15:19 / 11.10.2020
21305

Ўзбекистон мактабларида рус тилини ўқитиш сифатини ошириш бўйича Россия билан қўшма дастур бошланди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ҳамда Алишер Усмоновнинг Санъат, фан ва спорт хайрия жамғармаси ҳамкорликда Ўзбекистонда рус тили ва умумий фанларни рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган «Зўр!» («Класс») лойиҳасини бошламоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

11 октябрь куни Россия томони делегациясининг Тошкентга ташрифи чоғида қўшма лойиҳа юзасидан меморандум имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, дастур ёрдамида Россиянинг малакали ўқитувчи ва методистлари Ўзбекистоннинг ўзбек тилида дарс ўтиладиган мактабларида рус тили ўқитувчиларининг малака оширишларига ёрдам беради.

«Зўр!» лойиҳасининг илк босқичида 32 нафар рус методисти Ўзбекистонга келган. 2021 йилда яна 100 нафар россиялик мутахассис етиб келиши режалаштирилган.

«Ўзбекистонга йўналтирилган мутахассислар сони ҳар йили 100 нафарга кўпаяди. Дастурнинг барча босқичлари 30 мингга яқин ўзбекистонлик ўқитувчини қамраб олади», – дейилади ХТВ хабарида.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Меморандумни имзолаш чоғида Россиянинг Санъат, фан ва спорт жамғармаси асосчиси Алишер Усмонов маросим иштирокчиларига видео мурожаат йўллади.

«Россия ва Ўзбекистон бир-бири билан умумий тарих ва маданий мерос билан чамбарчас боғлиқдир. Мен ўзим рус тилидаги мактабни тугатганман, шунинг учун ватанимда рус тилини ўқитиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати, Россия Федерацияси Маориф вазирлигининг бундай узоқ муддатли ва стратегик ташаббусини қўллаб-қувватлаётганимдан жуда мамнунман. Ишончим комилки, бу нафақат таълимни қўллаб-қувватлаш, балки умумий анъана ва истеъдодларимизни қўллаб-қувватлашдир. Ушбу ташаббус муваффақиятли бўлади ва бутун Ўзбекистон аҳолиси томонидан яхши қабул қилинади, шунинг учун мен унга улкан муваффақиятлар тилайман», – деди Алишер Усмонов.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Аввалроқ, Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов айни масала юзасидан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида изоҳ берган эди.

«Мактаб битирувчиларимиз ўзбек тилини билиши билан бирга рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларини билиши уларни келажакда муваффақиятга эришишига ёрдам беради!

10 мингга яқин мактабларимизда минглаб рус ва инглиз тили ўқитувчилари фаолият олиб боришади, лекин жойларда улар билан суҳбатлар давомида уларнинг тилни билиш бўйича малакасини ошириш муҳимлигига кўп маротаба амин бўлганман. Суҳбатлар давомида машҳур кинофильмдаги «шестница деса ҳам бўлади, суббота деса ҳам бўлади» деган эпизод афсуски кўп маротаба эсимга тушган. Қандай қилиб ўзи чет тилини билмаган ўқитувчи ўқувчига ушбу тилни сифатли ўргатиши мумкин!

Хабарингиз бор, инглиз тилини ўргатишни яхшилаш мақсадида English Speaking Nation деб номланган лойиҳамиз орқали инглиз тили ўқитувчиларини малакаларини ошириш учун АҚШ, Буюк Британия давлатлари томонидан 50 млн доллардан ортиқ грант маблағларини жалб қилишга келишганмиз ва бу борада ишлар бошланган.

Худди шундай, энди ўзбек тилида дарс ўтиладиган мактабларда рус тилини ўқитишни яхшилаш мақсадида Россия Федерациясининг Маориф вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Унга кўра, россиялик педагоглар Ўзбекистонга келиб ҳудудий малака ошириш марказларида рус тили ўқитувчиларимизнинг малака оширишларига ҳамда ўзбек тилида дарс ўтилаётган мактабларда рус тилини ўргатишни яхшилашга ёрдам берадилар. Бу эса ушбу мактаблардаги рус тили ўқитувчиларимиз учун ҳам жуда катта фойда бўлади.

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида рус тилида дарс ўтиладиган мактабларга ота-оналар томонидан талаб жуда юқори. Кўпчилик ота-оналар уйда рус тилида сўзлашмасликлари сабабли болалари ўқишда қийналса ҳам рус тилидаги мактабга беришга ҳаракат қиладилар. Бунга асосий сабаблардан бири, мен билмасам ҳам болам жуда бўлмаса рус тилини ўрганиб чиқсин, дейди. Аслида эса бундай ўқувчилар мактабда бошқа фанларни ўзи билмайдиган тилда ўзлаштиришга қийналадилар.

Ушбу лойиҳадан мақсад – ўзбек тилидаги мактаб битирувчиси фанларни ўз она тилида яхшироқ ўргана олиши билан бирга, рус тилини ҳам биладиган бўлиб битириб чиқсин.

Мактаб ўқувчилари келажаги учун муҳим бўлган ушбу лойиҳани ижтимоий тармоқларда баъзи «ақлли»лар дарров сиёсийлаштиришга ҳаракат қилишаётганини кўриб, аниқ айтиб қўймоқчиман: ушбу лойиҳа орқасида бирон бир сиёсий мақсад йўқ. Асосий мақсадимиз – битирувчиларимиз дунё бозорида рақобатбардош бўлишига эришиш. Бунинг учун эса, албатта, жаҳонда кенг фойдаланиладиган, жумладан қўшни давлатлар билан муомала учун керак бўлган чет тилларини сифатли ўргатиш зарур.

Ушбу икки лойиҳа, яъни инглиз тили ва рус тилини ўргатиш учун давлат бюджети маблағларини тежаш мақсадида тегишли давлатлардан грант олишга ҳаракат қилдик. Бу тилларни ўргатишга мактабларда соатлар кўпайтирилмайди. Мавжуд соатлар доирасида ўтилаётган дарслар сифати оширилади.

Биринчи гуруҳ педагоглар бугун Ўзбекистонга етиб келишди ва Авлоний номидаги малака ошириш институти томонидан уларни ҳудудларга тақсимлаш бўйича ташкилий масалалар ҳал этилмоқда», – деб ёзган халқ таълими вазири 6 октябрдаги постида.

Top