Жамият | 18:30 / 27.04.2020
67722
10 дақиқада ўқилади

Оила мустаҳкам бўлишининг асосий шартлари нима? Исломда оилавий муносабатлар ҳақида

Қуръон ва раҳмат ойи – Рамазон муносабати билан Kun.uz ташкил этаётган туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Исломдаги энг муқаддас қадриятлардан бири бўлмиш оила, силаи раҳм, яъни қавм-у қариндошга яхшилик қилиш мавзуси ҳақида сўз юритилди.

Мавзу юзасидан Ислом таълимини Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Турматов сўзлаб берди.

Аллоҳ таоло Исломда Қуръони Карим орқали бандаларининг ҳаётини низомга, тартибга солиб қўйган. Бунинг йўл-йўриғини кўрсатиш учун муаллим қилиб Пайғамбар алайҳиссаломни юборган. Исломда оила ибодат даражасига кўтарилган.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳи ёзадилар: «Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсон билан давом этадиган иккита робита бор. Биринчиси – инсон қалбидаги иймони. Иймон саломат бўлса, бу дунёда ҳам жаннатда ҳам бирга бўлади. Иккинчиси – ўзининг ҳалол-пок оиласи. Банданинг бу дунёдаги ҳалол-пок оилавий ҳаёти жаннатларда ҳам давом этади. Қолган барча нарсаси жой-жойида қолади».

Оилада эркаклар аёлларга раҳбардирлар

Динимизда, ҳар бир жамият, ташкилот ва корхонанинг раҳбари бор. У бўлмаса, ўша жамиятнинг тартиби, фаолияти, интизоми бўлмайди. Шунингдек, оиланинг таъминоти масаласида ҳам Аллоҳ субҳанаҳу таоло Ўз Каломида кўрсатма қилиб, «Оилада эркаклар аёлларга раҳбардирлар», дейди.

Нима учун деганда, баъзисини баъзисидан афзал қилиб қўйгани учундир. Бу афзаллик нимада? Куч-қувватда, ирода, оиланинг таъминотчиси ва муҳофазачиси бўлгани нуқтайи назаридандир.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида бу саволга жавоб бериб, «мол-мулкидан сарфлагани учун ҳам эркак раҳбар бўлишини» билдиради. Эр киши оиласига таом келтирар экан, шунга садақа савоби ёзилади. Динимизда қайси бир амалга савоб ёзилса, у ибодат даражасига кўтарилади.

Оила қачон мустаҳкам бўлади?

Расули акрам алайҳиссаломнинг бир муборак ҳадислари бор: «Агар ким уйланса, яхши ният билан оила қурса, унинг динининг ярми мукаммал бўлди, қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин, Аллоҳдан қўрқсин», дея марҳамат қилганлар.

Шу оилани юритишда эр ва аёлнинг вазифалари, мажбуриятлари, бурч ва ҳуқуқлари мавжуд. Эр ва аёл буларни тўлиқ англаб етиши ва билиши керак.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Хайрулла домла Турматов

Қачон мўмин-мусулмон банда Аллоҳнинг шариатида кўрсатган одоблари, қоидалар ва ҳадларига амал қилса, шунда оила мустаҳкам бўлади.

Эрнинг аёли олдидаги вазифалари

Исломда эрнинг аёли олдида, аёлнинг эри олдида бурчлари бор. Эрнинг аёли олдидаги бурчлари икки хил бўлади. Биринчиси, молиявий бурчлар. Эр аёлининг маҳрини адо этиши, нафақа (таом, либос, бошпана, рўзғор анжомлари) билан таъминлаши керак. Бу вазифаларнинг яна бири тўйни ҳам эр томон қилиб беришидир.

Бугун Ўзбекистондаги барча оилаларнинг рўзғорбошилари мана шу вазифаларини тўлиқ англайди, деб айта оламизми? Улар тўлиқ англаганида, бугунги кунда одамларни ранжитадиган рақамлар келиб чиқмас эди. Оилаларнинг бузилиши, болаларнинг тирик етим бўлиши бугунги ҳолатга келиб қолмас эди.

Мисол, неча фоиз мўмин-мусулмонларимиз ҳақи маҳр деган нарсани батафсил билади?! Аҳли-аёлини таъминот қилиш қай даражада? Маълумки, оилада ким таъминотчи бўлса, шунинг овози баландроқ чиқади. Ҳозирда, кўпгина оилаларда аёлларнинг овози баландроқ чиқаётганини сезяпмиз. Нима учун деганда, бурч-масъулият борасида бироз ўрин алмашиб қолганини кузатмоқдамиз.

