10:29 / 25.02.2020
2
14558

Туркманистон конституцияси собиқ президентларга парламентда умрбод аъзоликни кафолатлайдиган қилиб ўзгартирилмоқда 

Туркманистонда конституцияга собиқ президентларга парламентнинг янги ташкил этилаётган юқори палатасида жой кафолатлайдиган ўзгартиришлар тайёрланди.    

Гурбангули Бердимуҳамедов/Фото: Valery Sharifulin\TASS

Ушбу ўзгартиришлар лойиҳаси Туркманистонда икки палатали парламент ташкил этилишини кўзда тутади. Ушбу парламентда ҳозирги Межлис қуйи палатага айланади ва янги юқори палата – Халқ Маслаҳати пайдо бўлади.

Таклиф қилинаётган ўзгартиришларга кўра мамлакатнинг собиқ президентлари парламентнинг юқори палатасининг умрбод аъзоларига айланишади, унинг спикери эса президент оғир касалликка учраса ёки вафот этса янги давлат раҳбари сайлангунгача президент вазифасини бажаради. Шу билан бирга юқори палата ва Межлис раҳбарлари яширин овоз бериш билан сайланади. Юқори палатанинг аъзоси ва демакки раиси ҳам бир вақтда вазир, ҳоким, арчин (маҳаллий ҳокимият идоралари бошлиғи), судья ёки прокурор лавозимларини эгаллай олмайди. Айни вақтгача бу чекловлар Межлис аъзоларига нисбатан амал қилган. 

Бунгача Туркманистон конституциясида собиқ президентлар тақдири ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Фақатгина президент оғир касалликка учраса ёки вафот этса, унинг мажбуриятларини Межлис раиси бажариши айтиб ўтилган.

Лойиҳага кўра, у  муҳокама қилиниб, парламент томонидан маъқулланса, ўзгартиришлар 2021 йил 1 январдан кучга киради. 

Туркманистоннинг ягона собиқ президенти Сапармурот Ниёзов 2006 йилда вафот этган ва кузатувчилар конституцияга киритилмоқчи бўлаётган ўзгартиришларни 62 ёшли президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳокимиятни топширишга тайёрланаётгани сифатида баҳолашмоқда.

Бердимуҳамедов февралда 38 ёшли ўғли Сардорни Туркманистонда янги ташкил этилган саноат ва қурилиш вазирлигига раҳбар этиб тайинлаганди. Бу эса президент ўз ўрнига ўғлини тайёрлаётгани ҳақида гап-сўзлар урчишига сабаб бўлган. Бунгача Сардор Бердимуҳамедов Туркманистоннинг Ахал вилоятига раҳбарлик қилган ва ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Сапармурот Ниёзов вафотидан кейин ўшанда бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган Гурбангули Бердимуҳамедов давлат раҳбари лавозимини бажара бошлаган, 2007 йилдаги сайловларда эса президент этиб сайланган. У 2017 йилда янги етти йиллик муддатга президент этиб қайта сайланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top