Спорт | 17:10 / 04.10.2020
7264
10 дақиқада ўқилади

Дедлайн арафасида. Топ клублардан қандай трансферлар кутилмоқда?

5 октябрь куни Европада трансфер ойнаси ёпилади. Лигаларда бу муддат бир неча кунга фарқ қилса-да, асосий дедлайн эртага – УЕФА айнан шу кунни тавсия қилган. Сабаби, Чемпионлар Лигаси учун заявкалар 6 октябрь куни топширилиши керак. Демак, клублар асосий трансферларни шу муддатгача ҳал қилиб олишади.

Фото: Quality Sport Images/Getty Images

Хўш, ушбу трансфер дарчасида қайси клублар ўз ишларини битирдилар-у, қайси клублар эртага жуда фаол бўлишади. Бизни яна қандай катта трансферлар кутмоқда? Қуйида шу ҳақида мулоҳазалар ҳавола этилади.

«РЕАЛ»
«Реал» катта эҳтимол билан ўзини анча сокин тутади. Борха Майоралнинг «Рома»га берилиши Лука Йович Мадридда қолишини англатади. Кавани билан шартнома имзолаётган «МЮ»нинг ушбу ҳужумчига қизиқиши пасайгани эътиборга олинса, сербиялик ҳужумчига жиддий харидор йўқ ва «Реал»ни бу ташвишлантирмаяпти ҳам. Шунингдек, жамоани тарк этиши кутилган Начо Фернандес ҳам қолиши ойдинлашмоқда. Дани Карвахал жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди, демак, Зиданга ўнг қанотда ҳимоячи керак ва Начо унга асқотади.

Келиши мумкин бўлганлар ичида Уссома Ауар номини келтириш мумкин. Баъзи манбаларга қараганда, «Реал» ушбу футболчи учун «Лион»га 20 миллион евро ва Мариано Диасни таклиф қилиб кўради. Бунинг амалга ошиши қийин, демак, ушбу трансфер ойнаси «Реал» учун Бэйл ва Хамес билан хайрлашилгани ҳамда Эдегорнинг қайтиши билан эсда қолиши мумкин.

«БАРСЕЛОНА»
Пьянич ва Дест - янги номлар, Суарес, Ракитич, Артур, Видал, Семеду каби футболчилар жамоани тарк этишди. Янги мураббий келгани ва сўнгги йилдаги натижаларни эътиборга олсак, жамоа бозорда фаол бўлиши керакдек. Аммо ҳозирча, фақат Коутиньонинг янги функциялар билан етакчига айланаётгани бироз ижобий таассурот бермоқда, холос.

Куман Мемфис Депайни олиб келишга уринмоқда, аммо музокаралар учун қисқа вақт қолаётгани эътиборга олинса, бу осон бўлмайди. Зеро, «Лион» президенти энди клуб ҳеч кимни сотмаслигини айтган. Фақат яхши таклиф ва футболчининг қаттиқ истаги ушбу трансферга ёрдам бериши мумкин, холос. Амалга ошиши аниқроқ трансферлар ичида Эрик Гарсиянинг «Манчестер Сити»дан қайтиши бўлиши мумкин. Ҳар икки клуб ҳам музокаралар учун очиқ – ўртада ҳал бўлмаётган кичик сумма муаммо туғдирмаса керак.

«БАВАРИЯ»
Саненинг келиши ва Алькантаранинг кетиши ушбу клуб учун бу трансферлар дарчасидаги муҳим воқеалар бўлди. Шунингдек, Перишич ҳам ижараси тугаб, жамоани тарк этгани ҳисобга олинса, клуб сўнгги кунни бекор ўтказмайди. Биринчидан, Крамарични қўлга киритиш бўйича «Ҳоффенҳайм» билан музокаралар давом этмоқда, иккинчидан, Каллум Ҳадсон-Одои бўйича 70 миллион евролик таклиф «Челси» томонидан рад этилган бўлса-да, бу таклиф сўнггиси бўлмаслигини тахмин қилса бўлади. Крамаричга муқобил сифатида «ПСЖ» ҳужумчиси Эрик Шупо-Моттинг номзоди ҳам бор.

Шунингдек, Давид Алаба клуб билан шартномани узайтирмади, жамоа келаси йилда эркин агентга айланадиган футболчини сотиб юборишга уриниб кўришини кутиш мумкин. Зеро, марказий ҳимоячилар етарли, чап қанотда Дэвис юлдузга айланди. Алабага талабгорлар ичида «Манчестер Сити» бор.

«ПСЖ»
Парижликлар сўнгги кунларни марказий яримҳимоячи қидириб ўтказишса керак. Ўтган мавсумда айнан шу чизиқда муаммолар юзага келди ва асосий ўйинларда аслида қанот ҳимоячиси бўлган Маркиньос ўйнади. «Лион»даги Ауар бўйича қизиқиш кузатилган бўлса-да, катта эҳтимол билан келаси мавсумга қолдирилади. Реал қизиқишлар ичида Эриксен («Интер»), Алли («Тоттенҳэм») ҳамда Бакойоко («Челси») номлари тилга олинмоқда. Алли бўйича ижара таклифи лондонликлар томонидан рад этилди.

Шунингдек, захира ҳужумчи варианти ҳам ўзгаради – Шупо-Моттинг «Бавария»га ўтишга яқин турган бўлса, унинг ўрнига Мойзе Кин («Эвертон») ижарага олиниши кутиляпти.

«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»
Эртанги кунни энг тиғиз ўтказиши кутилаётган жамоа «Манчестер Юнайтед» бўлса керак. Клуб ёздаёқ кучайтирилиши мумкин бўлган позицияларни ва ҳатто номларни ҳам аниқлаштириб олган, аммо маблағ борасида музокаралар чўзилиб келаётганди.

