16:51 / 04.10.2020
109778

«Бу кунда шунчалар кўп одам отилганидан, Чўлпонга келганда ўқлар тугаб қолган...» — 4 октябрь даҳшатлари ҳақида

«Атрофдаги аҳоли ўқ овозини эшитмаслиги учун мотор ёқиб қўйиб, оқшомдан тонгга қадар маҳбуслар отилган ва барчаси битта чуқурга кўмилган. Уларга на жаноза, на бир энлик кафан насиб қилганди...»

Бундан 82 йил муқаддам ўзбек миллатига қарши улкан жиноят содир этилди – 1938 йил 4 октябр куни ўз даврининг кўзга кўринган зиёлилари – жадидлар совет тузуми қатағон машинасининг қурбони бўлди. Улар ҳукмрон тузумга қаршиликда айбланиб, «халқ душмани» сифатида отувга ҳукм қилинди. Сохталаштирилган ҳужжатлар, зўрлик билан эришилган гувоҳликлар асосида. Суд ҳукмисиз.

Тарихчи Баҳром Ирзаев жадидчилик ҳаракати асослари, уларнинг таъқибга олиниши, қатағон машинасининг даҳшати ҳақида гапириб берди.

Жадидчилик мақсадлари ва пешволари

– Жадидчилик ҳаракатининг Туркистонда кенг ёйилишида қрим-татар фарзанди Исмоил Ғаспиралининг хизматлари катта. Бу ҳаракатни дастлаб Туркистонда бошлаганлар жуда саноқли – Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов, Бухорода Абдурауф Фитрат бўлса, 1918 йилга келиб бундай фикрли инсонлар мамлакатнинг барча шаҳар-қишлоқларида минглаб пайдо бўлди.

1920 йилнинг бошларида Туркистон ўлкасининг ижтимоий ҳаётида бўлган барча янгиликлар жадидлар таъсирида юзага келди. Матбуот, мактаб, маориф, театр кабилар орқали улар янги тўлқинни вужудга келтира олди. Жадидлар ўз ҳаракатларининг пойдевори бўлган мактабда дин билан бирга дунёвий илмларни ҳам ўргатишни мақсад қилиб қўйишганди. Бир қатор ёшларни ўқитиб, хайрия жамиятлари ташкил этилиб, Оренбург, Уфа, Туркия, Германия, Миср, Япониядаги таълим масканларига юборишга раҳбарлик қилишди.

Оренбургга таҳсил учун юборилган туркистонлик ёшлар

Жадидларнинг асосий мақсади ўрта аср жаҳолатидан қутулиш ва жаҳоннинг тараққиёт намуналарини Туркистонда жорий этиш бўлган.

Мутахассислар Туркистон истиқболи учун курашган шахсларни уч гуруҳга бўлишади.

Биринчи гуруҳга чор маъмурларига қарши қуролли ҳаракат олиб борганлар, шўроларга қарши миллий озодлик ҳаракатлари раҳбарлари киради.

Иккинчи гуруҳга муроса йўлини тутганлар киради. Исмоил Ғаспирали, Маҳмудхўжа Беҳбудийлар вазиятда ўз шартларини қўйиш эвазига Туркистон учун маълум бир эркинликларни талаб қилишди.

Учинчи гуруҳ ҳамкорлик йўлини танлаганди. Бу гуруҳ кўп танқид қилинади, уларни болшевикларга сотилди деб ҳисоблашади. Мунавварқори Абдурашидхонов, Ҳамза, Абдулла Авлоний кабилар кирган бу гуруҳ Туркистон тўлиқ болшевиклар таъсири остида қолгани, қурол ва кучга эга бўлмаган халқни курашга чақириши муқаррар ҳалокатлигини тушунган ҳолда улар билан ҳамкорлик қилиш йўлини танлашган.