Тўйни куёв қилади

Оддий бир муаммо, никоҳ тўйини ўтказиш билан боғлиқ. Уни ўтказиш эрнинг гарданида. Абдуроҳман ибн Афв розиаллоҳу анҳу бир куни хурсанд бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб қолди. «Бунча хурсандсиз, эй Абдуроҳман», деб сўрадилар. «Ё Расулаллоҳ, кичкина майизнинг ярмидек келадиган тилла бор эди, шуни маҳрига бериб уйландим», деб хурсандчилигининг сабабини баён қилганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдиларки: «Ундай бўлса, битта қўй сўйиб, эълон ҳам қилинг».

Бу ўринда Пайғамбаримиз «Эй, Абдуроҳман, отангга айтгин, сенга тўй қилиб берсин», демадилар. Тўй қилиш саҳобийнинг ўзига айтилмоқда. Ёки қайнотангга айт, тўй берсин демадилар. Шу нарса – Исломда тўй харажатлари ҳам куёв боланинг зиммасида эканини билдиради.

Бугун биз нима қиляпмиз, ор-номус қаерда қолди? Оилавий ҳаётнинг бошланишидаёқ куёв бола ўз мажбуриятини келин томонга юклар экан, оиланинг тақдири, келажаги қандай бўлади? Камситишлар, ҳақоратлар ва оилавий ажримлар шунинг ортидан келмаяптими?!

Икки томоннинг орзу-ҳавасига муолажа борми?

Ортиқча бидъат-хурофотлар, орзу-ҳавасларни жиловлашда кўпгина эркакларнинг аёлларга сўзи ўтмаяпти. Барчалари эмас, албатта, бироқ шунақа нарсаларни деб, аёллар эрларига фармонбардор даражасига келмоқда. Ваҳоланки, оилавий ҳаёт ҳам бир ибодат. Бунга ҳам тайёргарлик кўриши керак.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйланмоқчи бўлган йигитларга: «Эй йигитлар жамоаси, сизлардан кимда ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин», деганлар.

Шу қодир бўлиш масаласида арабча «бо-ат» сўзи ишлатилган. Уни ўзбекчага таржима қилсак, никоҳга қодирликда жисмоний қодирлик, онгли-ақлий қодирлик ва моддий жиҳатдан оилани таъминлай оладиган қодирликни англатади. Бугун нима бўляпти? Шу учови топилмасаям, ота-она фарзандини уйлаб қўймоқда. Натижада бировнинг оқ-у қораси ҳам бебахт бўляпти.

Нима учун оилавий ҳаёт бу даражага келди? Бунга мутлақо тайёр бўлмасдан туриб, исломий қадриятлардан, Аллоҳнинг ҳукмларидан, миллатимизнинг тарихидаги қадриятлардан йироқлашиб, бошқа миллатларга тақлидан оилавий ҳаёт бошланмоқда. Ана шундан етарли муаммолар келиб чиқмоқда.

Аёлнинг эр олдидаги вазифалари

Аёлнинг эри олдидаги вазифа-бурчлари ҳақида сўз кетганда, биринчидан, эрнинг ризолигини топиш. Қайси аёл, эрнинг ризолигини топса, Аллоҳ ризолигини топади, жаннатнинг истаган 8 эшигидан киради. Ҳадисда шундай башорат келган.

Иккинчиси, эрининг шаънини, мол-мулкини, қадр-қимматини, иззат-ҳурматини асрайди. Учинчидан, эрининг виждонига айланиши керак. Эрининг ҳалол-покиза юришига, ота-онасидан хабар олишига, опа-сингил, ака-ука, қавм-у қариндошларидан хабар олишида хотин эрининг виждонига айланиши керак.

Саҳобайи киромлар ва улуғ зотларнинг аёллари, эрталаб ризқ деб кетаётган эрларига, «хожам, олиб келсангиз, ҳалол ризқ олиб келинг, биз бу дунёда очликка чидаймиз, аммо нопок ризқ еб, охиратда жаҳаннам азобига чидай олмаймиз», деб айтарканлар. Бугунги кунда бундай қадриятлар эртакка айланиб қолмадими? Аёлларимиз оилавий ҳаётда ҳалоллик, қавм-у қариндошлар билан силаи раҳм, иззат-ҳурматда қай даражада эрининг виждонига айлана олмоқда!?

