20:45 / 22.06.2020
16319

Ғиждувондаги жанжалга аралашиб қолган ички ишлар органи ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фото: KUN.UZ

Kun.uz сайтида «Ғиждувонда жанжал юз берди: воқеага алоқадорлар ва ИИБ ходимининг хатти-ҳаракати баҳоланмоқда» сарлавҳаси остидаги суриштирув эълон қилинган эди.

Мурожаатда «Садриддин Айний» МФЙ профилактика инспектори, лейтенант Р.Муҳиддинов жабрланувчилардан бири Ш.Ражабовнинг қўлидан тутиб туриб, ўша ерда бўлган уч йигитга уни тепкилашга шароит қилиб бергани, ИИБ ходими қишлоқдоши Мурод Орипов томонга ёрдам бериш мақсадида атай шу жойга келгани маълум қилинган эди.

Ғиждувон туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Ш.Шодиевнинг 20 июнда имзолаган қарорида айтилишича, «Денов» ҳудуди бўйича профилактика инспектори Р.Муҳиддинов жанжални ўз вақтида бартараф қилиш чорасини кўрмагани оқибатида фуқаро Б.Шодиев ва бошқалар томонидан Ш.Ражабов ва М.Саноев урилган ва ўртача оғир тан жароҳати етказилган.

Таъкидланишича, фуқаролар Б.Ҳалимов ва М.Орипов ўртасида келиб чиққан жанжал бартараф этилмаганлиги ва фуқароларнинг ўртача оғир тан жароҳати олишига сабаб бўлгани ҳолати бўйича, тергов ҳаракатлари олиб борилмасдан қонуний тўхтамга келиб бўлмаслиги сабабли, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатиш лозим бўлади.

Қарорга кўра, ЖКнинг мазкур моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш туман прокуратураси терговчиси С.Одиловга юкланган.

Top