Қатағон машинаси

– Советлар жадид ҳаракатларини буткул йўқотиб юборишга ҳаракат қилади. Бунга дастлабки уринишлар 1923 йилда бошланди. Дастлаб советлар ва жадидлар ҳамкорлиги асосида Бухоро жумҳурияти тузилди, аммо кейинроқ шўролар бошқа давлатнинг ички ишларига аралашиш орқали бухоролик зиёлилар – Фитрат, Отахўжаев кабиларни бадарға қилишди.

1926 йилда Абдулла Қодирийнинг қамоққа олиниб таҳқирланиши ҳам қатағон ҳаракатининг давоми эди. Шу йилда яна республика Олий судининг собиқ раиси Саъдулла Қосимов билан боғлиқ «қосимовчилик» иши уюштирилди. Саъдулла Қосимов шахси ҳанузгача оқлангани йўқ.

1929 йил ёзида «НарКомПрос иши» уюштирилди. Бунда гўёки Саъдулла Қосимовга қарши кўрсатма бериши керак бўлган Обид Саидовни ўлдиришга маориф комиссари Боту Ҳосил Восил ва Алавийга буйруқ берган, деган гап чиқарилди. Аслида уни советларнинг ўзлари ўлдириб, шу иш орқасидан маориф тизимидаги йирик дарғалар – Маннон Рамз, Боту кабиларни қатағонга дучор қилишди. Боту кўчада қамоққа олиниб Бутирка қамоқхонасида йиллаб сақланади. Тўхтовсиз қийноқлар уни ақлдан озадиган даражага олиб келади. Жисмоний куч ишлатиш натижасида соғлигини йўқотиб, фақатгина қуруқ нон ейдиган бўлиб қолади. Унинг уйига ёзган хатларида озгина нон учун пул сўраб илтимос қилганларини ўқиш мумкин.

Маориф комиссари Боту

Худди шу иш ортида қамоққа олинган Ҳосил Восилнинг Москвага ёзган аризаси сақланиб қолган. «Бу қандай ноинсонийликки, турмада ётган инсонларга ҳатто нон бермасалар. Бизга берилаётган сасиган, эскирган нонлар ахлатхонадан териб олиб келинган. 6 ойдан бери сўроққа чақирилмадим. Айбимни айтинглар ёки мени ҳозироқ отиб ташланглар. Розиман, розиман, розиман», деб ёзади у хатида.

Бутирка қамоқхонасида камералар тўлиб кетгани боис йўлакларда темир ўрнатилиб, қафаслар тайёрланган. Таниқли муаллим Собир Қодирий ҳам шундай қафасда сақланар, қафаснинг кичиклигидан доимий эгилиб туришга мажбур бўларди. Қодирий ёзда қамоққа олингани учун кийимлари юпун, пойабзали титилиб кетган эди. Тизза бўйи қорда ҳам шу ҳолида уни терговга судрашарди.

1929 йилнинг 5 ноябрь куни орасида Мунавварқори Абдрашидхонов бўлган 18 киши бир кунда қамоққа олинди. Бу ҳаракат тарихда «Миллий иттиҳод иши» номи билан кирди. Бунда жами 84 нафар Туркистоннинг энг кўзга кўринган намояндалари маҳв этилди.

Мунавварқори Абдурашидхонов қамоқхонада

Қамоқдан чиққач, Мунавварқори Самарқандда Гўри Амир мақбарасида қоровул бўлиб ишга кириш учун келади. Кейинчалик ҳам у қўлқоп тикиб, шундан келадиган пулга зўрға тирикчилик қилади. Бу советларнинг бошқаларга дарс бўлсин, биз шундай буюк одамларни ҳам абгор аҳволга сола оламиз, деган мақсадда амалга оширган иши эди.

Советлар бир кун ҳам Туркистон зиёлиларига ишонган, улар билан ҳамкорлик қилган эмас. Буни 1919 йилдаёқ, ҳали Бухоро босиб олинмай туриб баъзи бухоролик халқ етакчиларига жиноий иш очиб қўйилганидан билиш мумкин. Шўролар улардан фақатгина восита сифатида фойдаланган эди холос.

