20:52 / 13.05.2020
11502

“Қанчалик ҳимоялансак ҳам, қўрқув бор”. Қозонда қолиб кетган талабалар Ўзбекистонга қайтиш учун кўмак сўрамоқда

Татаристон Республикасининг Қозон Миллий технологик тадқиқотлар университети магистрантлари бўлган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар пандемия туфайли ўқишлар онлайн режимга ўтказилгани, имтиҳонлар якунланган бўлса-да, авиақатновлар тикланмаётгани учун ватанга қайта олишмаётганини айтишмоқда.

Раҳмиддин Собиржонов:

– Биз Россиянинг Қозон шаҳридаги Қозон Миллий технологик тадқиқотлар университети магистрантимиз. Тошкент кимё-технология университетини битириб, у ердан шартнома асосида бу ерга магистратура йўналишини давом эттириш мақсадида юборилганмиз. Мурожаат қилаётганларнинг барчаси шу йўналиш – институтлараро шартнома асосида келган.  

Татаристонда коронавирус билан касалланганлар сони 1700 нафардан ошган бўлса, Қозон шаҳрининг ўзида бугунги кунда 770 нафарни ташкил этмоқда. Бу рақам янада ўсиши эҳтимоли жуда катта, чунки кўчада одамлар карантин ва ўз-ўзини изоляциялаш қоидаларига амал қилаётгани йўқ. Шунингдек, эртадан бошлаб карантин қоидалари юмшатилиши тўғрисида қарор чиқди, истаган одам кўчага чиқиши мумкин. Бу эса пандемия жуда авж олиб бораётган пайтда касалликнинг янада тарқалишига сабаб бўлиши турган гап.

Биз ётоқхоналар бўйича тақсимланганмиз. Бу ердаги 3-ётоқхонада ўзбекистонлик талабалар яшайди. Ўша ерда ҳам бошқа миллат фуқаросида коронавирус аниқлангани учун айни пайтда ётоқхона бутунлай ёпилган.

Биз яшаётган талабалар ётоқхонасида ҳам жуда кўп миллатлар яшайди. Уларнинг ҳаммаси ҳам қоидаларга риоя қилмайди, яъни кўчага чиқиб юрган, ишлаётганлар бор. Улар билан ҳар куни алоқада бўламиз. Чунки ҳамма нарсамиз умумий.

15 мартдан бошлаб ўқишимиз онлайн шаклга ўтказилган. Онлайн ўқишни ҳам якунлаб, имтиҳонларни топшириб бўлдик. Ҳозир фақат Ўзбекистонга чартер рейслар қўйилишини кутмоқдамиз. Аҳволимиз жуда ҳам яхши эмас. Ота-оналаримиз ҳам бизга ёрдам бера олмайди, уларнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмаяпти, биздан хавотирда. Молиявий томондан оладиган бўлсак, илгари кўпчилик кечки пайт 1-2 соат бўлса ҳам ишлаб, кунини кўрарди. Ҳозир бунинг ҳам иложи қолмаган ва аҳволимиз жуда ёмонлашиб қолган.

Фарҳод Халилов:

– Ҳозирги кунга келиб имтиҳонларимиз деярли тамомланган. Фақат касбий амалиёт ва соҳа бўйича курс иши билан машғулмиз. Бизга онлайн тарзда материал жўнатишади, шу бўйича тайёрланиб, уларга онлайн тарзда жўнатамиз. Ётоқхонадаги аҳволга келадиган бўлсак, пандемиянинг бошланғич даврида Россияда ўз-ўзини изоляция қилиш режимига ўтгандан кейин ётоқхонада яшайдиган ўз фуқароларига хоҳишига кўра ётоқхонани тарк этиш тавсия этилди. Бу ҳам мажбурий эмас. Қозон шаҳридан 200-300 км узоқликда жойлашган уйларига кетиш маслаҳат берилди. Бу ерда ҳозир фақатгина Марказий Осиё минтақаси фуқаролари қолган. Бундан ташқари, Америка ва Вьетнам фуқаролари ҳам бор. Ҳозирги кунда деярли кўчага чиқмаймиз, фақатгина озиқ-овқат маҳсулотлари учун ёки энг зарур ишлар билан чиқишимиз мумкин. Ётоқхонада бошқа миллат вакилларидан ишлаётганлар ҳам бор. Улардан қанчалик ҳимоялансак ҳам, қўрқув бор. Чунки ётоқхонада бир кишида вирус бўлса, ҳаммага тарқаб кетади. Ошхона, ювиниш хоналари ва бошқа жиҳозлар барча талабалар учун битта.  

