20:18 / 29.09.2019
0
6396

МСК аъзоси Шерзодхон Қудратхўжаев Андижонда сайлов жараёнини ёритиш бўйича тренинг ўтказди

Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида бўлажак парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнига бағишланган анжуман ташкил этилди.  Уни Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжаев олиб борди.

Учрашувда вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари, мухбирлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари матбуот хизматлари раҳбарлари иштирок этишди.

Шерзод Қудратхўжаев 22 декабрдаги парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов кампанияси «Янги Ўзбекистон – янгича сайловлар» шиори остида ўтишини маълум қилиб, сайлов мутлақо бошқача руҳда кечишини таъкидлади. Бу жараёнда журналистлар ўрни ва аҳамияти ҳақида кенг тушунча берди.

«Ўзбекистонда сиёсий иштиёқни ҳис қилиш даври келди. Фуқароларимиз депутатлар сайлови масаласида ўз қарашларига эга бўлишлари муҳим. Сайлов янгиланаётган Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини ифодалаб беради.

Ҳокимият учун курашда сиёсий партиялар қонун доирасида беаёв рақобатга киришиши зарур. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан 600 нафар кузатувчи ташрифи кутилмоқда. Сайловнинг ҳар бир босқичи, ҳар бир жиҳати баҳоланади. Журналистларидан бу жараённи малакали ёритиб бериш талаб қилинади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Журналистларга сайлов кампаниясига мутлақо бошқа, умумдавлат нуқтайи назаридан ёндашиш, жаҳон тажрибасини инобатга олиб, таҳлилий мақолалар тайёрлаш борасида тушунчалар берилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top