14:20 / 07.09.2019
1
21317

Тошкентда шаҳарнинг уч ўлчовли харитаси ва ташкилотлар маълумотномаси - 2GIS яратилди

Фото: LiveJournal

Ўзбекистон Республикаси пойтахтида автомобиль навигатори ва ташкилотларнинг маълумотномаси жамланган шаҳарнинг 3Д форматидаги харитаси - 2GIS ишга туширилди.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, харитага 217 000дан ортиқ бинолар киритилган, шунингдек, 35 000та ташкилотлар ҳақида уларнинг фаолият тури, иш тартиби, хизмат турлари ва бошқа маълумотлар жамланиб, киритилган.

Қайд этилишича, 2GIS фойдаланувчига кўплаб қулайликларни тақдим этади. У орқали кафе ва ресторанлардаги нарх-наво, энг яқин дорихона, соғломлаштириш марказлари ёки меҳмонхона ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Шунингдек, 2GISни тайёрлаган мутахассислар кўп қаватли уйларнинг 37 000та кириш йўлаклари ҳақида ҳам маълумот тўплаб, лойиҳага киритганлар. Бу эса бирор манзилни излаётганлар учун қулай бўлиб, улар уй ва хонадон рақамига кўра, қайси йўлакка келишлари лозимлигини билиб олишлари мумкин.

Умуман, 2GIS фойдаланувчига исталган манзилга етиб боришда яхши йўл кўрсаткич вазифасини бажара олади. Агар унинг мобил иловаси юклаб олинса, йўл давомида йўл белгилари, кўчалардаги тўсиқлар ҳақида ҳам огоҳлантиради, шунингдек, борадиган манзилга олиб борувчи бир неча йўналишларни кўрсатади.

Шунингдек, дастур орқали йўналган манзил қанча масофада жойлашгани, унинг атрофида қандай объектлар борлигини ҳам билиш мумкин. Ушбу дастурнинг мобил иловасини юклаб олиш бепул, шунингдек, 2gis.uz сайтига кириш орқали ҳам ундан фойдаланиш мумкин.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top