Ўзбекистон | 14:40 / 29.10.2019
7207
3 дақиқада ўқилади

Олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш бўйича топшириқ ижроси ҳамон таъминланмаган

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий таълим муассасаларига молиявий масалаларда мустақиллик бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ ижроси ҳамон таъминланмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

2019 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссия мажлиси бўлиб ўтди. Унда Давлат дастурида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифалар ва 2020 йилдаги Давлат дастурига киритиш учун таклифлар муҳокама этилди.

Билдирилишича, Давлат дастурининг 221-бандида 1 июлга қадар 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб давлат буюртмаси ва табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали олий таълим муассасаларини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш, уларга молиявий масалаларда мустақиллик бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Президентнинг 2019 йил 11 июлдаги тегишли қарори билан таълим масканларини янги тизимга ўтказиш тартибини тайёрлаш муддати 2019 йил 1 октябрга қадар узайтирилган. Бироқ, шунга қарамасдан, топшириқ ижроси ҳамон таъминланмаган.

Давлат дастурининг 231-бандида “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга 2 трлн. сўм сарфланиши ва 50 мингта янги иш ўрни яратилиши қайд қилинган. 2019 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 1 848 та бизнес-лойиҳага жами 412 млрд. сўм ажратиш орқали бор-йўғи 7 778 та янги иш ўрни яратилган. Ижроси учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул бўлган ушбу муҳим вазифа бажарилмай қолаётгани жиддий изоҳ талаб қилиши мажлисда алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, комиссиянинг ўтган мажлисида ушбу масала муҳокама этилиб, қабул қилинган қарорда мутасаддиларга алоҳида топшириқлар берилган, лекин ҳануз амалий натижа кўринмаяпти.

Бу ва бошқа камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, Давлат дастурида белгиланган ва ижроси қониқарсиз бўлган вазифалар учун масъул идоралар мутасаддиларининг жавоблари эшитилди.

Мажлисда кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан ҳам Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссиянинг қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид