19:07 / 03.07.2019
73134

Ким Чен Иннинг лимузини атрофида нима учун тансоқчилар югуриб юриши маълум бўлди

Фото: Korea Summit Press Pool via AP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг машинасини тансоқчилар ўраб олишига сабаб у болалигида Клинт Иствуд иштирокидаги фильмда худди шу усулни кўрган. Бу ҳақда Insider журнали хабар берди.

Журналистлар бу маълумотни Washington Post мухбири Анны Фифилднинг «Буюк ворис: ажойиб ўртоқ Ким Чен Иннинг идеал тақдири» номли китобидан олишди. Китобда тансоқчилар қандай танлаб олиниши ҳақида ҳикоя қилинади.

Номзодлар саломатлиги, руҳий ҳолати ва ҳатто ташқи кўриниши бўйича ҳам талабга мос келиши керак – асосан бўйи давлат раҳбариники билан тенг бўлганлар олинади.

Тансоқчилар таэквондо, сузиш, жанг тактикасини ўрганишади. Бундан ташқари, улар турли қуроллардан фойдаланишни ҳам ўрганишади.

Улар Кимнинг лимузинини кузатиб бориш учун югуриш билан кўп шуғулланишади. Бундай қўриқлаш ҳақидаги ғоя унга болалигида кўрган «Ёнғин чизиғи» фильмидан келган. Фильмда бош ролни – АҚШ президенти Жон Кеннедининг махфий хизмати ходими ролини актёр Клинт Иствуд ўйнаган.

Нашрнинг ёзишича, КХДР раҳбарининг шахсий хавфсизлиги билан 100 мингга яқин киши шуғулланади.

Top