18:22 / 16.03.2020
3404

Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди

Фаолият юритаётган давлат нотариал идоралари нотариусларига хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар фақатгина уларнинг аризасига асосан Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан тўғридан-тўғри расмийлаштириб берилади.

Фото: Shutterstock

Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Қарор билан: 
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларни ҳисоб рўйхатига олиш тартиби тўғрисидаги низом;
Нотариал округдаги нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатда белгиланишича, давлат нотариал идоралари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ундириладиган давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади:

80 фоизи — туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига;
10 фоизи — бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасини шакллантиришга;
10 фоизи — хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг  банкдаги ҳисобварағига ҳамда тегишлича адлия органларининг шахсий ғазна ҳисобварақларида жамлаш йўли билан давлат нотариал идоралари ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларининг мурожаатларига кўра нотариал ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ундириладиган давлат божининг туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига келиб тушадиган қисмини 10 фоизгача камайтириш орқали давлат божининг 20 фоизгача бўлган қисмини ўзини ўзи молиялаштириш имконияти мавжуд бўлмаган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар тасарруфида қолдириш ҳуқуқи берилди. 

Қарорда белгиланишича: 

давлат нотариал идоралари нотариусларини танлов асосида тайинлаш тартиби сақлаб қолинади;

фаолият юритаётган давлат нотариал идоралари нотариусларига хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар фақатгина уларнинг аризасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан тўғридан-тўғри расмийлаштириб берилади.

Top