Жаҳон | 00:02 / 29.05.2020
50632
10 дақиқада ўқилади

«Мен бўғилиб қолдим». Америкаликлар полиция оёғи остида ҳалок бўлган афроамерикалик учун кўчага чиқди

Миннеаполис шаҳрида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олишдаги шафқатсизлик унинг ўлимига олиб келди - полициячи қўлга олинган шахснинг бўйнини тиззаси билан босиб уни бўғиб ўлдириб қўйди. Федерал тергов бюроси полициячининг ҳатти-ҳаракати бўйича иш очган, 4 нафар полициячи ишдан бўшатилган, аммо бу минглаб намойишчилар кўчага чиқишининг олдини ололмади.

Фото: Zuma/ТАСС

Миннеаполис бир неча кундан буён исён қилмоқда
Флойднинг ўлими хабарига жавобан Миннеаполисда полиция зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши намойишлар бошланиб кетди. Улар полиция бўлими биноси олдига марш қилиб келишди. Уларнинг аксари «Мен бўғилиб қолдим» ёзувли (Флойд ўлими олдидан шу сўзларни такрорлаган) ниқоблар тақишган. Айрим намойишчилар полиция машиналарига граффитилар чизишди ва полиция бўлимига тошлар улоқтиришди. Полиция тўпланганларни тарқатиш учун рангли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Чоршанба куни намойишлар яна давом этди. Кечга бориб намойишчилар полиция бўлимини ўраб олишди ва деразаларни синдиришди. Полиция яна кўздан ёш оқизувчи газ ҳамда резина ўқлар қўллади. Бундан ташқари, шаҳарда тартибсизликлар, талончилик ва биноларга ўт қўйиш бошланиб кетди: Миннеаполис марказида бир неча йирик ёнғин рўй берди, кўплаб дўконлар тўлиқ ёниб кетди.

Миннеаполисдаги намойишлар яна бир кишининг ўлимига сабаб бўлди. Намойишларнинг иккинчи кунида ломбард эгаси дўконни тунамоқчи бўлган тажовузкор намойишчиларни ўққа тутди. Натижада бир киши жароҳатланиб, шифохонада жон берди. Полиция гумонланувчини қўлга олган.

Пандемияга қарамай Миннеаполис кўчаларига юзлаб кишилар чиқишди / GETTY IMAGES
Кўздан ёш оқизувчи газдан жабрланган намойишчига ёрдам кўрсатилмоқда
Фото: Stephen Maturen / Getty Images

Ҳукумат ҳарбийлардан ёрдам сўради
Миннеаполис ҳукумати АҚШ Миллий гвардиясидан ёрдам сўраган. Миннесота штати ҳукумати шаҳарга ёрдам сифатида қўшимча полиция гуруҳларини йўллаган, энди ҳарбийлар ҳам шаҳарга кириши кутилмоқда.

Шаҳар мэри Жейкоб Фрей аввалроқ шаҳар аҳлига мурожаат қилганди: «Илтимос, Миннеаполис, биз бу фожиа навбатдаги фожиага олиб келишига йўл қўймаслигимиз керак. (...) Биз сиздан тинчликни сақлаб бизга ёрдам беришингизни сўраймиз».

Миннеаполисда намойишчилар устига газ пуркалмоқда
Фото: Stephen Maturen / Getty Images
Намойишчилар Миннеаполисдаги полиция маҳкамаси олдидаги бино ёнишини томоша қилишмоқда
Фото: Nicholas Pfosi / Reuters

Тартибсизликлар Лос-Анжелесда акс-садо берди
27 май куни шаҳар кўчаларига Black Lives Matter («Қора танлилар ҳаёти ҳам муҳим») ҳаракатини қўллаб-қувватловчилар чиқишди. Намойиш тинч бошланди ва кун давомида тартибсизликка айланди, бир неча киши полиция машиналарига ҳужум қилиб, деразаларни синдиришди. Кейин маҳаллий аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўртасида жиддий тўқнашувлар келиб чиқди, намойишчилар шаҳар полицияси бошқармаси биноси томон юриш қилишди. Айрим жойларда АҚШ байроқлари ёқилган. Бундан ташқари, айрим гуруҳлар автомобил йўлларини тўсиб қўйишган.