Меҳр-оқибат чўнтакдаги телефонда қолди

Яна бир ҳадис бор.  Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким умри узун бўлишини, ризқида барака бўлишини ва ортимдан яхши из қолишини истаса, қариндош-уруғлари билан силаи раҳмда бўлсин», - дедилар.

Ҳозиргидек коммуникациялар ривожланмаган, транспорт воситалари кам вақтлар эди; имкониятлар ҳозиргидек эмасди, аммо ота-она, бобо-бувиларимиз юртнинг нариги бурчагидаги қариндошини иккита нон билан бориб, икки кун бирга яшаб, меҳр-оқибат кўрсатиб келарди. Бугун қайси инсон акамникига, отамникига, онамникига боряпман, бир кун суҳбат қилиб ётиб келаман, деб боряпти?!

Сизда, менда, барчамизда бор – ҳозир силаи раҳм телефонда қолди. Шунда ҳам инсоф қилиб, телефон қилганимиз бор, қилмаганимиз бор.

Илгари автобусда 5 тийинлик чипта олиб, шаҳарнинг бу четидан у четига қариндошиникига борган инсон, бугун ҳовлисида 3та машинаси бор, қариндоши билан борди-келдига вақт топа олмайди. Афсуски, имкон тополмаяпти, иккита ноннинг тенгини қила олмаяпти.

Силаи раҳмни узган Аллоҳ раҳматидан ҳам узилади

Бир одам Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: «Ё Расулаллоҳ, мен қариндошларимдан кўп азият кўраман, шунда ҳам борди-келди қиламан, йўқлайман. Шунга қарамай, улар менсимайди, ҳақорат қилади, менинг муомаламга яраша муомала қилмайдилар, нима қилай», деб мурожаат қилади.

Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен яхшиликда бардавом бўл. Боғланганни Аллоҳ боғлайди, узилганни Аллоҳ узади. Яъни сен боғланавер, Аллоҳ сенга боғланади, сенинг нима мурод-мақсадинг бўлса, Аллоҳ ҳосил қилади. Узилган Аллоҳнинг раҳматидан ҳам узилади», маъносидаги ҳадисни айтганлар.

Шунинг учун бундай яхшиликларда бардавом бўлиш керак.

Бирники мингга, мингники туманга

Ҳазрати Мусо алайҳиссалом даврларида 40 кун ёмғир ёғмади. Ҳаммаёқда қурғоқчилик, одамлар қийналган ҳолат. Мусо алайҳиссалом даштга чиқиб, сажда қилиб, Аллоҳга ёлвордилар, бир томчи ёмғир ёғмади. Бир одам туриб кетди ва бир қанча муддатдан сўнг қайтиб келгач, ёмғир ёғди. Мусо алайҳиссалом бунинг тафсилотини айтиб, дедиларки: «Ораларингизда қариндош-уруғидан узилган одам бор эди. Шунинг учун халқ Аллоҳ раҳматидан узилиб турганди».

Халқимиз бирники мингга, мингники туманга дейиши, бежиз эмас-да.

Шундай экан, ушбу Рамазон кунларида, барча яхши ниятли мўмин-мусулмонларимиз, халқимиз, бир-биридан ўтган жойлари бўлса, ҳозирги карантин чоралари туфайли қўнғироқ қилиб бўлса ҳам ҳол-аҳвол сўраб, фалон вақтда дилингизни оғритган эдим, узр сўрайман, деб қўйсалар, Аллоҳнинг раҳмат-мағфиратига чўмади. Рамазон ойида ҳам шундай ишлардан покланиб олмасак, қавм-у қариндошлар билан силаи раҳм буюк неъмат эканини билмасак, бизнинг мусулмонлигимиз қандай бўлади, ўзбекчилигимиз қаерда қолади?

Аксинча, хатоларимизни ўнглаб, аҳволимизга йиғлаб, ўзимизни ислоҳ қилиш ҳаракатида бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Модомики, бир қавм ўзини яхшилик узра ўзгартирмас экан, Аллоҳ ҳам уларнинг ҳолатини ўзгартирмайди», деб қўйган.

Аллоҳ бизнинг ҳолимизни яхшиликка ўзгартириши учун, биз ўзимиз яхшилик томон қадам босишимиз керак бўлади.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди

Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид