23:13 / 21.11.2019
0
7263

«Формула-1» жамоаси самолётда вазнсизлик ҳолатида пит-стоп ўтказди (видео)

«Формула-1» пойгаларида иштирок этувчи Aston Martin Red Bull Racing жамоаси механиклари вазнсизлик ҳолатида пит-стоп ўтказишди, яъни пойга болидининг 4 та ғилдирагини алмаштиришди.  

Мутахассислар 10 минг метрдан кўпроқ баландликда Россиянинг Ил-76 МДК самолётида RB1-2005 пойга болидининг ғилдиракларини алмаштиришган. Ушбу самолёт фазогирларни вазнсизлик шароитида ишлашга тайёрлашда қўлланади. Самолётда вазнсизлик ҳолатини яратиш учун самолёт парвоз вақтида параболик траектория бўйича ҳаракатланади: дастлаб 45 даража бурчак остида кўтарилади, сўнгра эркин тушиш билан шўнғийди. Шу манёвр вақтида самолёт ичида тахминан 22 сонияга вазнсизлик ҳолати вужудга келади. 

Жамоада ҳар бир эпизодни олишга 15 сония вақт бўлган.

Парвоз олдидан пойга жамоасининг 16 механиги ва суратга олиш гуруҳининг 10 аъзоси вазнсизлик шароитида болиднинг ғилдиракларини алмаштириш бўйича тайёргарликдан ўтишган. 

Ҳозирда “Формула-1”да пит-стоп одатда 2-2,4 сония вақт олади. Бу вақт ичида механиклар машинадаги 4 та ғилдиракни алмаштиришга улгуришади. 

Таъкидлаш жоиз, пит-стоп вақти бўйича рекорд ҳам Red Bull’га тегишли: ўтган дам олиш кунлари “Формула-1”нинг Бразилиядаги босқичида жамоа механиклари пойгачи Макс Ферстаппеннинг болидидаги ғилдиракларни 1,82 сонияда алмаштиришга муваффақ бўлишди. Голландиялик пойгачи эса пойгада ғолиб бўлди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top