Машъум 4 октябр

– 1938 йилнинг 28 март куни Сталин, Молотов, Кагонович, Ворошиловлар раҳбарлигида Ўзбекистондаги сиёсий элитадан 165 кишини қатағон қилиш ҳақидаги рўйхатга қўл қўйилади. Мана шу рўйхат асосида 4-7 октябр кунидаги фожиалар рўй берди.

155 киши отувга, 10 киши меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. Худойберган Девонов, Чўлпон, Фитрат, Отажон Ҳошим, Абдулла Қодирий, Анқобой, Акбар Исломов, Исроил Ортиқовлар 4 октябр куни отиб ташланди. 5 октябр куни эса аллақачон отиб ташланган инсонлар гўёки «суд қилинади».

4 октябр қирғини амалга оширилган ҳудуд – «Алвастикўприк». Тошкент, Шаҳидлар хиёбони.

4 октябр куни шунчалар кўп одам отиладики, Абдулҳамид Чўлпонга келганда ҳатто ўқлар тугайди, отувчиларнинг ўзи ҳам чарчаб қолади. Чўлпонга сени эртага отамиз деганида, у: «Бу инсонлар йўқ дунёда бир нафас ҳам яшашни истамайман, мени ҳозир отасизлар», деб туриб олгани учун унинг бошини болта билан чопиб ўлдиришади...

Кафансиз кўмилганлар

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги ҳозирги Қатағон қурбонлари хотира музейи ҳудудида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган чоғда машиналардан бири йўлида қотиб қолади. Ковланаётган чуқурга қаралса, юзлаб одамларнинг суяклари. Бу хабарни эшитган яқин-атрофдаги Оқил ота қабристони қоровули бу ерда 1938 йил қатағон қурбонлари ётганини айтади. Атрофдаги аҳоли ўқ овозини эшитмаслиги учун мотор ёқиб қўйиб, оқшомдан тонгга қадар маҳбуслар отилган ва барчаси битта чуқурга кўмилган. Уларга на жаноза, на бир энлик кафан насиб қилганди.

Қатағон қурбонлари хотирасига аталган ёдгорлик

Кейинчалик суяклар Оқил ота қабристонига ташилиб, битта умумий қабрга кўмилади.

Барча қурбонлар суяклари жамланиб кўмилган қабр. Оқил ота қабристони

«Қора қарға»

– Зиёлилар дастлаб иш жойида қўлига кишан солиб олиб кетилган. Кейинчалик эса қўлида қуроли борларнинг ўзини отишга ҳаракатлари кузатила бошланди ва тунда махфий тарзда уйдан олиб кетиладиган бўлди.

Кейинчалик қўлга олиш махфий тарзда амалга оширила бошланди. Махсус кузатувчи уйнинг чизмасини чизиб кетарди, ҳарбийлар шу чизма орқали уйга кириб келган. Тун аввалида келган ҳарбийлар тонгга қадар тинтув ўтказган. Борики қийматли нарсалар хатланиб, махсус дўконларда сотувга қўйилган.

Маҳбуслар НКВД учун махсус ишлаб чиқарилган «Черный воронок» (Қора қарға) машинасида олиб кетиларди. Бу машинага чиққанлар ҳеч қачон тирик қайтмаслигини билишган...

«Қора қарға»

Қатағондан омон қайтганлар ҳам бор. Аммо улар шундан кейин ҳам шўро мамлакатига ишонгани йўқ. Улар тириклик ва ўлим орасида яшади.

Шулардан бири Фотиҳ Сулаймоннинг қизи гапириб берган:

«Дадам қамоқдан қайтганида хурсанд бўлардик. Лекин ўзларининг хурсанд бўлганини ҳеч кўрганимиз йўқ. Тишлари жуда хунук синганди. Онамнинг айтишларича, тергов пайтида қийноқ қўлланганда атайлаб шундай синдирилган. Ҳар замонда онамга йиғлаганларини, «Мийлиқ» деб аллаким ҳақида гапирганларини эшитардик. Кейинчалик билсам, Сталиннинг ҳатто номини тилга олишга қўрққан, уни Мўйлаб деб атаган экан...»

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Top