Жаҳон | 23:33 / 11.08.2020
7241
2 дақиқада ўқилади

Британияликлар энг яхши «Жеймс Бонд»ни танлашди

Британия разведкаси жосуси Жеймс Бонд ҳақидаги фильмлар мухлислари турли вақтларда Бонд ролини актёрлардан қайси бири маҳоратлироқ ижро этганини аниқлашди. Бондиана мухлислари ўртасида ўтказилган овоз беришга кўра, агент 007 ролини ҳозирда 89 ёшда бўлган актёр Шон Коннери ҳаммадан кўра маҳоратлироқ ижро этган.

Фото: kinopoisk.ru

Бундай сўровномани Radio Times журнали ташкиллаштирган. Сўровномада 14 мингдан кўпроқ киши қатнашган. Овоз беришнинг 1-турида Шон Коннери Бонд ролининг айни вақтдаги ижрочиси Дэниэл Крэйгни ортда қолдирган. Финал турда эса қария Коннери бошқа рақибларини ҳам анча фарқ билан ортда қолдирган. Унга 44 фоиз мухлислар ўз овозини берган.

2-ўринни мухлисларнинг 32 фоиз овозини олган актёр Тимоти Далтон эгаллаган. Етакчи учликдан Пирс Броснан ҳам жой олган, унга 23 фоиз овоз берилган. Юқорида номлари тилга олинган актёрлардан ташқари, Бонд ролини ўз вақтида Жорж Лэзенби ва Рожер Мур ҳам ижро этган.

Шон Коннери жосус 007 ролини биринчи бўлиб гавдалантирган. Бонд ҳақидаги илк фильм – “Доктор Ноу” 1962 йилда экранларга чиққан. Кейинги 9 йил ичида актёр Бонд ҳақидаги яна 5 фильмда суратга тушган, булар: “Россиядан муҳаббат ила”, “Голдфингер”, “Шарсимон чақмоқ” операцияси”, “Фақат икки бор яшайсан” ва “Бриллиантлар ҳамиша”. Коннери 1983 йилда Бонд ролини ижро этишга қайтиб, жосус  ҳақидаги “Ҳеч қачон ҳеч қачон дема” деб номланган навбатдаги фильмда суратга тушган.

Аввалроқ коронавирус пандемияси сабабли премьераси кўчирилган Бонд ҳақидаги “Ўлишнинг мавриди эмас” деб номланган янги фильм 12 ноябрдан экранларга чиқиши маълум бўлди. Фильмда бош ролни Дэниэл Крэйг ижро этган. Жосус 007 янги фильмда ўғирлаб кетилган олимни қутқариши ва хавфли технологик қуролга эга жиноятчини енгиши керак бўлади. 

Мавзуга оид