20:38 / 12.10.2020
4138

XXI асрдаги аксарият ҳалокатлар экстремал иқлим сабабли юз бергани маълум қилинди

XXI асрда юз берган аксарият ҳалокатлар экстремал иқлим билан боғланган. Жорий аср бошидан бери 1,23 млн киши табиий офатлар олиб келган ҳалокатлар қурбони бўлган. Бу ҳақда БМТнинг офатлар хавфини камайтириш масалалари бўйича бошқармаси маърузасида айтилган. 

Фото: Getty Images

Маърузада таъкидланишича, 2000 йилдан 2019 йилгача 7348 та ҳалокат қайд қилинган. Улар 1,23 млн кишининг ҳаётини олиб кетган, 1,63 трлн доллар зарар етказган ва 4,2 млрд кишининг турмушига таъсир қилган.

Бу орада 1980 ва 1999 йилларда 4212 та ҳалокат табиий офатлар билан боғланган бўлган. Улар оқибатида 1,19 млн киши ҳалок бўлган, 3,25 млрд киши жабр кўрган, 1,63 трлн доллар зарар етказилган. 

ХХ асрнинг охирги 20 йиллиги ва ХХIнинг илк 20 йиллигида юз берган ҳалокатлар орасидаги фарқ иқлим билан боғлиқ офатлар кўпайгани билан тушунтирилган.

Нобоп иқлим ҳодисалари сони 3656 тадан 6681 тагача кўпайган. Бунда аксарият ҳолатларда тошқинлар ва довуллар юз берган. Табиий офатлардан энг кўп Осиё, ундан кейин эса Африка жабр кўрган.

Айниқса 2004, 2008 ва 2010 йиллар вайронкор келган. Бу йиллардан ҳар бирида 200 мингдан кўпроқ одам ҳалокатлар қурбонига айланган. ХХI асрнинг илк 20 йиллигида юз берган энг қирғинбарот табиий офат 2004 йилда Ҳинд океанида юз берган цунами бўлган. Унинг оқибатида 226 минг 400 киши ҳаётдан кўз юмган.   

Маълумот учун, 13 октябрь БМТ томонидан Табиий офатлар хавфини камайтириш халқаро куни деб эълон қилинган.

Top