Жорж Флойд қандай ҳалок бўлди?

25 май куни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари воқеа жойига сохта чек орқали тўлов қилишга уриниш ҳолати ҳақидаги чақирув бўйича етиб келишган. Гумонланувчи озиқ-овқат дўкони рўпарасидаги машинадан топилган – бу 46 ёшли қора танли қоровул Жорж Флойд эди. Уни машинадан туширишган ва қўлига кишан тақиб, полиция машинаси томон олиб келишган. Машина олдида афроамерикалик асфальтга ётқизилган, полициячилардан бири қўполлик билан тиззаси билан унинг бўйнидан босиб турган.

Миннеаполисдаги ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди / DARNELLA FRAZIER

Ҳуқуқ-тартибот органлари баёнотига кўра, у қўлга олиш вақтида қаршилик кўрсатган. Аммо бу воқеага гувоҳлар йўқ. Офицерларда боди-камералар бўлган, ёзувлар терговчилар томонидан текширув учун олинган.

Интернетда тарқалган видеода эса воқеанинг сўнгги қисми акс этган, унда оқ танли полициячи ерда ётган шахсни тиззаси орқали бўйнидан бўғиш услубини қўллаётганини кўриш мумкин.

Атрофда одамлар тўплана бошлайди ва полициячини Флойдни бўғишни тўхтатиб, унинг юрак уришини текшириб кўришга чақиришади.

Видеода кўриш мумкинки, Флойд бир неча марта «Мен бўғилиб қолдим! Бўғилиб қолдим!» дея такрорлайди ва ўзини ўлдирмасликни сўрайди. У нафас олиш учун ўрнидан кўтарилишга уринади, аммо полициячи бунга йўл қўймайди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Флойднинг бурнидан қон оқа бошлайди, йиғилганлар уни қўйиб юборишни сўрашади ва унда ҳаёт аломатлари тўхтаганини айтишади. Ҳибсга олинган шахсга зудлик билан ёрдам кўрсатиш кераклиги ҳақидаги чақириқларга қарамасдан, полициячи оёғини унинг бўйнидан олмайди. Бир неча дақиқадан кейин тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келишади, ҳушсиз ҳолатдаги Флойд замбилга солиниб, шифохонага олиб кетилади, аммо у ерда унинг ўлими қайд этилади.

Флойднинг дўстлари ва танишлари ишонч билан айтишича, у қонунга бўйсунувчи фуқаро ва масъулиятли инсон бўлган. «У улкан меҳрибон эди, ҳеч кимни хафа қилмасди», дейди унинг укаси. Марҳумнинг синглиси эса бошқа кўплаб намойишчилар каби полициячилар қотиллик учун қамалиши кераклигини айтмоқда.

Полициячилар ишдан бўшатилди
Флойдни босиб турган полициячи Дерек Шовин 19 йилдан буён полицияда ишлаб келган. Воқеа жойида ундан ташқари яна уч нафар полициячи бўлган. Уларнинг барчаси ишдан бўшатилди. Федерал тергов бюроси Флойднинг ўлими бўйича текширув бошлади, ҳодисада фуқаролик ҳуқуқлари бузилиши аломатлари кўриб чиқилмоқда.

Айрим маълумотларга кўра, полициячилар ҳамкасбларига гумондор «гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлгани» ҳақида айтишган. Улар Флойд қўлга олиш вақтида фаол қаршилик кўрсатгани ҳақида айтишган, аммо интернетда тарқалган видеода бу ўз исботини топмаган. Шунингдек, полиция Флойднинг соғлигида муаммолар бўлганини қайд этган.

Миннеаполис федерал полицияси маълумотига кўра, ҳодисага алоқадорларнинг барчаси тергов билан ҳамкорлик қилишмоқда. Шунингдек, собиқ полициячиларни текширув якунига қадар айблашдан тийилишга чақирилган.

