17:10 / 08.07.2019
11997

ИИББ: 10 июлдан йирик бозорлар яқинида тўхташ қоидалари бузилишини қайд этувчи камералар иш бошлайди

Фото: Shutterstock

Автомобилни қолдириш учун жой қидириш давомида ҳайдовчилар 3.27 белгисини «пайқамасликка» кўникиб қолишган, бу эса пойтахт йўлларида тирбандликка олиб келиб, транспорт ва пиёдалар ҳаракатига халал беради, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ сайтида. 

Қайд этилишича, ушбу белги остида транспорт қолдириш мумкин эмаслиги Йўл ҳаракати қоидалари томонидан бекорга белгиланмаган. Аксарият ҳайдовчилар белгиланган жойгача ортиқча 100 метр масофа босиб ўтишга эриниб, 3.27 белгиси остида бир неча дақиқага тўхтаса ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлашади. Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузилиши нуқтаи назаридан пойтахт бозорлари энг муаммоли жойлар ҳисобланади.     

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

10 июль кунидан Тошкентнинг бир нечта бозорлари яқинидаги йўллар бўйлаб тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилишини қайд этувчи автоматлаштирилган фото ва видеокамералар иш бошлайди. Масалан, Чилонзор туманини Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг ўзидаёқ 3.27 белгисини менсимаганларни қайд этишга мўлжалланган 4 та стационар автоматлаштирилган камера ўрнатилган. Ҳозирги вақтда Абу-Сахий, Бек Тўпи, Ипподром, Ўрикзор бозорлари йўлларида автоматлаштирилган тизим ўрнатилган бўлиб, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Ўрнатилган камералар 360 градусга ўгирила олади. Автомобиль мумкин бўлмаган жойда тўхтагач, видеокамера автоматик тарзда (инсон аралашувисиз) вақтни ва «қоидабузар» автомобилнинг давлат рақамини қайд этади. Маълумотлар онлайн тарзда базага йўналтирилади, у ерда эса AutoCon-SC/M дастурий таъминот жарима солиш бўйича Қарорни шакллантириб уни «Ўзбекистон почтаси» АЖга қоидабузарга жўнатиш учун йўллайди. Хатда жаримани 60 кунлик муддат ичида тўлаш зарурлиги, ушбу муддат тугагач тизим хатга бириктирилган квитанцияни автоматик тарзда тўсиб қўйиб, жарима тўланмаганлиги тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюросига (МИБ) жўнатиши маълум қилинади. МИБ, ўз навбатида, транспорт воситаси эгасининг номига расмийлаштирилган мулкка тақиқ қўяди. Ушбу санкциялар қоидабузар-автомобиль эгасига олди-сотди келишувларини олиб боришга йўл қўймайди. ЙҲҚни бузганлик учун жаримани ўз вақтида тўламаслик ҳам қўшимча моддий харажатларга олиб келади. 

Бундан ташқари, камера қоидабузарликни қайд этиб уни Марказга йўллаганидан кейин, тўлов муддати давомида сизга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилади. Хусусан, сизда машинани ИИББ ЙҲХБ туманлараро бўлинмаларида техник кўрикдан ўтказиш ёки бошқа фуқаронинг номига расмийлаштириш имкони бўлмайди. Ушбу чеклов бўлажак харидорни «қарздор» машина сотиб олиб қўйишда ҳимоя қилади. 

Эслатиб ўтамиз, 3.27 белгиси остида автомобилни тўхтатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига мувофиқ ЭКИҲнинг 3 бараваригача (608 190 сўм) жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

ИИББ ҳайдовчилар ва транспорт воситасини ижарага берган фуқароларга жарималар мавзусига эътибор беришларини тавсия этган. ЎзР МЖКнинг 17-1-моддасига мувофиқ, Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

“Тўхтаб туриш жойини танлашда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилинг! Бозорга келганда автотураргоҳ хизматларидан фойдаланинг”, - дейилади маълумотда.

Top