21:47 / 01.10.2020
27511

Қумқўрғонда 6,5 млрд сўмга қурилган кўприк қулаб тушди. Аҳоли 5,5 млрд сўмлик йўл ҳам яроқсиз бўлишидан хавотирда

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Кўганли маҳалласида 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк ҳеч қанча вақт хизмат кўрсатмай қулаб тушган. Аҳоли шу маҳалладаги янги йўл қурилиши ҳам худди шундай сифатсиз бажарилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолишидан қўрқмоқда, деб ёзади Daryo.uz.

Онлайн нашрга шикоят қилган қумқўрғонликлар йўл таъмири учун ажратилган 5,5 миллиард сўм тўғри сарфланмаяпти, деган фикрда.

«Маҳалламиз ҳудудидан ўтувчи 19 км йўл таъмири учун 5,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 2020 йилнинг январь ойида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бироқ таъмирлаш ишлари лойиҳада кўрсатилгандек амалга оширилмаяпти. Бу эса йўлнинг сифатсиз қурилишига сабаб бўлади», — дейди Кўганли маҳалласида яшовчи Умбар Зоиров.

Умбар Зоировнинг маълумот беришича, Сариосиёдан олиб келиниши лозим бўлган шағал, Жарқўрғондан келиши лозим бўлган қум ва нефть маҳсулотлари олиб келинмаяпти. Уларнинг ўрнига лойли қум ва сифатсиз шағалдан фойдаланилмоқда.

Мурожаатчилар маҳаллада 2017 йил охирида 6,5 миллиард сўмга қурилиб, фойдаланишга топширилган кўприк 2020 йил бошига келиб яроқсиз ҳолга келганини таъкидлаб, қурилаётган йўл ҳам шундай сифатсиз бажарилгач, ҳеч қанча вақт ўтмай яроқсиз бўлиб қолиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

«Йўл сифатсиз таъмирланаётгани, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилаётган пайт йўл белгилари ўрнатилмагани сабаб биз бундан норози бўлдик ва таъмирлаш ишлари тўхтатилишини талаб қилдик, — дейди аҳоли вакиллари. — Ушбу ҳудудда 500 нафар ўқувчи ўқийдиган 43-мактаб бор. 2020 йил январда таъмирлаш ишлари бошланган пайт лойли қум тўкилгани сабаб фарзандларимиз мактабга боришда лойга ботиб қоларди. Айни кунларда эса чанг тўзондан азият чекяпмиз».

Аҳолининг қўшимча қилишича, талабга жавоб бермайдиган йўл сабаб йўлкира нархлари ҳам кескин ошган.

«Таксилар маҳалламизга кириш жойдаги катта йўлдан Деновга қадар 8 минг сўм билан олиб боришса, Элбаён орқали Шўрчи туманига олиб чиқувчи 19 км йўлга 10 минг сўм сўрашади. Сабаби – йўл бузуқ ва сифатсиз. Қолаверса, айни кунда чанг ва юриб бўлмайдиган даражага келган», — дейди Тўхтамиш Ибрагимов.

Қумқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси масъул ходими Ҳусан Раҳимовнинг маълумот беришича, йўл таъмири ҳақиқатан ҳам 2020 йил январь ойида бошланган бўлиб, барча меъёрий талаблар асосида бажарилмоқда.

«Аҳолида норозилик кузатилаётгани бор гап. Шу боис ҳам аҳоли йўлнинг таъмирланишига тўсқинлик қилмоқда. Бироқ биз «Термизавтойўл» МЧЖ томонидан белгиланган меъёрий талаблар асосида иш бажаряпмиз. Лекин буни одамларга тушунтиролмаяпмиз. Одамлар тушунишни истамаяпти», — дейди Ҳусан Раҳимов.

Аҳолининг қўшимча қилишича, мазкур маҳалла туман ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги учинчи сектор ҳудуди бўлиб, аҳоли сектор раҳбарини танимайди. Унинг фаолиятидан бехабар.

Туман ИИБ бошлиғи, учинчи сектор раҳбарини танийдиган Тўхтамиш Ибрагимов эса қулаб тушган кўприк масаласига эътибор қаратган ИИБ бошлиғи муаммони ўрганиб, тез орада ҳал этишини маълум қилганини, бироқ муаммо ҳалигача ечим топмаганини билдирмоқда.

«Мана шу кўприк 1 йил 7 ой деганда шундай авария ҳолатига келиб қолди. Ҳолбуки, бу кўприкка 6,5 миллиард сўм сарфланганди. Иш сифатсиз бажарилгани учун кўприкнинг «умри қисқа» бўлди. Биз йўлимиз ҳам шундай сифатсиз таъмирланиб, ҳеч қанча вақт ўтмасдан яроқсиз ҳолга келишидан қўрқяпмиз», — дейди Одина бобо Абдураҳимов.

Қумқўрғондан репортаж эълон қилингач, қурилганидан кўп ўтмай қулаб тушган кўприк масаласида Сурхондарё вилояти прокуратураси ўз расмий муносабатини билдирди.

«Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 76-километрида жойлашган, «Полвонтош» селгаси устидан ўтган, узунлиги 66 погонометр бўлган кўприкнинг оралиқ таянч устунлари 1 метрга чўкиши ва устки плиталари қулаши натижасида кўприк яроқсиз ҳолатга келиб, ҳозирги кунда пиёдалар ва автомашиналар ҳаракати чекланган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Сурхон қурилиш назорат ўлчов» МЧЖ ва вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассислари томонидан расмийлаштирилган далолатномага кўра, ўтказилган назорат ўлчовида пудратчи корхона томонидан ҳақиқатда бажарилган ишлар «Бажарилган ишларни тасдиқловчи счёт-фактура маълумотномаси» (Форма-3)га қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланмаган.

Лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан бажарилмаган ишлар ҳажми 34 млн 491 минг 265 сўмни ташкил қилишини ва мавжуд пудратчи ва буюртмачи ўртасида имзоланган 21.04.2014 йилдаги 3/ТО-2014-сонли шартноманинг 3-қисми (пудратчининг мажбуриятлари) 4-банди пудратчи томонидан тўлиқ бажарилмагани кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика Махсус комиссиясининг 17.03.2020 йилдаги 01-14/1-234-рақамли 6-сонли йиғилиш баёнида «Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этилишини таъминлаш» мақсадида омма ўртасида коронавирус касаллиги тарқалиб кетишини олдини олиш учун карантин эълон қилиниб, шахслар билан мулоқот қилиш вақтинчалик тўхтатилгани сабабли ҳар қандай тергов ҳаракатларини ўтказишнинг имкони йўқлиги, мазкур ҳолатни ойдинлаштириш учун бошқа шахслардан ва мутахассислардан хулоса олиш имконияти мавжуд бўлмаган.

Шу сабабли, 18.06.2020 йилда Термиз транспорт прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ушбу қарор 29.09.2020 йилда Транспорт прокурори томонидан бекор қилиниб, ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади расмий муносабатда.

Top