19:38 / 14.09.2020
2565

Ўзбекистон МДҲ Туризм Кенгаши ҳузурида тезкор муносабат билдириш гуруҳини тузиш ташаббуси билан чиқди

МДҲ мамлакатларининг "Ишбилармонлик ташаббуслари ҳафталиги" доирасида туризм бўйича онлайн форум бўлиб ўтди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Унда Ўзбекистон Республикаси номидан туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов иштирок этди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

 Ўзбекистон раислиги остида ўтган мазкур форумда МДҲ Ижроия қўмитаси, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Туркманистон туризм маъмуриятлари, шунингдек МДҲ мамлакатларининг 50 дан ортиқ сайёҳлик компаниялари, уюшмалар ва авиакомпаниялар вакиллари иштирок этишди.

 Форум иштирокчилари Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ҳукуматлари томонидан COVID-19 пандемиясининг туризм саноатига салбий таъсирини юмшатиш бўйича соҳа субъектларини солиқ имтиёзлари, кредит таътиллари, субсидиялар ва бошқа шакллардаги кечиктириб бўлмайдиган қўллаб-қувватлаш чоралари билан таъминланганликларига оид маълумотлар билан танишишди.

МДҲ Туризм бўйича Ижроия Қўмитаси вакили Татьяна Ковалева коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни, шунингдек, туризм фаолияти субъектлари давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини юқори баҳолади.  

Ўз навбатида, МДҲга аъзо давлатларнинг туризм департаментлари вакиллари форум иштирокчиларига ўз мамлакатларидаги пандемия ҳолати ва халқаро туристик алмашинувни қайта бошлаш режалари тўғрисида маълумот беришди.

Сайёҳлик компаниялари ишончли маълумот олишларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан МДҲ Туризм Кенгаши ҳузурида туризм идораларининг масъул раҳбарлари даражасида тезкор муносабат билдириш гуруҳини яратиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ташаббус МДҲ Ижроия Қўмитаси, туризм идоралари вакиллари ва Форум иштирокчилари томонидан маъқулланди ва қўллаб-қувватланди.

 Шунингдек, форум иштирокчилари сайёҳлик бизнесига Ҳамдўстлик маконидаги шериклар билан биргаликда ҳамкорликнинг янги, барқарор ўсиш нуқталарини топишда ёрдам бериш мақсадида МДҲга аъзо давлатларнинг туристик маъмуриятлари ўртасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва тизимли, тўғридан-тўғри мулоқотни ўтказишнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди.

Top