Абдулаҳад Тошхўжаев:

– Қозон шаҳрида Ўзбекистон билан солиштирганда интизом жуда ҳам паст. Одамларда на ниқоб, на қўлқоп бор.  

Менимча, Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипта ҳеч кимда йўқ айни пайтда. Бироқ чартер рейс қўйилиб қолса, чипта оламан деган ниятда ҳамма етарлича пулини сақлаб турибди.

Тоҳиржон Тешабоев:

– Биз Қозонга йилнинг бошида озгина кечроқ келгандик. Ётоқхонага киришга улгурмаганмиз. Шунинг учун ижарага квартира олишга мажбур бўлганмиз. Квартирага ҳар ой пул тўлаш керак. Карантин бошланишидан олдин ўқишдан ташқари оз бўлса ҳам ишлаб турардик. Энди бунга имконият қолмади. Уйдагилар ёрдам беришга ҳаракат қилишяпти. Ҳозирча озиқ-овқат бор. Лекин аҳвол кундан-кунга қийинлашяпти. Ўқишларимиз тугади, кейинги ҳафтада имтиҳонлар ҳам тугайди. Июнь ойининг бошида ёзги амалиёт бошланиши керак. Ёзги амалиётимиз Ўзбекистонда бўлади. Агар карантин давом этса, чартер рейслар келмаса, биз ёзги амалиётга ҳам бора олмай қоламиз.

Эмил Османов:

– Бизда ҳам ҳаммада бўлгани сингари муаммолар бор. Ҳаммамиз бир университетнинг талабаларимиз. Тошкент кимё-технологиялар университетида бакалавриатда бирга ўқиганмиз. Вазиятимиз бошқаларники сингари. Ота-онам пенсионерлар, отам 2-гуруҳ ногирони. Оилада ягона ўғилман. Дарслар онлайн шаклга ўтган. Барча имтиҳонлар кейинги ҳафтада тугайди. Ҳозир уйга қайтишнинг ҳамма вариантларини кўриб чиқяпмиз. Аёлим ҳозир ҳомиладор, бир неча ҳафтадан кейин туғиши керак. Уйга тезроқ қайтишим керак. Ҳамма авиакомпаниялар, темирйўл вокзаллари, автобусларни суриштиряпман.

Азимжон Аҳадуллаев:

– Ўқишимиз тугади. Имтиҳонларни бир ҳафта олдин топшириб бўлганмиз. 25 майдан Ўзбекистонда, ишлаб чиқариш заводида амалиётимиз бошланиши керак. Россияда бизни қабул қилишмайди. Маблағларимиз борган сари камайиб боряпти. Яқин орада пулимиз тугаб қолади.

Муҳиддин Холов:

–Мен аввалроқ бакалавриатни битирганман. Кейинроқ бўлса ҳам магистратурада ўқиш ниятим бор эди. Ўқишга кирдим. Ўқишнинг кечи бўлмайди, дегандек келиб ўқиб юрибман. Бир қизим, бир ўғлим бор. Тезроқ ватанга қайтиб, фарзандларимни бағримга босиш, ота-онам олдига қайтиш ниятим бор. Олдин бир-икки сўм ишлаб кунимизни кўрардик, ҳозир умуман иложи йўқ. Ётоқхонада яшаймиз. Бу ерда ювиниш хоналари умумий. Вирус юқтириб олиш эҳтимоли катта. Ҳеч ким коронавирусга чалингани йўқ, чалинмасин ҳам. Тезроқ чартер рейс қўйилиб, ватанга қайтсак яхши бўларди. 

Раҳмиддин Собиржонов:

– Ҳозирда Қозонда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар 3 мингдан кўпроқ. Улардан ўртача 70 фоизи кетмоқчи десак ҳам, 2000 нафардан кўпроқ бўлади. Бизнинг ётоқхонада ҳам 50га яқин талаба кетиш истагида. Консулликка мурожаат қилганимизда доим ҳам рўйхатга ёзиб қўймаяпти. Ёзиб қўйиш ҳақида сўрайдиган бўлсак, кутинглар, ўнинчидан кейин мурожаат қилинглар деб телефонни қўйиб қўйишади. Бошқаларни ёзиб қўйишяпти экан, деганимиздан кейингина ёзиб қўйяпти. Унда ҳам ёзганига аниқ ишончимиз комил эмас. Бирон янгилик бўлганидан хабаримиз йўқ. Бугун ҳам ўзим 10 мартача телефон қилиб кўрдим. Умуман боғлана олмадим. Улардан бирон маълумот ола билмаяпмиз. Бизинг ётоқхонада турадиган талаба бир муддат аввал шамоллаб қолганида поликлиникага мурожаат қилган, унга қарашмаган. Ётоқхонанинг ўзининг шифокори бор, ёмон аҳволга тушсанггина ёрдам берамиз, ҳозир дорихонадан дори ол, деб қайтариб юборишган.

