16:50 / 08.03.2020
3
22305

Кимёгар Улуғбек Каримов – ёшларнинг нега ижтимоий фанларга кўпроқ қизиқиши, олим қаршисидаги тўсиқлар ва ёшлар салоҳияти ҳақида

Улуғбек Каримов – Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё-биология бўлими раҳбари ўринбосари. У бир вақтнинг ўзида Ўсимлик моддалари кимёси институтининг алколоидлар кимёси лабораториясида катта илмий ходим сифатида ҳам фаолият юритади.

Kun.uz мухбири илм-фан суҳбатлари рукни доирасида Улуғбек Каримов билан суҳбатда бўлиб, Ўзбекистон илм-фанининг бугунига оид қатор саволларга жавоб олди.

«Дастлаб, мактаб даврида ботаника фанига қизиққан бўлсам, кейинчалик ижтимоий фанларга ҳам кўпроқ эътибор қаратганман, бироқ барибир охирида табиий фанлар йўналиши бўйича олий таълим дипломига эга бўлдим.

Магистратурага эса имтиёзли равишда қабул қилинганман. Кейинчалик Хитой Фанлар академияси университетида докторантурани тамомладим. Шу тариқа ҳаётим илм билан бевосита боғланган», – дейди олим.

«Бошқарувдаги фаолиятимдан мақсад – ҳужжат ишларини камайтириш»

– 2014 йил Хитойда таълимни тугатиб қайтганимдан сўнг дипломни нострификация қилиш муаммосига дуч келдим. Бу мен учун катта муаммо бўлди. Сабаби – шунча пайт ўқиб-ўрганиб келиб, ҳужжатимни тасдиқлатишга қийналганман.

Ўша пайтда ташкилий бўғинда қилиниши керак бўлган қанча ишлар борлигини ҳис қилганман. Шунинг учун айни шу бўғинда ҳужжатлар билан боғлиқ ишларни озгина бўлса-да, камайтириш учун ҳаракат қилишни мақсад қилганман.

Аслини олганда, илмий-тадқиқот муассасаларимизда фан доктори, профессор унвонига муносиб жуда кўп олимларимиз бор. Фақат улар ҳужжат билан боғлиқ ишларни бажаришга қийналишади.

Лекин, аксинча, олимга имкон қадар эркинлик берилиши керак. Шундай қилинса, унинг қўйилган мақсадга эришиши осонлашади.

«Билим даражаси учун ёшларни айбламаслик керак»

– Бугун кўпчилик энди фанга кириб келаётган ёшлар салоҳиятидан нолийди. Ваҳоланки, таълим маълум муддат ўз ҳолига ташлаб қўйилган: талабанинг рейтинг дафтарчасига «3» ёки «4» қўйилган ва унинг илмий салоҳияти ҳақида унчалик ўйланмаган.

Бироқ ҳозир таълимга ҳам эътибор яхшиланиб боряпти. Фан учун керак бўлган ва вақт тақозоси билан вужудга келган янги фанлар Ўзбекистонга ҳам кириб келяпти. Булар ўз натижасини беради, деб умид қиламиз.

Шароит бўлмаган ва амалиётда ишлаб кўрмаган ёшлар фан ҳақида, жараён ҳақида мавҳум тарзда бўлса ҳам билади. Бироқ амалиётда қўллашга келганда довдираб қолиши мумкин. Ва охирида эса ўнтадан биттасигина эплаб кета олади.

Ана шу ҳолатда олимлар «Ёшларимизнинг савияси паст», деб хавотирлана бошлашади. Савияси паст эмас, талаб қилинаётган нарсаларни ўрганишга уларда етарлича шароит бўлмаган. Ёшларни айблаш керак эмас.

Олимни нималар чеклайди?

– Моддият, маънавият билан боғлиқ чекловлар ва ҳисоботлар, назаримда.

Фикримни мисоллар билан таҳлил қиладиган бўлсам, қайсидир фанларда тадқиқот олиб бориш учун қоғоз, қалам ва интернет тармоғига уланиш етарли бўлиши мумкин. Бироқ кимё фани тадқиқотлари сарф-харажат талаб қилади. Бу фан доирасидаги тадқиқотлар учун турли моддалар, ускуналар керак бўлади.

Тажрибада ишлатиладиган битта моддани сотиб олиш учун 80 минг сўмдан 100 минг сўмгача талаб қилиниши мумкин. Бироқ уни сотиб олишнинг ҳам тартиби бор. Молия вазирлиги қўйган талабга кўра, бу каби керакли нарсалар онлайн платформа орқали сотиб олинади.

Бироқ бизга керакли маҳсулот керакли пайтда электрон биржада бўлмаслиги мумкин. Лекин у бошқа бирор жойда савдода бўлади. Бизда эса фақат онлайн платформа орқали сотиб олиш мумкин. Шунақа ҳолларда айрим олимлар ўз чўнтагидан сарфлаб, тажрибасига керакли моддани сотиб олишади. Ваҳоланки, айрим олимларда бунга имконият етмаслиги мумкин.

