21:24 / 02.07.2019
14234

Fake news: сохта хабарлардан қандай сақланиш мумкин?

Ахборот платформаларида «фейк» атамаси анча фаол айланмоқда. Қандайдир хабарнинг шов-шув бўлиб, кенг резонансга сабаб бўлиши, бироз муддатдан сўнг эса унинг «фейк» бўлиб чиққани ҳақидаги хабарлар ҳам тез-тез учраб турибди. Шу боис фейк тушунчасини яхшироқ таниб олиш ва ундан ҳимояланиш муҳим.

Адлия вазирлиги «Медиасаводхонлик ва fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси» мавзусида медиа вакиллари учун семинар ташкил этиб, оммавий ахборот воситаларида фейк масаласи хусусида маълумотларни тақдим этди.

Фейк ─ (инглизча) сохта, қалбаки деган маъноларни англатади. Ҳақиқатга жуда ўхшаб кетадиган ёлғон хабарлар, махсус дастурлар орқали ўзгартирилган фотосуратлар, монтаж қилинган видеороликлар, ижтимоий тармоқларда бошқа шахслар (одатда машҳур инсонлар) номидан очилган ёлғон аккаунтлар фейкларга мисол бўла олади.

Статистикага кўра, 2018 йилда эълон қилинган фейк материаллар сони 32 фоизга ортган. Бу кишиларнинг расмий ахборот манбаларига бўлган ишончи 32 фоизга тушиб кетганини англатади.

Фейк хабарларнинг сариқ матбуот ва сиёсий пропаганда билан умумий жиҳатлари кўп. Лекин фейкни бадиий тўқималар ва миш-мишлардан фарқлай олиш лозим. Сариқ матбуотдаги миш-мишлар асосан омманинг вақтини чоғ қилиш, у ёки бу шахсга эътибор тортиш учун тарқатилади ва унинг ижтимоий зарари унча катта бўлмайди. Фейклар эса жиддий ижтимоий-сиёсий мақсадларни ёки молиявий манфаатни кўзлаб тарқатиладиган ёлғон хабарлардир.

Фейкларни тарқатишдан мақсад нима?

Сохта, ёлғон маълумотларни тарқатувчилар турли манфаатларни кўзлаган бўлиши мумкин.

Моддий манфаат. Сохта ахборот муаллифлари кўпинча жалб қилувчи, «қичқирувчи» сарлавҳалардан ёки тўлиқ тўқималардан фойдаланиб, ўқувчилар аудиториясини оширишга, ўзларига ҳаволаларни кўпайтиришга ҳаракат қилишади. Бунда кликбейтинг принципи орқали фойда мақсад қилинади.

Сиёсий манфаат. Аудиторияси катта бўлган платформаларда сохта контент яратиш, таҳликани чақирувчи маълумотларни жойлаш орқали аудиторияни бошқаришга, тартибсизлик, ваҳима кайфиятини келтириб чиқаришга уриниш ҳам мумкин.

Фишинг. Электрон почтага қизиқарли сарлавҳали спам хабарларни жўнатиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бунда электрон почта эгаси келган «қизиқарли» хабарни очиши биланоқ компьютер ёки мобил қурилма вирус билан зарарланади. Вирус тарқатувчилар эса шахсий маълумотларни қўлга киритиб, катта фойда кўришади.

Фейклар қандай пайдо бўлади?

«Дунёни уруш домига тортадиган нарса нима? Ахборот. Аввалига дипломатлар ва сиёсатчилар журналистларга ёлғон маълумот берадилар. Кейин шу маълумотларни газеталарда ўқиб, ўзлари ҳам уларга ишонадилар», ─ деган эди австриялик олим Карл Краус.

Ҳақиқатни яшириш мақсадида ёки атайин шов-шув қўзғатиш мақсадида кимдир ёлғон гапиради ёки ҳақиқатни бузиб кўрсатади. Дарҳол бу ахборотга нисбатан шарҳлар, муносабатлар пайдо бўлади. Ахборотнинг тўғрилиги, ҳақиқатга мувофиқлигини текшириш ҳақида ҳеч ким бош қотирмайди. Журналистлар ахборотни имкон қадар биринчи бўлиб оммалаштиришга, одамлар эса бу ахборот ҳақида биринчилардан бўлиб фикр билдиришга қизиқиб кетишади, ахборотнинг ҳақиқийлиги масаласи бир четда қолади. Бу орада ахборотни тарқатган манбалар тартибсизлик кайфиятини келтириб чиқаришга ёхуд омма эътиборини «айтилиши керак бўлмаган» , сир тутиладиган ахборотдан чалғитишга эришган бўлади.

