21:49 / 28.06.2019
9770

Буюк Британиянинг ҳуқуқшунослик университети филиали Тошкентда очилиши мумкин

 Ўзбекистон делегацияси Буюк Британиянинг юридик университети (University of Law) билан Ўзбекистонда университет филиалининг фаолиятини ташкил қилиш бўйича учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар тарқатди. 

Фото: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

26 июнь куни Лондон шаҳрида (Буюк Британия) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг хизмат сафари доирасида Буюк Британиянинг юридик университети (University of Law – ULaw) вакиллари билан Ўзбекистонда университет филиалининг фаолиятини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар бўлиб ўтди.

Фото: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

Таъкидланишича, учрашув давомида ULaw ректори Андреа Нолент ULawнинг Ўзбекистонда филиали фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик лойиҳасини тақдим этди. Хусусан, улар лойиҳа давомида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, амалга ошириш босқичларини аниқлаш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиш. ҳақида сўз юритишган.

Лойиҳа бизнесни бошқаришда BA дастурлари, Ўзбекистон қонунчилиги элементлари билан LLB ва Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича LLB доирасида талабаларни ўқитишни назарда тутади.

Муҳокама натижалари бўйича томонлар ўртасида «Ҳуқуқ» ва «Бизнес» йўналишлари бўйича янги халқаро университет Тошкент шаҳрида (чет эл университетининг филиали) ташкил этилишининг асосий ташкилий масалалари назарда тутилган ўзаро англашув ҳақидаги меморандуми имзоланди.

Фото: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

Меморандум доирасида юридик кадрларни амалиётга татбиқ этишни доимий ривожлантириш дастурлари амалга оширилади.

Меморандумнинг мақсадларига эришиш учун томонлар лойиҳани амалга ошириш учун амалий ҳаракатлар режасини («Йўл харитаси») ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Фото: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

Маълумот учун, ULaw – Британиядаги юристлар ва адвокатлар учун ҳуқуқий даражаларни, махсус ҳуқуқий тайёргарлик ва малака ошириш курсларини таъминловчи Бирлашган Қиролликдаги нодавлат нотижорат хусусий университет ҳисобланади.

Top