Миннеаполис мэри Жейкоб Фрей полициячилар ишдан бўшатилиши қарорини қўллаб-қувватлаган ва Флойднинг оиласидан ҳамда шаҳардаги барча қора танли фуқаролардан узр сўраган

Аввалроқ у матбуот анжумани вақтида бу ҳодисани буткул шармандалик деб атаганди. У полициячиларда Флойдга бундай шафқатсизлик қилишга асос бўлмаганини таъкидлаган.

«Бу ҳар қанақасига нотўғри иш бўлган. Америкада қора танли бўлиш ўлим ҳукмини англатмаслиги керак», деган Фрей.

Полициячилар ишдан бўшаш билан қутулишмади. Федерал тергов бюроси полициячиларнинг ҳаракатлари юзасидан иш очди.

6 йил олдин ҳам шундай иш бўлганди
Бу ҳодиса бошқа бир афроамерикалик Эрик Гарнер ишини эслатиб юбормоқда. 2014 йилнинг 17 июлида Нью-Йоркда оқ танли полиция зобити Дэниел Панталео қора танли Эрик Гарнерни қўлга олиш давомида бўғувчи услубни қўллаганди. Бу ҳодиса ҳам видеога олинган. Астмадан азият чеккан 43 ёшли Гарнернинг сўнгги сўзлари «Мен нафас ололмаяпман» бўлганди. Гарнернинг қўлга олинишига у кўчада бир неча марта ўткинчиларга ноқонуний равишда сигарет сотгани сабаб бўлганди. Панталео якунда жиноий айбловдан қутулиб қолганди: у шунчаки ишдан бўшатилган. Кейинчалик у бундай қарор учун шаҳар билан судлашган.

Шундан сўнг «Мен бўғилиб қолдим» ибораси АҚШда қора танлиларга полиция томонидан зўравонлик ишлатилишига қарши намойиш қилувчи фаоллар шиорига айланган.

Бу сўнгги вақтларда полициячилар томонидан афроамерикаликларга қарши биринчи шафқатсизлик ҳолати эмас. Бироз аввалроқ Мэрилендда зобит патрул машинасидан туриб қора танли йигитни отиб ташлагани шов-шув бўлганди.

Тизза орқали бўғиш услуби - Миннеаполис полициясида рухсат берилган қийноқ усулларидан биридир. Сешанба куни полиция шефи Медария Аррадондо «тинчлантириш усуллари» қайта кўриб чиқилишини айтиб ўтди. ФТБ ҳозирча бу борада изоҳ бермади.

Миннесоталик сенатор Эми Клобушар барча томонларни синчковлик билан мустақил текширув ўтказишга чақирди.

«Мамлакатимиз ва жамоатчилигимиз номидан бу инсон ва унинг оиласига адолат намойиш этилиши керак», дейилган сенаторнинг баёнотида.

«Мен бўғилиб қолдим» ибораси 2014 йилда Эрик Гарнернинг ўлимидан кейин полиция зўравонлигига қарши курашда миллий шиорга айланганди.

У ноқонуний сигарет сотишда гумонланиб қўлга олинганида қуролсиз бўлган ва полиция уни қийноққа солаётганида 11 марта ушбу иборани такрорлаган. Бу унинг сўнгги сўзлари бўлган. Кейинчалик патологоанатлар унга нисбатан қўлланган бўғиш усули ўлимга сабаб бўлганини қайд этишган.

Гарнерни қўлга олишда иштирок этган полициячи фақат 5 йил ўтиб, 2019 йил августида ишдан бўшатилган.

Қора танли ўспирин ўлими Фергюсонда ҳам намойишларга сабаб бўлганди

2014 йил августида оқ танли полициячи Даррен Уилсон Фергюсон шаҳарчасида қора танли ўспирин Майкл Браунни отиб ўлдирганди. Ушбу ҳодиса ҳам оммавий намойишларни келтириб чиқарган, ушбу қотиллик бўйича жиноий иш очилмагани эса намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувларига сабаб бўлганди. 2015 йилда Уилсон айбсиз деб топилгач, намойишлар давом этганди. Бундан ташқари, 2016 йилда Брауннинг ўлимига икки йил тўлганида ҳам тартибсизликлар бўлиб ўтган, ҳукумат округда фавқулодда ҳолат эълон қилишга мажбур бўлганди.

Мавзуга оид