Спорт | 15:51 / 21.03.2020
18327
2 дақиқада ўқилади

Таиланддаги кикбоксинг жанги коронавирус инфекциясининг оммавий тарқалишига сабаб бўлди

6 март куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Муай-тай бўйича ўтказилган жанглар COVID-19 коронавирусининг оммавий тарқалишига сабаб бўлди.

Фото: AP Photo/Gemunu Amarasinghe

Lumpini стадионидаги ёпиқ залда ўтказилган жангларни 5 мингдан ортиқ мухлис томоша қилган. Уларнинг орасида коронавирус юқтирганлар сони 104тани ташкил қилмоқда. Бу эса мамлакатдаги (411) кўрсаткичнинг учдан биридан ҳам кўпроқдир. Бундан ташқари, жангларни томоша қилганлар орасида яна юзлаб одамлар вирус ташувчи бўлиши мумкинлиги ҳукуматни хавотирга солмоқда.

Ёпиқ залда ўтказилган Муай Тай мавсумининг илк йирик жанглари кечки соат 6да бошланиб, ярим тундан оғганидан сўнг якунига етган. Бир неча кундан кейин Муай Тай кечасининг фаол иштирокчиси, австралиялик Мэтью Дин Чантхавани «Инстаграм» саҳифасида нохуш хабарни эълон қилди.

«Бу ҳазил эмас. Сўнгги кунларда мен билан яқин алоқада бўлган инсонлар эҳтиёт чораларини кўрсин. Менда Covid-19 вируси борлиги аниқланди», - деб ёзди Мэтью 13 март куни.

Қайд қилиш жоизки, Муай Тайнинг ашаддий ишқибози бўлмиш Чантхавани жанглар ўтказилган пайтда боксёрлар ва промоутерлардан интервьюлар олган, шунингдек, лотерея иштирокчиларига совғалар тарқатган. 

У 10 март кунигача Бангкокда бўлиб, кейин уйига қайтган. Йўлда эса ўзини ёмон ҳис қилиб, шифохонага мурожаат қилган. Шунда унинг коронавирус юқтириб олгани аниқланган.

Ҳозирги пайтда жангни томоша қилганлар орасида коронавирусга чалинганлар сони кескин ошиб кетгани кузатилмоқда.

21 март кунги ҳолатга Таиландда коронавирус юқтириб олганлар сони 411тани ташкил қилмоқда. Мамлакатда (супермаркет ва дорихоналардан ташқари) барча савдо марказлари ва ресторанлар ёпилди.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус эпидемияси шароитида барча кўнгилочар тадбирларни ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, одамлар кўп тўпланадиган жойларга, тадбирларга бориш тавсия қилинмайди.

Мавзуга оид