20:32 / 02.11.2020
29941

Ибн Сино бюстига «форс файласуфи» деб ёзилиши қанчалик тўғри? — тарихчи билан суҳбат

Икки йил аввал Испания пойтахтида, Мадрид автоном университети талабалар шаҳарчаси олдида Эрон элчихонаси совғаси сифатида Абу Али ибн Сино бюсти ўрнатилган эди. Бюстдаги тошлавҳага форс шифокори ва файласуфи, дея битилган эди.

Мадрид автоном университети талабалар шаҳарчасидаги Абу Али ибн Сино ҳайкали / Фото: Kun.uz

Бундай ҳолатларни кўп учратиш мумкин. Жаҳон бўйлаб Шарқнинг турли алломаларига ҳайкаллар, ёдгорликлар ўрнатилган ва ҳар бирида турли битиклар бор – алломаларга даъво қилувчилар ҳам етарли.

БМТнинг тўртта асосий офисидан бири – Австрия пойтахти Венадаги қароргоҳи олдида ўрнатилган тўрт аллома мажмуасини олайлик. Унда Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Абу Райҳон Беруний ва Закариё ар-Розий ҳайкаллари айвончада ўтирган ҳолатда барпо этилган. Эрон ҳукумати БМТга тақдим этган монумент лавҳасида тўрт аллома Эрон мутафаккирлари экани ёзилган.

БМТнинг Венадаги қароргоҳи / Фото: Wikipedia
Фото: Wikipedia

Тарихдан чуқур билими бўлмаган истаган кишида савол туғилиши табиий: нега эронликлар бизнинг боболаримизни «ўзиники қилиб оляпти»? Умар Хайём ва Закариё ар Розийни форс алломалари деб биламиз, лекин Беруний ва ибн Синони бизга болалигимизданоқ бизнинг боболаримиз, деб ўргатишган-ку. Мана шу жойда эътибор қаратиш лозимки, «бизники» – кенгроқ тушунча.

Беруний, ибн Сино, Форобий, Нақшбандий, Яссавий, Кубро, Лутфий, Жомий, Навоий, Бобур, Фузулий каби, биз «бизники» деб ҳисоблайдиган алломалар аслида «кимники»? Ва саволни бундай қўйишнинг ўзи қанчалик тўғри?

Биз шу мавзуда тарихчи олима, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти илмий ходимаси Нигора Қориева билан суҳбатлашдик.

– Биз аждодларимизни бировдан қизғанишимиз табиий. Шундай таассурот борки, бу кетишда ҳатто Aлишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам эртага «бизники» бўлмай қолиши мумкиндек... Ибн Синони Эрон ўзиники дейиши қанчалик тўғри?

– Ибн Сино 980 йил Бухорода, Aфшона қишлоғида дунёга келган. Кўпчиликка маълум, Бухоро аҳолиси форсийзабон ва тожикзабон ҳисобланади. Кўпчилик эронийлар Бухорога Aмир Темур даврида келиб қолган дейди. Aслида уларнинг бу ерга келиб ўрнашиш тарихи бундан ҳам узоқроққа, Кир, Доро даврига бориб тақалади.

Бу миграцион жараён тўхтаб қолмаган: Эрон савдогарлари Буюк ипак йўли орқали Бухоро, Самарқандга келиб, бу ердан бошқа минтақаларга ҳам ёйилган. Марказий Осиё тарихида эронийларнинг аҳамияти катта. Бевосита бизнинг тарихимиз истасак-истамасак эронийлар, аҳамонийлар тарихига бориб тақалади.

Шунинг учун аждодларимизни фақат бизники деб аташ ҳам худбинлик бўлиб қолиши мумкин. Чунки Марказий Осиёда фақатгина ўзбеклар яшамаган. Ўзбек атамаси анча янги бўлиб, Шайбонийлар даврида пайдо бўлган. Баъзи тарихчилар уни мўғулларга тақайди, лекин мен кўпроқ Шайбонийлар сулоласи билан боғлиқ деб ҳисоблайман.

