23:23 / 07.10.2020
20048

Рязандаги қурол-яроғ омборида ёнғин содир бўлди

Бугун, 7 октябрь куни Россиянинг Рязань вилоятидаги қурол-яроқ омборида ёнғин содир бўлди. Шу сабаб федераль автомобиль йўли ёпилган ва ўнлаб аҳоли пунктларидаги фуқаролар эвакуация қилинмоқда. Ёнғин Рязандаги собиқ ҳарбий полигон ҳудудида содир бўлган.

Фото: Елена Скобельцына/ТАСС

Кейинчалик Россия Ғарбий ҳарбий округи бу маълумотни тасдиқлади: «7 октябрь куни 13:20 лар атрофида (Тошкент вақти билан 15:20) Рязань вилояти Желтухина аҳоли яшаш пунктида жойлашган Ғарбий ҳарбий округнинг қурол-яроғ омбори жойлашган ҳудудида қуруқ ўтлар ёна бошлаган. Шамол билан олов артиллерия ўқ-дорилари сақланаётган ҳудудгача етиб борган. Айни дамда ҳарбий қисмнинг техник ҳудудида ўқ-дориларнинг портлаши кузатилмоқда. Ҳудуддан шахсий таркиб ва фуқаролар эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар йўқ», деб округ ахборот хизматининг маълумотини келтирган «Интерфакс».

Маълум бўлишича, маҳаллий ўт ўчирувчилар ёнғинни тезда ўчиришга ҳаракат қилишган, лекин бунинг имкони бўлмаган. 5 км яқиндаги 14 та аҳоли яшаш пунктидаги 2 минг киши эвакуация қилинган. P-22 «Каспий» автомобиль йўли ёпиб қўйилган. Бу Москвадан Тамбовга ва бошқа жанубий ҳудудларга олиб борувчи йўл. «Интерфакс»га кўра Скопинскдаги тиббиёт марказига ёнғиндан жабрланган икки кишини олиб боришган. Россия ФВВ ёнғинни ўчириш учун маҳаллий ўт ўчирувчилар билан бирга махсус ўт ўчирувчи поездни ҳам жалб қилган. Шунингдек, ФВВнинг Ил-76 самолёти ва вертолётлар ҳам ёнғинни бартараф этишда қатнашмоқда. 430 нафар қутқарувчилар воқеа жойида ишламоқда.

Ёнғин атайин уюштирилган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. Яъни, кимдир қуруқ хашакни ёқиб ўқ-дорига улоқтирган бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, портлаш вақтида уйларга снаряд парчалари сочилган, гумбурлаш зарбидан уйларнинг ойналари синган. Ёнғин бошланганининг дастлабки соатларида ҳар 5-10 сонияда портлаш эшитилган. Бу эса снарядлар портлаётганини англатади. Портлаш овози 10 киломертгача эшитилган. Атрофдаги трассадан ўтаётган ҳайдовчилар ижтимоий тармоқларда тутун билан қопланган осмон ва жуда катта ёнғин тасвирланган кадрларни жойлашди.

Расмий маълумотларга кўра 6 киши жабрланган, вафот этганлар йўқ. Омбор аҳоли яшаш пунктларидан етарлича узоқда жойлашгани ва ёнғин вақтида ўчиришга имкон етарли бўлган даражада кенг ҳудудда жойлашгани учун қурбонлар бўлмагани айтилган.

Top