23:37 / 30.07.2019
9887

Шумахернинг дўсти унинг тузалаётганини маълум қилди 

"Формула-1" бўйича етти карра жаҳон чемпиони Михаэль Шумахер тузалмоқда. 50 ёшли автопойгачи телевизор орқали 2019 йилги Гран-при мусобақаларини ҳам томоша қилмоқда. Бу ҳақда пойгачининг яқин дўстларидан бири, Халқаро автомобиль федерацияси президенти Жан Тодтга таяниб Radio Monte-Carlo хабар берди.

Ferrari жамоасининг собиқ спорт директори Шумахер оиласига ҳурмати боис спортчининг соғлиги ҳақида кўп нарсаларни ошкор этмасликка ҳаракат қиларди. Аммо бу сафар Тодт ўзини тийиб туролмади ва пойгачи ўзини анча яхши ҳис қилаётганини маълум қилди.  

— Бундай баёнотлар беришда эҳтиёткорман, аммо айтадиганларим ҳақиқат. Биз Михаэль Шумахер билан унинг Швейцариядаги уйида телевизор кўриб ўтирдик, — деди Тодт.

Шумахер 2013 йил декабрда Альп тоғидаги тоғ чанғи курортида йиқилиб жароҳатланганидан буён Жан Тодт ундан мунтазам хабар олиб туради. Пойгачи қор остидаги қояга қоқилиб боши билан тошга тушган. У ўшандан буён ҳаракатлана олмайди.

Top