Ибн Синога келсак, у нафақат бизнинг мутафаккиримиз, балки башарият даҳоси саналади. Беруний, Нақшбандий, Нажмиддин Кубро, Aҳмад Яссавийлар ҳам худди шундай дейиш мумкин.

Нигора Қориева

Аммо айнан Эроннинг нафақат Марказий Осиёда яшаб ўтган алломалар, балки бошқа туркий ва арабий мутафаккирларнинг ҳам бюстини ўрнатиб, унга «форс алломаси» дея ёзув битиши меники деб даъво қилишдек кўринади...

– Эрон сўзи орийлар сўзидан келиб чиқан бўлиб, орийлар мамлакати деган маънони билдиради. Орийлар жуда ҳам қадимги халқ ҳисобланади. Уларнинг келиб чиқиш тарихи ҳали ҳам охиригача ўрганилмаган. Уларни ҳатто немислар, славянларга ҳам боғлаб кўришди. Лекин шуниси аниқки, орийлар Марказий Осиёда ҳам истиқомат қилишган. Улар бу ерга аҳамонийлар ва дорийлар давридан ҳам олдин келиб ўрнашишган. Чунки биз бир неча савдо йўллари чорраҳасида жойлашганмиз. Шунинг учун биз хоҳласак-хоҳламасак, Эрон билан чамбарчас боғлиқмиз.

VII асрда араб истилоси бўлгандан кейин, маҳаллий эроний ва туркий халқлар исломни қабул қилган ва дин барча миллатларни бирлаштирган.

У ҳолда, Марказий Осиё савдо йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашгани сабабли бу ердаги халқларни Хитой, Эрон, араблар, мўғуллар, олтой, славянлар каби бир неча миллатлар ва халқларнинг мужассамоти дейиш мумкинми?

– Йўқ, мужассамоти деёлмаймиз, чунки ҳар биримизнинг оригиналлигимиз бор. Ҳар бир халқнинг ўзаро чатишуви, келиб чиқиши бор, лекин тил бир хил. Биз туркийларга тааллуқли ҳисобланамиз, лекин шу билан бирга эронийларнинг таъсирини ҳам таг-томири билан чиқариб ташлолмаймиз. Худди озарбойжонлар каби.

Эроннинг бир катта хатоси – исломгача бўлган тарихидан воз кечганлиги. Эроний шоҳлар даврида орийларга тааллуқли, Доро ва аҳамонийларнинг рамзлари акс этган пуллар ҳам чиққан. Бироқ улар 1970-йилларда ислом инқилобидан кейин, кофирларни ҳайдаймиз деб Европадан келган ҳатто элчи ва уларнинг оилаларини ҳам ҳайдаб, ҳатто айрим ҳолатларда қатл этишган. Инқилоб натижасида улар исломгача бўлган тарихини ўчириб юборган. Халқ ўз тарихидан кечиши ўзини унутишини англатади.

Ибн Сино ҳайкали, БМТнинг Венадаги қароргоҳи / Фото: Wikipedia

– Мутафаккирлар туғилган, яшаган, вафот этган жойи ёки асосан ижод қилган тилидан келиб чиқиб, қайсидир халқ уларни ўзимники дейиши қанчалик тўғри?

– Ўзимники эмас, барчамизники. Қомусий арбоб бўлгандан кейин у барчаники бўлади, улар тарихни ўзгартирган.

Дадам бир тарихий мисол айтгандилар. Ҳар бир асрда биттадан буюк арбоб келадики, жаҳон тарихини ўзгартиради. Лекин ўша даврнинг ренессанс дейилишга сабаб – бир неча арбоб дунёга келганида бўлган. Дунё тарихи сезиларли ўзгаришга учраган, яъни ҳам дунёвий, ҳам диний билим, маданият, илм-фан гуллаб-яшнаган.

Бир халқнинг илм-фандаги ютуғи кўплаб янги кашфиётларга сабаб бўлади. Географик кашфиётлар ҳам бундан мустасно эмас: янги қитъалар очилиши фақат европаликларнинг ютуғи эмас, ахир улар бунда Фаробийнинг кашфиётлари, Фарғонийнинг астролябия яратиш устидаги изланишларидан ҳам фойдаланишган.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Top