Ўзбекистон | 21:18 / 03.02.2020
5789
3 дақиқада ўқилади

Адҳам Бекмуродов: Кўп соҳаларда маҳсулотларимиз қийматининг 70 фоизи – моддий харажатлар

Фото: British Council

3 февраль куни Британия Кенгаши томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон олий таълимида ижодий тадбиркорликка ўқитиш интеграцияси» конференциясида «Эл-юрт умиди» жамғармаси директори Адҳам Бекмуродов сўзга чиқди.

Бекмуродов ижодий тадбиркорлик мавзуси долзарблигини таъкидлаб, айрим статистик маълумотларни келтирди.

Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг жами ташқи савдо айланмаси орқали келадиган пулни британияликлар таълим хизмати экспортидан топишади.

«Бу – 40 миллиард долларга яқин. Ёки, британияликлар ЯИМнинг 80 фоизига яқин кўрсаткичини хизматлар ташкил этади. Моддий жиҳатдан деярли ҳеч нима сарфлашмайди, экологияга зарар кўрсатишмайди, лекин катта маблағ ишлаб топишади», – дея Адҳам Бекмуродовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таққослаш учун, 2019 йилнинг дастлабки уч чорагида хизматлар соҳасининг Ўзбекистон ЯИМдаги улуши 35,9 фоизни ташкил этган.

Бекмуродовнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги кўплаб соҳаларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қийматининг деярли 70 фоизи моддий харажатлардан иборат.

«Яъни турли хом-ашёлар қазиб олиб, рельефга салбий таъсир кўрсатамиз. Йилига бир неча миллиардлаб товар ишлаб чиқариш учун жуда улкан моддий ресурсларни сарфлаймиз. Ижодкорлик орқали катта пул топишимиз мумкин. У биз учун жуда муҳим», – дея тушунтирди у.

Фото: British Council

Унинг сўзларига кўра, ижодкорлик нафақат тадбиркорлик, балки давлат хизмати учун ҳам зарур.

«Жамғармамиз Президент администрацияси ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошида фаолият юритади. Унга ижодкор кадрлар жуда зарур. Чунки ҳар куни турли хил топшириқ, дастур, лойиҳаларни кўрамиз. Уларда ижодкорлик, инновацияларни қўллаш ғояларни амалга оширилишини анча енгиллаштирган бўлар эди. Бу ҳам жуда муҳим.

Кеча давлат хизматларини олиш учун жуда кўп вақт сарфлар эдик. Бугун айрим ёшларимиз томонидан амалга оширилган ижодкорлик орқали уйда, офисда ўтириб, ана шу хизматлардан фойдаланишимиз мумкин. Ўйлайманки, агар бу соҳада ҳам ижодкорликни қўллаб-қувватласак, нафақат иқтисодиётимиз, балки давлат бошқаруви ҳам ютган бўлар эди», – деб қўшимча қилди «Эл-юрт умиди» жамғармаси директори Адҳам Бекмуродов.

Мавзуга оид