14:41 / 29.06.2020
14375

Карантиндаги спорт, Пешкўдаги воқеа ва олдиндаги режалар. Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари билан суҳбат

Ўзбекистонда ҳам пандемия туфайли турли спорт турлари бўйича чемпионатлар вақтинча қолдирилиб, спорт тўхтаб қолди. Карантин пайтида спорт фаолиятини қандай тиклаш мумкин? Жорий йилда режалаштирилган халқаро спорт тадбирлари қандай ўтказилади? Мана шу масалалар юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Элбек Ҳабибуллаевич Шукуров билан интервью ташкил этилди. 

- Ассалому алайкум, Элбек ака, Ўзбекистон спортидаги ҳозирги вазият кўпчиликка қизиқ. Айни вақтда Ўзбекистонда карантин босқичма-босқич юмшатилмоқда. Бундай пайтда спорт фаолияти қандай тикланади, асосий урғу нимага қаратилади?

- Ваалайкум ассалом, Алишер! Масала жуда ҳам тўғри қўйилди. Карантин пайтида бошқа фаолият турлари билан бир қаторда, бизнинг спорт соҳамиз ҳам бирмунча тўхтатилган эди. Мана энди Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорига кўра, жойларда аста-секинлик билан фаолиятимизни бошлаяпмиз. Шу билан бирга, вазирлигимизнинг 681-сонли буйруғига биноан, фақатгина «яшил» ва «сариқ» ҳудудларидагина ўз фаолиятимизни олиб боришимиз мумкин. Мазкур қарор юзасидан «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда хусусий «Фитнесс клуб»лар фаолиятига ҳам рухсат берилди. Бу жараён ўша ҳудуд ҳокимликлари ва СЭС хизмати билан келишилган ҳолатда амалга оширилади. Вазирлигимиз билан СЭС хизмати ўртасида келишув имзоланди. Бу келишувдан 102та спорт турларига рухсат берилди ва бир қанча талаблар қўйилди. Яъни спорт муассасалари ўз мижозларига гигиена ва оралиқ масофа қоидаларини тушунтирган, ташкил қилган спорт муассасалари фаолиятини давом эттириши мумкин. Қолаверса, шундай спорт турлари борки, спортчилар ўртасида оралиқ масофа сақланади. Масалан, теннис, бадминтон каби ижтимоий масофа сақланадиган спорт турларига 70 фоиз урғу берилган ҳолда бемалол ўз фаолиятларини давом эттириши мумкин. 

- Спортчилар машғулотларни қандай олиб боришади? Яъни улар қандайдир тест топширишадими?

- Ҳар битта вазирлик таркибидаги спорт муассасаларида тиббиёт ходими фаолият олиб бориши белгиланди. Бунда спорт муассасасига келувчи спортчи ўша ердаги тиббиёт ходимининг тиббий кўригидан ўтади ва шундагина фаолиятини олиб боради. Шу билан биргаликда, киришдан бошлаб тиббий ниқобда бўлиши, тана ҳарорати доимий нормадан ошмаслиги ва гигиеник қоидаларга амал қилиши керак бўлади. 

- Мана шу қоидаларни амалга оширишда бир қанча ресурслар талаб қилинади. Яъни ҳароратни ўлчаш воситалари, дезинфекция қурилмалари харажатлари қандай манбадан қопланади? 

- Биз бу бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқишдан олдин келишиб олган эдик. Биласиз, оддий бир ҳароратни ўлчовчи қуриманинг ўртача нархи 300-400 минг сўм туради. Бундан ташқари, келаётган ҳар бир мижозни дезинфекция қилиш, антисептик воситаларни ҳарид қилиш ҳам анчагина маблағ талаб қилади. Шунинг учун ҳам вазирлигимиз ҳисобидан 450 млн сўм маблағ ажратилди ва вазирлик тасарруфида бўлган республикамизнинг барча болалар ва ўсмирлар спорт муассасаларига тарқатилди. Касаллик билан курашиш учун одамда иммунитет бўлиши керак. Иммунитетни кучайтириш учун эса барибир спорт билан шуғулланиш керак. Шундай вазиятни ҳисобга олиб, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳам бир қанча ёрдамлар берилди. Бунда дезинфекция ишларига ва кейинчалик керак бўладиган харажатларни ҳам ўз ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда қоплаб берилишини таъминлади.

Хабарингиз бор, бугун қайсидир ҳудуд «яшил» ҳудуд ҳисобланса, эртага «қизил» бўлиб қолиши эҳтимоли йўқ эмас. Бизни ҳозирда мана шу муаммо ўйлантиряпти.

- Пешкўдаги вазият бўйича ҳам гапириб ўтсангиз. Вазирлик ўрнатган тартибдан бошқачароқмиди ёки вазирлик истаган тартиб ҳам шундаймиди?

- Бу бўйича вазирлик ўз муносабатини билдирди. Бизга ҳудудлардаги муассасаларда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тўғридан тўғри маълумот етиб келмаслиги мумкин. Лекин, ОАВ орқали очиқ-ойдин билишимиз мумкин. Бу борада ОАВнинг фаолиятимизга кўп ёрдами тегади.

Шу хабарни билишимиз билан вазирлик ходими ва бошқарма бошлиғи боришди, ўрганишди. Бу ерда мажбурий меҳнат эмас, ҳашар ўтказилаётгани маълум бўлди. Мутасаддиларга эса тегишли чоралар кўрилди. Ўша ҳудудга «вилоят бошқарма бошлиғи келяпти, шунинг учун тозалаш ишлари олиб борилган» деган гап бўлмаган. Қолаверса, бизга шундай топшириқ берилганки, бориш режалаштирилган манзилга олдиндан хабар бермаймиз. Чунки, албатта, масъул ходим тепадан келаётганини билса ўз айбини яширишга ҳаракат қилади, тозалайди. Шунинг учун биз олдиндан хабар бермаймиз. У ердаги вазиятни ўрганиш, тўғрилаш учун борамиз. Айниқса, бугунги пандемия даврида тозалик биринчи ўринда туради.

Орада 2-3 ой давомида муассаса қаровсиз қолиб кетган эди. Пешкўдаги муассаса раҳбари ҳам йиғилиб қолган ишларни ҳал қилмоқчи, тезлик билан тозалаш ишларини амалга оширмоқчи бўлгандир. Telegram гуруҳидан чиққан скриншотларда ходимлардан тез етиб келиш сўралганини кўриш мумкин. Мана шундай ҳолатнинг ўзини ҳам мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши деб ҳисобладик ва раҳбарнинг уқувсизлиги учун жазо чоралари қўлланди. Бир жиҳатни эътиборга олиш керак, неча йиллардан бери таъмир қилинмаган, 30-40 йиллар олдин қурилган спорт муассаса раҳбарлари ўз ҳудудини чиннидек қилиб, йўқдан бор қилиб фаолият олиб боради.

Лекин Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турини қоралайди. У ерда бир ҳомиладор аёлнинг ҳам расми тушиб қолган экан. Унинг турмуш ўртоғи чет элда ишлайди. Бу расмни кўриб оилавий низо келиб чиққан. Мана шундай ҳолат ҳам жуда салбий кўринади. 

Интервью давомида ёз мавсумида фаолиятини қайта тиклаши мумкин бўлган спорт турлари, мусобақаларни ўтказиш жадвали ҳамда Ўзбекистонда оммавий спорт ривожига тўсиқлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилган. Суҳбатни Youtube орқали тўлиқ томоша қилиш мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Top