13:28 / 05.05.2020
5836

“Миллий тикланиш” партияси Сирдарё ва Бухорога ёрдам жўнатди

Фото: ЎзМТДП

Ўтган ҳафтада Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманлари, Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омбори атрофидаги ҳудудларда юзага келган табиий офатлар натижасида минглаб оилалар зарар кўрди, бошпанасиз қолди, инфратузилма объектлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етди.

Ушбу талафотлардан зиён кўрган оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан тезда  Ишчи гуруҳи тузилиб, амалий ишларга киришилди.

Партия тизимидаги барча ходимлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг1 кунлик иш ҳақи миқдорида пул маблағлари ажратилиб, жами 63 362 804 сўм инсонпарварлик ёрдами Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳисобига ўтказиб берилган бўлса, сардобаликларга кўрсатилган молиявий ёрдам 70 000 000 сўмни ташкил қилди.

Партия Марказий кенгашида марказлашган ҳолда “Зиёрат карвони” акцияси ташкил қилинди ва алоҳида ҳисоб рақами очилиб, партия ходимлари, депутатлар ва аъзолари томонидан беғараз ёрдам сифатида кундалик зарур маҳсулотлар тўпланмоқда ва пешма-пеш Сирдарё вилоятига жўнатилмоқда.

Жумладан, 3 май куни 50 000 000 сўмга яқин озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак ва уй-рўзғор буюмларидан ташкил топган инсонпарварлик ёрдами Сирдарё вилоятига юборилди. 4 май куни эса сардобаликларга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.

Хайрия тадбирларида партиянинг 1250дан зиёд депутатлари фаол иштирок этмоқда. Айни кунда Сирдарё вилоятидаги партия ташкилоти фаоллари ва депутатлари Сардоба туманидан эвакуация қилинган 150 нафарга яқин оилага ўз хонадонларидан бошпана ажратган.Шунингдек, партиянинг Сирдарё вилоят кенгаши томонидан “Фаол ёшлар” гуруҳи тузилиб, зарар кўрган оилаларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Партиянинг телеграм тармоғидаги "Фикрлар чорлови" лойиҳасида Сирдарёдаги жабр кўрганлар билан ўзаро жонли мулоқот амалга оширилди. Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаш депутатлари ва ходимлари ҳамда Республикадаги таниқли санъаткор ва зиёлилар иштирок этди.

Мулоқотда иштирок этган барча партия аъзолари “Зиёрат карвони” акцияси орқали Сирдарёдаги жабрланган аҳолига кунлик ёрдам юборишга келишиб олишди. Ҳозирда партия марказий кенгашида тузилган Ишчи гуруҳ ушбу акцияси доирасида келиб тушаётган хайр-эҳсонларни марказлашган ҳолда умумлаштириб, навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатишга тайёргарлик кўрмоқда.

ЎзМТДП Марказий кенгаши ахборот хизмати

Top