Global social media research summary ─ 2018 тадқиқот натижаларига кўра, 2018 йилда интернетдан фойдаланувчилар сони 4,041 млрд.га, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони 3,196 млрд.га етган. Ўзбекистонда эса интернетдан фойдаланувчилар 20 миллионга, ижтимоий тармоқлардан бир кунда фаол фойдаланувчилар 1,6 млн.га етган. Бу рақамлар интернет аллақачон омманинг диққатини бир нуқтага қарата олган платформага айланганини, контентнинг ишонарли ёки йўқлиги муҳим аҳамият касб этиб бораётганини кўрсатади.

Фейк хабарлар кишилар ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?

Сохта ва ёлғон хабарлар тарқатиш «синдроми»  асосан муҳим сиёсий воқеалар арафасида, айни кунларда йирик резонансга сабаб бўлаётган мавзулар атрофида «хуруж қилади». Фейкнинг инсон онгига таъсирини қуйидаги рақамлар мисолида кўриш мумкин: 2016 йил декабрда АҚШ президенти сайловларидан сўнг 64 фоиз сўралганлар ёлғон хабарлар туфайли воқелик ҳақидаги фикрлари чалкашиб кетгани қайд этган, 24 фоиз сўралганлар сайловдаги танловлари тўғри бўлганига амин эмаслиги қайд этилган, 23 фоиз респондентлар эса онгли ёки онгсиз равишда ёлғон хабарларни тарқатишда иштирок этганларини қайд этишган.

Фейкларнинг энг ёмон иллати ўз-ўзини кўпайтира олиш қобилиятидир. Яъни бундай хабарлар бирдан болалайди, ёлғон тафсилотлар билан бойиб боради, одамлар тобора кўпроқ чалғийди. Фейкдан мақсад адаштириш, чалғитиш, омма фикрини бошқаришдир.

Фейк ахборотларнинг урчиб кетиши муайян шахсларнинг обрўси тўкилишига, жамиятда ваҳима кайфияти пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, фейклар оммавий ахборот воситаларининг обрўйига ҳам зиён етказади, уларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади. Шу боис фейкларни тарқатишдан ОАВ ҳам, ҳар бир одамнинг ўзи ҳам ҳимояланиши керак.

Фейкни аниқлаш ёхуд фактчекинг

Фактчекинг фактларни текшириш демак. Бунда мавжуд фактлар ва воқелик ўртасидаги номутаносибликлар аниқланади, шу орқали фактларнинг ёлғон ёки ростлиги аниқланади.

Манбани яхшилаб ўрганинг. Хабардан бош саҳифага ўтиб, сайтнинг мақсади, вазифалари ва контентини ўрганиб чиқинг.

Хабарни охиригача ўқинг. Баъзида эътибор тортиш учун сарлавҳаларда воқелик бўрттириб ёки бузиб кўрсатилиши мумкин.

Муаллифни текширинг. Муаллиф ҳақида маълумот излаб кўринг, ҳақиқатда бор одамми, ишончли материаллар ёзадими?

Ҳаволаларни текширинг. Бирон хабарни бошқа ҳаволалар орқали ҳам қидириб кўринг, бир неча манбадан олинган маълумотларни солиштиринг.

Саналарга эътиборли бўлинг. Янгилик, хабарнинг санаси янгими? Балки эски хабарни тақдим этишаётгандир?

Балки бу ҳазилдир? Хабар жуда ғалати, реалликдан узоқ бўлса, бу ҳазил сифатида оммалаштирилган бўлиши ҳам мумкин.

Холис бўлинг. Маълумотнинг чин ёки ёлғонлигини сизга ёққан-ёқмаганлиги, манфаатингиз юзасидан ҳал қилманг.

Мутахассислардан сўранг. Шунчаки мазкур ахборотга дахлдор бўлган шахслардан суриштириб кўриш ҳам мумкин.

Фейкни аниқлашга ёрдам берувчи ресурслар

Фейк фотони аниқлаш. Фотофейклар ҳам кўп учрайди, ҳам уларни аниқлаш осон. Суратнинг асл манбасини аниқлаш учун сурат устига сичқончани олиб келиб, «суратни Google’дан топиш»  буйруғини танлаш керак.

Tineye сервисига фотони юклаш орқали суратнинг аслини топиш, унинг турли ҳажмдаги вариантлари, қачон тармоққа юклангани, компьютерда ишлов берилгани ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Фейк видеони аниқлаш. Видео YouTube га жойланган бўлса, YouTube DataViewer сервисидан ўтказинг. У видеонинг тармоққа қачон юкланганини кўрсатади ва бир нечта скриншотларни чиқариб беради. Скриншотлар орқали қидирув бериб, шунга ўхшаш видеоларни қидириб кўриш мумкин бўлади. InVID сервиси орқали эса турли платформалардан юкланган видеолар ҳақида тўлиқ маълумот олиш мумкин. У видео интернетга юкланган пайтдан бошлаб “босиб ўтган йўл”ини кўрсатади. Видеони кўришда машина рақамлари, майда ёзувлар, одамлариннг уст-боши, бинолар ҳолатига диққат қаратиш орқали ҳам видеога ишлов берган-берилмаганини аниқлаш мумкин.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Top