00:39 / 23.09.2020
4396

«Яндекс» «Тинькофф» банкини 5,5 миллиардга сотиб олмоқда. Банк эгаси саратонга чалинганди

Фото: Известия

«Яндекс» компанияси Кипрнинг «TCS Group Holdings» компанияси билан «Тинькофф» ва «Тинькофф суғурта» компанияларини сотиб олиш бўйича келишувга эришган. Холдинг Россияда машҳур бўлган «Тинькофф» банкининг таъсисчиси ҳисобланади.

Келишувга кўра, «Яндекс» «Тинькофф»нинг 100 фоиз акцияларини сотиб олади. Томонлар 5,5 миллиард долларга келишгани айтилмоқда.

«TCS Group Holdings»нинг Лондон биржаси сайтида қолдирган хабарига кўра, барча активлар ҳисоб-китоб қилингач, савдо-сотиқ нархи аниқ бўлади. «Яндекс»да бу савдонинг амалга оширилаётганини тасдиқлашди. Компания акционерлари 5,48 миллиард долларлик савдони тасдиқлашган.

Бу хабарлар пайдо бўлгач, «Яндекс» акциялари 4 фоизга, TSC акциялари 7 фоизга қимматлади.

Маълумот учун, «Яндекс» июнда «Сбербанк» билан ҳамкорликни тўхтатганди. Улар ҳамкорликда «Яндекс.Деньги» ва «Яндекс.Маркет»ни яратишган. «Яндекс»нинг молиявий директори Грег Абовский компания молия бозорида янги ҳамкорлар билан ишлашга тайёрлигини маълум қилганди.

52 ёшли Олег Тиньков март ойида саратон билан оғриганини маълум қилганди. Олдинроқ АҚШ ҳукумати унга 1 миллиард доллар миқдорида солиқларни яшириш бўйича айблов эълон қилган.

Top