17:41 / 15.03.2020
4392

Икки кунлик ҳашар: Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида энг кўп дарахт кўчатлари экилди

Икки кунлик ҳашарда Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида энг кўп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Бу кўчатларнинг сони 10 мингдан, республика бўйича 41 минг 500 тадан ортиқни ташкил қилди.

Жорий йилнинг 14−15 март кунлари маҳаллалар, аҳоли турар жойлари ва бошқа қатор ташкилот бинолари атрофида «Обод юрт» умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари ўтказилди. 

Ҳашар фонди вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар томонидан ихтиёрий маблағлар тўпланган ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг банкдаги ҳисобварақларига ўз ташаббусларига кўра ўтказилган. Қолган маблағлар эса кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, ёлғиз қарияларга, пенсионерларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланган.

“Бу йилги ҳашарда манзарали ва мевали дарахтларни экишга кўпроқ эътибор қаратдик. Чунки дарахтлар сонини қанча кўпайтирсак, нафас олаётган ҳавомиз шунчалик тоза ва тўйимли бўлади. Бунинг учун турли хил оммавий лойиҳалар ишлаб чиқдик. Бундан асосий мақсадимиз дарахт кўчатларини экишдан ташқари, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, шаҳарларимизни обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда келгуси авлодга она табиатни бундан-да гўзал етказишда аҳоли ва жамоатчиликнинг эътиборини жалб қилган ҳолда, бундай ишларда иштирок этишга ундаш ҳисобланади”, деди Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусов.

Ҳашар давомида жами 41 минг 500 дан ортиқ дарахт кўчатлари экилган бўлиб, унинг асосий қисмини “каштан” дарахтини (9125 та) ташкил қилди. Бу дарахт кўчатларининг маблағлари “Мерос” жамоат фонди томонидан молиялаштирилган. Ҳашарчиларнинг асосий қисмини маҳаллий аҳоли, волонтёр ёшлар, фаол соҳа ходимлари иштирок этишди. Хусусан, Тошкент шаҳри бўйича 18 мингга яқин аҳоли қатнашишган. Бундан ташқари ҳашарчиларнинг кайфияти ва иштиёқини кўтариш мақсадида Сергели туманида катта байрам ташкил қилинди. Унда санъаткорлар иштирок этишди ва байрам кўтаринки руҳда якунланди.

Мазкур лойиҳалар доирасида кўчатларни экишдан ташқари уларни парваришлаш ва мониторинги амалга оширилади. Бу борада “Мерос” жамоат фонди иш олиб боради ва ҳар уч ойда экилган кўчатларни мониторинг қилади.

Top