15:32 / 02.07.2019
6116

Капитанлар энди керак эмас: Бошқарувчисиз транспорт денгизда ҳам пайдо бўлди

Ҳайдовчининг бевосита иштирокисиз ҳаракатланадиган автомобиль ва трамвайлар ҳеч кимни ҳайратга солмай қўйди. Чунки ҳайдовчисиз транспортнинг хилма-хил турлари ҳар йили тобора кўпаймоқда. Бироқ норвегияликлар қуруқликни забт этиш билан чекланмаслик кераклигига қарор қилишди. Шу йилнинг ўзидаёқ денгиз транспортининг янги турини ишга туширишмоқда. У автоматик режимда, капитан ва жамоа аъзоларининг иштирокисиз ишлай олади.

Yara Birkeland номли юк кемаси минерал ўғитларни Порсгрунн шаҳарчасидан Ларвик портига етказишни денгиз орқали амалга оширади. Маршрут Болтиқ ва шимол денгизини Норвегия қирғоғида боғлайдиган Скагеррак бўғози сувларидан ўтади.

Албатта, янги кеманинг илк рейсларини автоматик режимда эмас, капитан ва экипаж аъзолари кузатуви остида амалга оширади. Синов даври тугагач, камера, датчик ва барча навигацион қурилмалар билан жиҳозланган контейнеровоз сузишни мустақил бажаради. Кема белгиланган маршрут бўйлаб ҳаракатланиши ва зарур бўлганида юзма-юз келаётган кемалар билан тўқнашувни бартараф эта олади. Бошқарув пункти эса қирғоқда жойлашади.

Ҳайдовчисиз кеманинг баҳоси – 25 миллион доллар, айнан шундай классдаги анъанавий юк кемаларининг нархига қараганда уч марта қиммат. Бироқ янги транспорт турининг эгалари ёқилғи, шунингдек, экипаж аъзоларининг маоши каби харажатлардан анча тежашга умид билдиришмоқда. Бу эса қимматбаҳо кема харажатларини қоплаш имконини беради.

Қайд этиш жоизки, бошқа мамлакатларда ҳам ҳайдовчисиз масофадан туриб бошқариладиган денгиз транспорти борасида фаол тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бир неча компаниялар ана шундай кемаларнинг синов вариантларини тайёрлашган ва ҳақиқий денгиз шароитларида синаб кўришган. Мазкур соҳанинг кейинги ривожи ана шундай денгиз транспорти эксплуатациясини мувофиқлаштирувчи норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги туфайли тўхтатмоқда. Бироқ денгиз қонунчилиги барча жорий масалаларни назорат қилиши биланоқ автоном режимда ишлайдиган янги кемалар пайдо бўлишини кутиш мумкин.

Top