Хуллас, эртага дастлаб Кавани билан шартнома эълон қилиниши кутилмоқда. Игалонинг январда кетиши ва мавсум бошидаги ёмон формасидан келиб чиқиб, манчестерликлар марказий ҳужумчига эҳтиёж сезишди. Аслида эркин агентларни 12 октябргача ҳам трансфер қилиш мумкин, аммо «Юнайтед» Каванини ЕЧЛга ҳам заявка қилмоқчи.

Кейинги трансфер Алекс Теллес («Порту») бўлиши мумкин, бу трансфер ҳам деярли пишитилган, фақат нарх борасида бироз келишмовчилик бор эди. Жейдон Санчо ҳақида хабарлар ҳам сақланиб турибди. Санчо ўрнига Окампос («Севилья»), Коста («Ювентус») вариантлари кўриб чиқилмоқда. Мабодо Санчо учун катта пул сарфланмаса, яъни трансфер амалга ошмаса, бўш қолган маблағ марказий ҳимоячи учун ишлатилиши мумкин.

Смоллинг, Перейра ва Далот ортидан Дэн Жеймс ҳам клубни тарк этиши кутилмоқда – унга мавсум дебютанти «Лидс» харидор. Бу ҳам Санчонинг трансферига тўғридан тўғри боғлиқдир. Сульшер аниқ истамаётган футболчилардан яна Жонс ва Ромеро ҳам бор, бу футболчилар ҳам сўнгги кунларда турли клубларга таклиф қилиниши аниқ.  

Яқин соатларда яна бир қизиқ хабар тарқалди – «Юнайтед» «Лестер»дан Мэддисонни сотиб олиш фикрига қайтган. Футболчи эса яқиндагина жамоаси билан янги шартнома имзолаганди. Агар Санчо олинмайдиган бўлса (яна шу жумла) «МЮ» Мэддисон учун рад этиб бўлмас таклифни бериши мумкин. Бунинг устига, «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда унинг таркибдан четда қолгани бу янгиликни анча жиддийлаштириб юборди.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ»
Ферран Торрес ва Рубен Диашдан бошқа кўзга кўринарли трансфер амалга оширмаган «Манчестер Сити» эртага жуда фаол бўлиши кутилмоқда. Бунга сабаб, Агуэро ва Жезуснинг жароҳатидан сўнг олдинги чизиқда самарали ижрочилар етишмай қолганидир. Бу ҳолат натижаларга ҳам таъсирини ўтказди, марказда синаб кўрилган Стерлинг эса, 3 ўйинда 1 гол урди, холос. «Манчестер Сити» захира варианти учун бирор тажрибали ҳужумчини ижарага олишга ҳаракат қилиши эҳтимоли бор.

Бунинг устига, Сане ва Сильва жамоани тарк этгач, захирадан ўйинни кучайтириши мумкин бўлган футболчиларга ҳам эҳтиёж сезилмоқда.

«АРСЕНАЛ»
«Арсенал» майдон марказига футболчи олмоқчи ва асосий номзод сифатида Уссома Ауар айтилмоқда. «Лион» билан илк музокаралар муваффақиятсиз кечган ва французлар шу билан Ауар сотилмаслигини эълон қилишди. Аммо «Арсенал» сўнгги паллада якуний таклифни бериши эҳтимоли юқори. Жамоа «Атлетико» яримҳимоячиси Томас Партига ҳам қизиқишини сақлаб турибди. Агар Ауар бўйича келишув амалга ошмай қолса, лондонликлар бу вариантга ҳам қайтиши мумкин. Шунингдек, Жоржиньони ижарага олиш ҳақида ҳам ўйлаб кўришаётганди, аммо «Челси» бразилиялик футболчини олиб қолишга қарор қилган кўринади.

Жамоа ҳимоячиси Сеад Колашинац Германияга қайтишга яқин турибди. Муқаддам «Шальке»да тўп сурган футболчига «Байер» харидор. Трансфер нархи 11 миллион евро атрофида бўлади.

«МИЛАН»
Ушбу клуб ҳам ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга уриниб кўради. «Челси»да асосий таркибга кира олмаётган Рюдигер ва «Манчестер Юнайтед» латерали Диегу Далот номлари тилга олинмоқда. Далотнинг трансфери эртагаёқ расман эълон қилиниши мумкин.

«Милан» Лука Йович («Реал») ва Бакайоко («Челси») учун ҳам даъвогар бўлиб турибди, аммо эҳтимоли жуда қийин вазифа.

«ИНТЕР»
Ўтган ёзни жуда фаол ўтказган «Интер» бу сафар бироз суст. Эртага миланликлар чап қанот латерали трансферини эълон қилиши кутилмоқда. «Парма»дан Маттео Дармиан келиши мумкин, номзодлар ичида «Челси»да бош мураббий билан низолашиб қолган Маркус Алонсо ҳам бор. Бундан ташқари, Нголо Кантени сотиб олиш учун ҳам уриниб кўрилади. Бунинг учун эса, Кристиан Эриксен сотилиши лозим. Кантега 60 миллион евролик таклиф бериш учун шунингдек, Мариу, Весино ва Брозович ҳам сотилиши керак.

Жамоани тарк этиши мумкин бўлган яна бир футболчи Милан Шкриньярдир. «Тоттенҳэм» футболчи учун 35 миллион таклиф қилган, «Интер» 50 миллион сўраган. Савдо сўнгги соатларгача давом этса керак.

Мавзуга оид