– Ўқиш даври учун сизларда тиббий суғурта борми?

– Тиббий суғуртамиз бор. Йил бошида мажбурий қилинган. Ҳозирги вақтда улар фақатгина ўз фуқароларига ёрдам кўрсатишмоқда. Бизга иккинчи-учинчи даражада қараб, даволаш унча муҳим эмас, деб ҳисоблашмоқда.

Фарҳод Халилов:

– Қозон шаҳридаги консуллик раҳбари Фариддин Насриев деган киши ётоқхонамизга бир марта келдилар. Кимда қандай камчилик бор, кимга қандай ёрдам керак, деган гаплар бўлди. Бир мартагина ёрдам бердилар. Лекин боқувчисини йўқотган, отаси ёки онаси йўқ талабалар ҳам бор. Боқувчиси йўқ одамларга ижтимоий кўмак керак, улар ҳам чартер рейсни кутиб ўтиришибди.

Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги бош консули Фахриддин Насриевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, 17 май куни Тошкент – Қозон – Тошкент йўналиши бўйича махсус (чартер) рейс қўйилган.

“Татаристоннинг ўзида 3800 нафар талаба бор. Қозондаги бош консулхонага Волгабўйи федерал округи ҳам қарайди, у ерда 7000 нафардан зиёд талаба бор. Талабалар ётоқхона билан таъминланган. Биз музокаралар олиб борганимиздан кейин кўп олий таълим муассасалари пандемия даврида талабалардан ётоқхона учун пул олмайдиган бўлишди. Бундан ташқари, баъзи институтларда ётоқхонада яшовчи талабалар уч маҳал овқат билан таъминланмоқда, баъзи институтларда эса ҳар ҳафта озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилмоқда.

Шу билан бирга, Қозондаги бош консулхона ҳам қийин аҳволга тушиб қолган, ҳақиқатда ёрдамга муҳтожларга манзилли равишда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб турибди. Энди савол туғилади: жойсиз, овқатсиз, пулсиз, ишсиз, оғир аҳволда қолган фуқаролар чартер рейслар орқали биринчи навбатда кетиши керакми? Ёки яшашга ҳозирча жойи бор, озиқ-овқати бор ёхуд шароити яхшироқ фуқаролар биринчи навбатда кетиши керакми?!”, дейди Фариддин Насриев.

Бош консулнинг таъкидлашича, айни пайтда пандемия муносабати билан консулхоналар ишламаяпти, шу сабабли консулхоналарга борган фуқаролар қабул қилинмаяпти. Барча ёзишмалар, фуқароларнинг мурожаатлари электрон шаклда қабул қилинмоқда ва уларга шу шаклда жавоб қайтарилмоқда. Шунингдек, одамларни қизиқтирган саволларга телефон орқали жавоб берилмоқда.

“Бизга чартер рейс сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг рўйхатини Ташқи ишлар вазирлигига кундалик равишда юбориб турибмиз. Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ чартер рейслар қўйилган тақдирда  биринчи навбатда бемор фуқаролар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳамда кекса ёшдаги фуқаролар, шунингдек бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқаролар қўйилади.

Талабаларнинг ишсиз қолиб қийналаётганига келсак, Россия қонунчилигига кўра, аслида талабаларнинг ишлаши мумкин эмас. У бу давлатга талаба бўлиб келган, агар унинг яширинча ишлаётганини билиб қолишса, депортация қилишади. Буни Ўзбекистондан келган талабалар ҳам жуда яхши билишади. Ўқиш учун келиб ишсиз қолганликларини важ қилиб кўрсатишлари тўғри эмас. Чартер рейслар кўпайиши билан секин-аста Татаристондаги ҳамма талабалар ҳам, қолаверса, бу ерда расмий-норасмий ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам уйга жўнатилади, ҳеч ким қолиб кетмайди”, дейди Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги бош консули.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Top