22:17 / 21.07.2020
3695

Шайхонтоҳурда 142 та объект ва аҳоли гавжум жойларда 898 та интеллектуал видеокузатув қурилмалари ўрнатилди – АКТ вазирлиги

«Хавфсиз шаҳар» пилот лойиҳаси доирасида Шайхонтоҳур туманида жами 142 та ижтимоий соҳа объекти ва аҳоли гавжум жойларда 898 та интеллектуал видеокузатув тизими қурилмалари ўрнатилиб, ишга туширилган. Бу ҳақда АКТ вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, биринчи босқичда 2019–2020-йилларда Тошкент шаҳрида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасининг ягона технологик платформасини яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

«Тошкент шаҳридаги барча қисқа рақамли тезкор навбатчилик – 101, 102, 103, 104, 1050, 1055 хизматлари Ягона вазиятлар марказига жамланади ҳамда умумий «112» – навбатчилик хизмати доирасида фаолияти ташкил этилади. Бунинг натижасида фавқулодда вазиятлар хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизми жорий этилади. Тошкент шаҳрида «112» – Ягона диспетчерлик хизматини жорий этиш бўйича техник топшириқ ишлаб чиқилди.

Тошкент вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси бўйича 11,328 млн. еврога шартнома имзоланиб, 2020 йил 1 июль ҳолатига 4,1 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Мазкур лойиҳа доирасида Тошкент вилояти ҳамда Фарғона водийсида 19 та Nexia-3 русумли автотранспортга мобил комплекс ускуналари ўрнатилиб, ишга туширилган.

Тошкент шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» тизимини жорий этиш лойиҳаси бўйича бир нечта компанияларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишини фото-видео қайд этиш бўйича берган таклифлари ва техник ечимларидан ҳамкор компанияни танлаб олиш ишлари амалга оширилмоқда» дейилади расмий хабарда.

АКТ вазирлиги ахборот хизмати берган маълумотда келтирилишича, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган «Чорвоқ» эркин туристик зонасида «Хавфсиз туризм» лойиҳасини амалга ошириш бўйича 146 та ижтимоий объектга 500дан ортиқ видеокузатув камераси, радар ва ноқонуний автотураргоҳни аниқлаш ускуналари ҳамда асосий чорраҳаларда фото-видео қайд этиш қурилмаларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида «Чорвоқ» эркин туристик зонасида оптик толали алоқа линияларини қуриш, видеокузатув тизими қурилмаларини монтаж қилиш, йўл ҳаракти хавфсизлигини фото-видео қайд этиш тизими қурилмаларини етказиб берилади ва ўрнатилади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 29 августдаги президент қарори билан «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини2023 йилгача босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш белгиланган.

Top