Ўзбекистон | 17:39 / 22.09.2020
8188
4 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат техника университетида ёшларни олий таълим муассасасига қамраб олиш давом этмоқда

Ҳаммамизга маълумки, 2020/2021 ўқув йили учун тест синовларида абитуриентлар қатнашиб, ўз билимларини намоён этишди ҳамда яхши ниятлар билан олий таълим муассасаларига ўқишга тавсия этилганлиги бўйича жавобларни кутиб туришибди. Лекин ҳужжат топширган абитуриентларнинг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга тавсия этилмаслигини барчамиз биламиз.

Бугунги кунда ёшларни олий таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини ошириш бўйича қанақа механизмлар жорий этилмоқда?

Ушбу долзарб масалаларни ечиш учун ҳозирги кунда республикамизда олий таълим муассасаларининг сонини ошириш, етакчи таълим муассасаларининг ҳудудларда филиалларини ташкил этиш, шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари билан биргаликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш ҳамда олий таълим муассасалари қошидаги техникумларни ташкил этиш бўйича жадал ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда республикамизда олий таълим муассасалари сони 120 дан ошганлиги, шу билан бир қаторда хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларининг ташкил этилаётганлиги бунга яққол мисол бўла олади.

Жумладан, ушбу масалалар юзасидан Тошкент давлат техника университетида ҳам талаба-ёшлар қамровини янада ошириш, уларга сифатли таълим бериш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида ўтган ўқув йилларида Термиз, Олмалиқ ва Қўқон шаҳарларида 3 та филиал ҳамда 2020 йилда Ангрен ва Қўқон шаҳарларда 2 та техникумлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, университетнинг хорижий олий таълим муассасалари билан, жумладан Россия Федерацияси, Белорусия Республикаси, Хитой ва Корея каби мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан биргаликда 16 та таълим йўналиши ҳамда 3 та магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари ташкил этилган бўлиб, ушбу таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари ДТМнинг кириш имтиҳонларидан сўнг ўтказилиши ва бу абитуриентларга яна бир бор ўз билим ва кучларини синаб кўришга имконият эканлиги катта аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда республикамизнинг таянч олий таълим муассасаларидаги мавжуд қўшма дастурлар доирасида эълон қилинган таълим йўналишларига абитуриентларнинг ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат техника университети тасарруфида Тошкент вилоятида жойлашган Ангрен кон-металлургия техникуми ҳамда Фарғона вилоятида жойлашган Қўқон нефть ва газ саноати техникумларида талабаларга таълим бериш йўлга қўйилганлиги бўйича қисқача тўхталиб ўтсак. Бу техникумларга 2020/2021 ўқув йилида Ангрен кон-металлургия техникумига жами 7 та касб ва мутахассисликлар бўйича 330 та, Қўқон нефть ва газ саноати техникумига жами 9 та касб ва мутахассисликлар бўйича 660 та қабул квоталари ажратилган. Ушбу техникумларда талабалар 2 йил таълим олганларидан сўнг мос таълим йўналиши бўйича олий таълим муассасасида 2-босқичдан ҳеч қандай кириш имтиҳонларисиз ўқув жараёнини давом эттиришлари мумкин. Бу эса абитуриентларга яна бир бор талаба бўлиш имкониятини оширишда хизмат қилиши мумкин. Ушбу техникумларга абитуриентлардан аризаларни қабул қилиш 2020 йилнинг 25 сентябрь кунига қадар давом эттирилади.

Шунингдек, олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун Тошкент давлат техника университетида фанлар (математика, физика, кимё, чет тили ва бошқалар) бўйича тайёрлов курси ҳамда касбга ўргатиш маркази ташкил этилиб, ёшлар учун билимларини мустаҳкамлаш ва маълум бир касб эгаси бўлиши учун кенг имкониятлар яратилган.

Юқорида таъкидланганидек, Тошкент давлат техника университетида ёшларни олий таълим муассасаларига қамраб олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бугунги кунда республикамизнинг кўплаб олий таълим муассасаларида ҳам ташкил этилганлигини инобатга олиб, абитуриентларнинг қамров даражасини янада оширишдаги ушбу имкониятлардан ёшларимиз оқилона фойдаланиши мақсадга мувофиқдир.

Тошкент давлат техника университети

Мавзуга оид