинишар экан. Умуман олганда, тошмалар бутун тана тизимларини ҳаракатга келтирувчи гормонлар фаолиятидан дарак бериб боради. 

5. Номсиз бармоқ узунлиги

Агар номсиз бармоқ кўрсаткич бармоққа нисбатан сезиларли равишда қисқа бўлса, юрак хасталигининг хавфи юқори. Бу ноодатий боғлиқликни Буюк Британия олимлари тадқиқ этишган. Бармоқ узунлигига инсоннинг эмбрионал ривожланиш давридаги тестостерон моддаси миқдори сабаб бўлар экан, у оид бўлган гормонал тизим эса юрак қон-томир фаолиятини бошқаради. 

6. Кўкимтир лаблар

Соғлом одамнинг лаблари у қаттиқ совқотганда ёки катта баландликда бўлганда кўкариши мумкин. Жисмоний жиҳатдан бунга қон айланишидаги қийинчиликларга дуч келиш ва вақтинчалик кислород етишмовчилиги сабаб бўлади. Агар лаблар бесабаб кўкаришни бошласа, демак, организмда қон айланишида муаммолар мавжуд. Кардиологга учраш, юрак қон-томир тизими фаолиятини текшириш тавсия этилади.

7. Тирноқлар шаклининг ўзгариши

Агар тирноқларингиз қалинлашиши ва шаклининг юмалоқ кўринишга келишини кузатган бўлсангиз, эътиборлироқ бўлинг. Бундай ўзгаришларга томирлардаги муаммолар сабаб, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, уларга қон етарли миқдорда етиб келмаяпти. Бу ҳолатда тирноқ пластини ҳужайралари ўсиш тезлигини пасайтириш орқали муаммони ҳал этишга уринади. Тирноқлар юқоридаги симптоми қадимдан «Гиппократ бармоқлари» номи билан маълум.

8. Қулоқ сурпасидаги буришиш

40дан ортиқ тадқиқотларда аниқланишича, қулоқ сурпасидаги диагонал ажин атеросклероз ривожланиши хавфи ортишига ишора қилувчи «Френк симптоми»нинг ўзгинасидир. Бу хасталикда артерия деворларида тошмалар пайдо бўлади ва қон айланишига ножўя таъсир кўрсатади. Янги изланишлар натижаси эса бу каби буришмалар миядаги қон айланиш тизимида муаммолардан ҳам дарак беришини кўрсатди. Комплекс текширувдан ўтиш энг яхши чора.

9. Қулоқдаги туклар

Қулоқлар инсон саломатлиги ҳақида кўплаб маълумотларни бериши мумкинлигини англаган ҳинд олимлари унга яна бир бор разм солишди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, қулоқ каналларидаги туклар ўсиш тезлигининг бирдан кўтарилиши «коронар симптоми» деб номланган касаллик билан алоқадор. «Френк симптоми» билан солиштирганда айнан бу касалликда кардиолог кўригини зудлик билан ўтказиш лозим.

10. Тишнинг инфекцион касалликлари

Хельсинки олимлари апикал периодонтит (илдиз канали инфекцияси) ва «коронар синдром» ўртасида боғлиқлик борлигини аниқлашди. Тишлари илдиз канали инфекцияси билан зарарланган инсонлар қон айланишининг юрак томирлари доирасидаги муаммоларга бошқаларга нисбатан 2,7 баравар кўпроқ дуч келишар экан. Австралиялик изланувчилар эса тишлар тўкилиши ва юрак хасталиклари орасида умумийлик мавжуд, дейишмоқда.

11. Соч тўкилиши

Юрак муаммоларининг жуда ноодатий белгиларидан бири эркакларда эрта ёки жуда тез соч тўкилишидир. Бу борада 800дан ортиқ ўрганишлар бўлиб ўтган, бирмунчаси соч муаммоси қон томирлари фаолияти билан боғлиқлигини исботлаган. Қўшимча тарзда тестостеронга нисбатан юқори сезувчанлик ёки вақтли диабетни ҳам важ сифатида кўрсатиш мумкин. Барчаси юрак касалликларига бориб тақалмоқда. демак соч тўкилишидан азият чеккан эркакларда хавф 70 фоизгача юқори деб айта оламиз.

12. Соч оқариши

Сочлар бошқа йўллар билан ҳам юрак хасталигининг яширин белгиларидан дарак бериши мумкин, масалан уларнинг барвақт оқариши. Европа олимлари соч оқаришига 3 хил юрак касаллиги сабаб бўлиши мумкинлигини исботлашди: «коронар синдром», ишемик касалликлар ва атеросклероз. Юрак муаммолари ва оқаришга олиб келувчи факторлар бир хил: кислород етишмаслиги, ҳужайралар эскириши, гормонал ўзгаришлар ва бошқалар. Хавф гуруҳига оқарган сочлари табиий соч ранги миқдорига тенг ва ундан ортиқ эркаклар киради.

Огоҳлантиришдими, демак, ҳимояланиш зарур. Таҳликага тушиш ярамайди, лекин юқоридагилардан бирини ўзида учратганда текширувдан ўтиб ўз соғлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш ҳам ортиқчалик қилмайди, назаримизда.

Top