Жаҳон | 14:46 / 21.10.2020
25271
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон бош прокурори муддатидан аввал лавозимидан озод қилинди

 Ўткурбек Жамшитов "муддатидан аввал" ва "ўз хоҳишига кўра" лавозимидан озод қилинган.

Фото: Akipress

Қирғизистон парламенти мамлакат бош прокурори Ўткурбек Жамшитовни лавозимидан муддатидан аввал озод қилиниши учун овоз берди.

 Эълон қилинишича, Жамшитов "муддатидан аввал" ва "ўз хоҳишига кўра" лавозимидан озод қилинган.

 Қирғизистонда 4 октябрда ўтказилган парламент сайловларидан сўнг сайлов натижаларидан норози партиялар вакиллари Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирди. Бунинг ортидан бош вазир Кубатбек Боронов ва парламент спикери Дастанбек Жумабеков истеъфога чиқди.

 14 октябрь куни Қирғизистон парламенти Садир Жапаровни бош вазирликка тайинлади.

 Сооронбай Жээнбеков 15 октябрь куни Қирғизистон президентлигидан истеъфога чиқди.

 Президентнинг истеъфосидан кейин, Конституцияга кўра, давлат раҳбарининг барча мажбуриятлари парламент спикери Канат Исаевга ўтиши керак эди. У бу ваколатдан воз кечгач, президентлик ваколатлари Садир Жапаровга ўтди.

 Республика марказий сайлов комиссияси 21 октябрь куни сайлов натижаларини бекор қилди ва 20 декабрда такрорий сайловлар ўтказилишини маълум қилди.

Мавзуга оид