21:31 / 20.07.2020
10886

Сирдарё вилоятида жами 224та маҳалланинг 97тасида касаллик аниқланган — вилоят ҳокими

Сирдарё вилоятида бугунги кунда коронавирусни юқтириб олган 190 нафар фуқаро даволанмоқда, деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоятда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўтказилган брифингда.

Беморларнинг 57 нафари стационар шароитда, қолган 133 нафари уй шароитда даволанмоқда. 31 нафар беморда пневмония ҳолати аниқланган, бирорта бемор сунъий нафас олиш аппаратларига уланмаган. Ҳозирга қадар 194 нафар фуқаро тўлиқ соғломлаштирилган.

Карантин бошлангандан буён вилоят ҳудудида 385 нафар фуқарода касаллик аниқланди, шундан 140 нафари «Гулистон» чегара постидан ўтган халқаро юк ташувчилар ҳамда чет давлатлардан келган фуқаролар бўлса, қолган 245 нафари вилоят фуқароларидир.

«Албатта, ҳар бир рақам ортида инсон ҳаёти ётганини ҳаммамиз тўғри тушуниб турибмиз. Минг афсус, Гулистон туманида кўп йиллар тиббиёт тизимида самарали меҳнат қилган инсон айнан касаллик асорати сабабли вафот этди. У кишининг яқинларига таъзиямизни изҳор қилган ҳолда одамларимизни яна бир бор хушёрликка чақираман», — деган Ғ.Мирзаев.

Сўнгги 3 кун ичида 124 ҳолатда инфекция тасдиқланди. Ҳудуддаги эпидемиологик вазият мураккаб бўлиб қолмоқда: вилоятнинг 224та маҳалласидан 97тасида касаллик аниқланган.

«Ушбу рақамлар касаллик қанчалик орамизга кириб боргани, яқинларимиз соғлигига таъсир кўрсатаётганини англаш учун етарли бўлса керак», — деган вилоят ҳокими.

Бирифингда вилоят ҳокимлиги ва тегишли мутассадди ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, 3 минг кишига етадиган захира ўринлари шакллантирилгани, дори-дармон учун 3 млрд сўм маблағ ажратилгани, вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам маркази учун қўшимча 14та автомашина харид қилингани, колл-марказ ишга туширилгани, алоқаси мавжуд бўлмаган 55та қишлоқ врачлик пунткларига телефон алоқаси ўрнатилгани маълум қилинди.

Вилоят тиббиёт муассасаларида 96та ЎСШ ускунаси, 95та СПАП (ўпка вентиляцияси), 57та кардимонитор, 78та пульс ўлчаш аппарати, стационар рентген аппаратлари мавжуд.

«Ҳурматли фуқаролар! Бутун давлат органлари оёққа туришган шундай бир вазиятда Сизлардан бир илтимосимиз ва талабмиз бор: карантин қоидаларига риоя қилинг, ниқобсиз кўчага чиқманг, мулоқот давомида ижтимоий масофани сақланг.

Бирор бир муаммо ёки савол туғилса, куннинг исталган вақтида (67) 226-10-03 телефонига мурожаат қилинг. Ҳар бир мурожаат назоратга олинган.  

Карантин жорий этилгандан буён бир ҳақиқатни барчамиз англаб етдик, деб уйлайман. Ўзимизни, оиламизни, фарзандларимиз соғлиги учун аввало ўзимиз масъулмиз», — дея сўзларини ниҳоялаган Ғофуржон Мирзаев.

Top