Бу талаб туфайли ишларимиз маълум муддат тўхтаб қолади. Ёки айрим вақт кутиб турмайдиган тажрибаларни бутунлай бошдан бошлашга тўғри келади.

Бундан ташқари, етакчи олимларимизнинг ҳисоботлар билан банд бўлиб қолиши ҳам фандаги чегаралардан бири.

Чораклик, ярим йиллик ҳисоботлар бекор қилиниб, олимга бир йиллик талаб қўйилиши ва ўша талаб бажарилиши ёки бажарилмаслигига қараб, чора кўрилиши тарафдориман.

Чунки олимга эркинлик берилса, у кўзланган мақсадга эришиши осонроқ бўлади.

Тўсиқнинг маънавий тарафига келсак, бу ўзимиз қўйган тўсиқлар. «Кел, шу одамни ранжитмай», деб ўйлаш ёки қайсидир вазирлик ходими бўлса, эртага ишим тушади, деб ўйлаб жим туриш ҳам ишимизга тўсиқ бўлади. Мана шу маънавий тўсиқ ҳал бўлиши учун камида уч авлод алмашиши керак.

«3 минг ходим ишлайдиган академияга юз нафаргина ёш амалиётчи қабул қилинди»

– Ёшлар ўтган йилидан бошлаб бир йиллик стажёрлик дастури асосида жалб этила бошланди. Белгиланган бу бир йил муддатда магистратурани тугатиб келган ёш кадр ҳужжатлар билан ишлашни, илмий мақолалар ёзишни ва бошқа тартиб-қоидаларни ўрганади.

Ўтган йилги стажёрлик дастури қабулида 3 минг ходим ишлайдиган, 30та институтни бирлаштирган Академияга 100 нафаргина амалиётчи ёш қабул қилинди. Ишончим комил, белгиланган муддат тугагач, кейинги босқичга – докторантурага уларнинг атиги 70 фоизи ўта олади холос.

Нега стажёр 100 нафаргина? Кечирасиз-у, 30та институтда 5тадан лаборатория бўлса, бу камида 150та лаборатория дегани. Айрим институтларимизда 10-12талаб лабораторияси бор.

Бир томондан ҳаракат қиламиз деймиз-у, молиявий ва бошқа жиҳатлар билан чегараланиб қолганмиз, иккинчи томондан эса ўзимизда бор имкониятдан тўлиқ фойдалана олмаймиз.

Айни шу ўринда – кадр етиштириш йўналишида Фанлар академиясига рақобатчи керак.

Ҳозир университетни тугатгандан сўнг ё ёшларнинг ўзи академияга келади, ёки биз уларни таклиф қиламиз. Бироқ кўп ҳолларда фан ичида юрган олимларимиз ёшларнинг савиясидан нолишади.

Агар биз ўзимизга ўзимиз кадр етиштирсак, бу муаммо ҳам ечилиши мумкин бўларди. Ва мана шу ўринда академия олий таълим билан рақобатчи бўлади. Бу, ўйлайманки, яхши ўзгаришларга сабаб бўлади.

Олим қандай шароитда ишлаши керак

– Олим таъсирчанроқ бўлади. Унинг иши ижодий эркинликдан иборат. Гоҳида узоқ муддатдан бери қила олмаётган бирор ишни жуда тез муддатда тугатиш ҳам мумкин, гоҳида эса бунинг тескариси.

Шунинг учун олим эркинликда ишлаши керак, деб ўйлайман.

[Олимнинг моддий шароити жуда яхши бўлиши керак]. Уйидан чиққанида эшигининг тагида лимузин туриши керак (кулади).

ЎзФАда цензура йўқлиги ва Ўзбекистондаги кашфиёт учун чет элда Нобель мукофоти олишгани ҳақида

– Фанлар академиясида ижод эркинлигидан сўз эркинлигигача цензура йўқ. Фақат қайсидир жиҳатдан: кераксиз нарсани гапириб қўймаслик учун маълум талаб – цензура қўйилиши мумкин.

Айтайлик, қайсидир масала ҳал қилинаётган ёки устида бош қотирилаётган пайтда у ҳақида гапириб ўтириш керак бўлмаслиги мумкин.

Фақат илмий цензура мавжуд бўлиб, илмий ишни очиқ чоп этиш мумкин ёки йўқлигини баҳолаб берувчи эксперт хулосаси олиниши талаб этилади.

Бу нарсани қўллаб-қувватлайман: илмий иш салоҳиятини баҳолашда эксперт хулосаси жуда яхши ёрдам беради.

Чунки бизда илмий ишланманинг аҳамиятини етарлича баҳолай олмаслик туфайли муваффақиятдан бебаҳра қолган ишлар ҳам бўлган.

Бизда ҳам яхши ишланмалар ва ютуқлар бор. Лекин унинг аҳамиятини баҳолашга келганда қийналамиз.

Жавобим охирида айтишим мумкинки, бизда цензура эмас, «ўзбекчилик» бор, холос.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуридддин Нурсаидов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top