12:36 / 27.08.2020
6174

Туркия ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Ўрта ер денгизида қўшма машғулотлар ўтказди

Туркия ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида қўшма машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда Туркия миллий мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб TRT телеканали хабар берди. 

Фото: turkishnews.com

Туркия ҳарбий-денгиз кучлари иттифоқдош давлатлар билан денгиз машғулотларини ўтказишни давом эттирмоқда. Жумладан, 26 августда Туркиянинг TCG Barbaros фрегати ва TCG Burgazada корвети АҚШнинг USS Winston S. Churchill эсминеци билан машғулотлар ўтказган.

Бу орада 26 августда шу ҳудудда Грециянинг Франция, Италия ва Кипр билан қўшма машғулотлари бошланган. 

Шу куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 1071 йилда Малазгиртда ўтган жангдаги ғалабанинг 949 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида Анқара Ўрта ер, Эгей ва Қора денгизларида ўз миллий манфаатларини ҳимоялашини айтган.

“Замонавий Туркия эндиликда ён босишларга борадиган давлат эмас. Анқара минтақада ўз миллий манфаатларини ҳимоялаш учун барча чораларни кўради ва бунга ҳар қандай ҳақ тўлашга тайёр. Туркия Ўрта ер денгизида ҳам, Эгей ва Қора денгизларида ҳам ўзига тегишлисини олади”, деб таъкидлаб ўтган Эрдўған ўз нутқида. 

У шу билан бирга Туркия рақибларига мағлубиятга учрашлари билан таҳдид қилиб, уларни Анқарага қарши нотўғри ҳаракатлар содир этишдан огоҳлантирган.

Жумладан, Эрдўған Грециянинг минтақадаги хатти-ҳаракатларини танқид қилган. “Ўзини Византия империяси вориси деб аташга ҳам муносиб бўлмаган давлат, бугун Европа иттифоқи қўллаб-қувватловида минтақада қонунга хилоф иш тутмоқда ва қароқчилик қилмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Эрдўған.  

Туркия раҳбари Анқара бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига рахна солмаётгани ва уларнинг ҳуқуқларини камситмаётганини айтган.

Охирги ҳафталарда Ўрта ер денгизининг шарқий қисмидаги вазият Анқаранинг бу ҳудудда геологик-қидирув ишларини олиб боришни фаоллаштиргани сабабли кескинлашган. Туркия Греция ўзининг иқтисодий ҳудуди деб ҳисоблайдиган акваторияда нефть-газ қидириш ишларини олиб бормоқда.

Вазият август бошидаёқ Анқара Грециянинг Кастеллоризо ороли яқинидаги халқаро сув ҳудудларига ҳарбий кемалар ҳамроҳлигида Oruc Reis тадқиқот кемасини юборгандан кейиноқ кескинлашганди. Греция ҳам ўз навбатида турк томони ҳаракатлари ортидан кузатиш учун ҳудудга ўз ҳарбий кемаларини йўналтирган.

Шунингдек, Анқара Кипр АҚШ, Франция ва Италия компанияларига газ қазиб олишга рухсат берган сув ҳудудларини ўзининг иқтисодий ҳудуди дея важ қилган ҳолда, ушбу ҳудудга ҳам ўз тадқиқот кемаларини жўнатган. 

Top